Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Темур Малик кўчасидаги (Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг бир қисми) янги йўл ўтказгични бориб кўрар экан, ТҲАЙ бўйлаб бошқа гавжум чорраҳаларда ҳам худди шундай йўл ўтказгичлар қуриш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

«Ҳурматли президентимиз ушбу иншоотлари билан танишувлари давомида бизга қисқа вақтда ТҲАЙни ва шаҳардаги энг катта тирбанд чорраҳаларни тўлиқ ўрганиб чиқиб, ўша чорраҳаларда мана шу каби металл конструкцияли йўл ўтказгичларни қуриш бўйича топшириқ берди», — деди у.

«Албатта, биз — мутахассислар Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда чорраҳаларни қисқа муддатда хатловдан ўтказиб, тажрибамизни янада оширган ва янги лойиҳаларни қўллаган ҳолда ҳамшаҳарларимизга янги-янги иншоотларни қуриб, фойдаланишга топширамиз», — дея қўшимча қилди Жамшид Турсунов.

Янги йўл ўтказгич.Янги йўл ўтказгич.

«Газета.uz» ёзганидек, реконструкция жараёнида йўл ўтказгич остидаги Темур Малик кўчаси тўрттадан олти тасмалига кенгайтирилди. Шу сабабли бир қатор уйлар бузилди. Бундан ташқари, Буюк ипак йўли кўчасидан чиқиш йўллари қўшилди ва йўл ўтказгичнинг ўзида ҳам, чиқиш чорраҳаларида ҳам бурилишлар ташкил этилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда биринчи марта йиғма темир конструкцияли йўл ўтказгич қурилган. Жамшид Турсуновнинг сўзларига кўра, бундай йўл ўтказгичнинг анъанавий бетон ва монолитга нисбатан афзаллиги шундаки, у 2,5−3 баравар енгил, 30 фоизга арзон, фойдаланиш харажатлари 4−5 баравар кам ҳамда хизмат муддати 100−120 йилни ташкил этади.

«Ҳурматли президентимиз томонидан Тошкент шаҳрида тирбандликларни камайтириш светофорлардан, тирбанд чорраҳалардан воз кечган ҳолда замонавий транспорт ечимларини қуриш бўйича топшириқ олгандик. Мана, бугун ҳурматли президентимизга биринчи марта металл конструкцияли йўл ўтказгич қурилишини тақдим этдик», — деди у.

«Илгари 25 мингта автотранспорт воситаси бир кунда ҳаракат қиларди, янги иншоотни қурганимиздан сўнг ҳозирги кунда 50 мингдан ортиқ траснорт воситаси тўсиқсиз ҳаракатлана олиш имкони пайдо бўлди», — деди қўмита раҳбари.