Ўзбекистон Маданий бойликларни асраш ва тиклаш халқаро тадқиқот маркази (ИККРОМ)нинг 138-аъзо давлати бўлди. Бу ҳақда ташкилотнинг «Газета.uz»га келиб тушган пресс-релизида айтилади.

«Ўзбекистонда ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган бир қанча объектлар, жумладан, темурийлар даврининг ажойиб обидалари билан машҳур бўлган Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари, Хива ички қисмидаги Ичан-қалъанинг ноёб шаҳар мажмуалари ва тарихий Самарқанд шаҳри жойлашган. Трансмиллий жаҳон мероси объектлари бўлган Зарафшон-Қорақум Ипак йўли йўлаги ва Турон мўътадил чўллари Ўзбекистоннинг қадимий савдо йўлларидаги стратегик ролидан далолат беради ҳамда Марказий Осиё табиий ландшафтининг хилма-хиллиги ва мустаҳкамлигини намойиш этади. Ўзбекистоннинг анъанавий билимлари, ҳунармандчилиги ва турмуш тарзи билан ифодаланган номоддий мероси ҳам унинг бебаҳо тарихий ҳиссасини кўрсатади», — дейилади марказ хабарида.

«Ўзбекистоннинг минг йилликларни қамраб олган моддий ва номоддий бой ҳамда ранг-баранг мероси мамлакатнинг халқаро миқёсда эътироф этилган тарихий ва маданий аҳамиятидан далолатдир. ИККРОМга қўшилиш Ўзбекистонга бой билим ва тажрибани олиб кириш имконини беради, бу, шубҳасиз, маданий меросни асраб-авайлашни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммамизга юкланган вазифани бажариш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларимизни бойитади», — деди ИККРОМ бош директори Аруна Франческа Мария Гужрал.

ИККРОМ — маданий меросни асрашга бағишланган ҳукуматлараро ташкилот. ИККРОМ фаолияти меросни асраш усуллари сифатини оширишга, шунингдек, маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлиги ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган. ИККРОМ бешта асосий йўналишда ишлайди: ўқитиш, ахборот, тадқиқот, ҳамкорлик ва тарғибот.