Тошкент вилоятининг Паркент туманида қадимги даврга оид қабр қолдиқлари топилди, дея хабар бермоқда Мадания мерос агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, у июнь ойида Кумушкон маҳалласидаги фермер хўжалигига олиб борувчи йўлнинг қурилиши жараёнида топилган. Бирламчи ўрганишлар натижасида ушбу ҳудуддан суяк бўлаклари ҳамда кучли занглаган темир қилич ҳам чиққан.

Қазишмалар давомида йўл устида ер суриш ишлари олиб борилаётган вақтида ҳосил бўлган ўра аслида ерости дафн хонаси (катакомба) экани аниқланган. Мутахассислар томонидан бу ердан дафн буюмлари, темир қилич, бронза узук, сопол идиш ҳамда булла (муҳр) топилган.

Қурилишнинг умумий тури ва дафн маросимининг кўплигидан келиб чиққан ҳолда мутахассисларнинг тахминларича, ушбу қабр эрамизнинг I минг йиллигига тўғри келмоқда. Археолог олимларнинг сўзларига кўра, бундай қабрлар ўша даврдаги кўчманчи чорвадор аҳолига тааллуқли бўлган бўлиши мумкин.

Ноёб топилмаларни ўрганиш мақсадида экспонатлар Й.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти лабораториясига юборилган. Ҳозирги вақтда агентликнинг молиявий кўмагида ҳудудда институт ходимлари томонидан археологик қазишма ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигидан VII-VIII асрларга оид ибодатхона ўрни ва деворий суратлар топилганди.