Япон актёри ва бошловчиси Кейсуке Минами Ўзбекистоннинг Япониядаги туризм элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар қилди.

Кейсуке Минами 1985 йилда Токио шаҳрида туғилган. Япониянинг машҳур Васеда университети битирувчиси. Бир қанча япон кино ва сериалларида бош ролларни ижро этган. Япониянинг энг машҳур сайёҳлик кўрсатуви — «Асада! Намадесу таби сарада»нинг асосий бошловчиларидан бири сифатида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, у «Жаҳон тарихий мероси» мастер сертификатига эга бўлиб, «Жаҳон мероси академияси» (World Heritage Academy) лектори сифатида ишлайди.

Қўмитанинг қайд этишича, япон актёри аввалроқ Ўзбекистонда бўлган ва ташриф якунлари бўйича Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган 5 қисмли кўрсатув тайёрлаган.

Кейсуке Минами Японияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва унинг туризм брендини кенг тарғиб қилиш, сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, етакчи ОАВда мамлакат салоҳияти ҳақида кўрсатувлар тайёрлаш ва мақолаларни чоп этишга кўмаклашади.