28 август куни мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова пойтахтдаги 298-сонли умумий ўрта таълим мактабида матбуот анжумани ўтказди. Унда вазирлик амалга оширган ишлар ва тизимдаги муҳим ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Тадбирда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ўзбекистонда қўшимча мактаб ўрни яратилиши приоритетда экани, бу йил 180 мингдан зиёд ўқувчи ўрни учун мактаб қуриб битказилиши режа қилингани ҳақида гапирди.

«Ўқувчи ўрнига катта эҳтиёжимиз бор. Биргина мисол, бу йил бизда 398 мингга яқин битирувчиларимиз мактабларни битиришди. Лекин бу йилга биринчи синфга эса 719 минг нафар 1-синф ўқувчиларини қабул қилишни режа қилиб турибмиз. Шундан ҳам билса бўладики, бизга яна 2 карра ўқувчи ўрнига эҳтиёжимиз [бор]. Ҳозирги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида ҳудудларимиз билан биргаликда умуман 1,5 йил бўлди, ҳар бир ҳудуд кесимида керак бўлса демографик 5 йилга қадар қанча мактабларга қўшимча бино қўшиш кераклиги, шунга ўхшаш аналитика бўйича алоҳида гуруҳ ташкил қилинган», — деди у.

Ҳилола Умарованинг сўзларига кўра, бу йил инвест дастурида ҳам 180 мингдан зиёд ўқувчи ўрни учун мактаб қуриб битказилиши режа қилинган. Ўтган йили мамлакатда 118 минг ўқувчи ўрни яратилган.

«Бу йил 180 минг ҳамда 40 минг яна қўшимча, яъни қолган бошқа маблағлар инвест дастурига қараб эмас, балки грантлар ёки ҳомийлар, бир қанча тадбиркорлар билан ҳам иш олиб боряпмиз. Ўтган йилнинг ўзида 20 дан зиёд тадбиркорлар ҳудудларда мактабларни қуриб, битказиб, ҳудуд учун ўқувчи ўрнини туҳфа қилишди. Уларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Шу билан биргаликда, ҳозирда халқаро ташкилотлар билан ҳам иш олиб боряпмиз. Яъни қўшимча мактаб ўрни яратилиши — биз учун биринчи ўринда приоритет», — деди вазир Ҳилола Умарова.

Келтирилишича, ҳозирда янги мактаблар қурилиши учун ўқувчи ўрнидан келиб чиқиб, 11 тага яқин лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу ҳамкор вазирликлар билан бирга ҳудудлар ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб тасдиқланган.

Шунингдек, вазир ўринбосари Темуржон Комилов биргина янги мактаб қурилиши учун қанча маблағ ажратилиши ва бунда нимага аҳамият берилишига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, мактабнинг қуввати, лойиҳалардан келиб чиқиб, битта муассаса қурилиши 13 млрд сўмдан 58 млрд сўмгача боради.

«Ҳозирги 2024 йил Қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи томонидан амалдаги нархларни [айтиб ўтаман]. Мисол учун, 330 ўринли мактаб 13 млрд сўмдан ортиқ суммага, 528 ўринлиги 18,5 млрд сўмга, 660 ўринли мактаб 19,5 млрд сўмга тушади. Яъни энг катта қувват 1680 ўринли бўлса, бу Сергелидаги катта қурилган мактаблар ҳисобланади, 58 млрд сўмга яқин», — деди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ҳилола Умарова ўқитувчиларнинг маоши қачон 1000 долларга етиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берганди. У ҳозирда 6000 дан ортиқ ўқитувчи (1,1 фоиз) бонуслар билан қўшганда шундай маош олишини маълум қилган. Вазир ўринбосари Темуржон Комилов барча ўқитувчилар бир вақтда 1000 доллар олишининг иложи йўқлигини айтди.

Бундан ташқари, вазирлик 2025 йил якунигача мактабларнинг ягона таълим тизими учун ўқув дастурлари ва ДТС такомиллаштирилишига ишонтирди.