Мудофаа вазири Париждаги Олимпия ўйинларининг айрим иштирокчиларини ҳарбий унвонлар билан тақдирлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, вазирликнинг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спортчиси, Олимпиада олтин медали соҳиби лейтенант Диёра Келдиёровага муддатидан олдин навбатдаги «катта лейтенант» ҳарбий унвони топширилди. Шунингдек, у «Тўмарис» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланди.

Олимпиадада таэквондо бўйича «олтин» олган спортчи, кичик сержант Улуғбек Рашитов ҳам шу марказнинг спортчиси ҳисобланади. У бошланғич офицерлик — «лейтенант» ҳарбий унвони билан тақдирланди.

Таэквондо спорти бўйича кумуш медаль олган, марказнинг спорт бўлими спортчиси кичик сержант Светлана Осиповага ҳам «лейтенант» ҳарбий унвони топширилди. У ҳам, шунингдек, «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бундан ташқари:

  • Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришдаги фаоллиги ҳамда хамкорлиги учун марказ ўқитувчи мураббийи, Қуролли кучлар хизматчиси Павел Хан икки хонали уй билан;
  • бокс бўйича мусобақаларда матонат ва жасорат кўрсатгани учун оддий аскар Ситора Турдибекова «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, Бокс федерацияси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, бокс бўйича аёллар бош мураббийи Элшод Расулов, Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ўқитувчиси, Қуролли кучлар хизматчиси Акмал Хасанов мудофаа вазирининг «Малакали устоз» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, мудофаа вазирининг буйруғи билан қолган ҳарбий хизматчи, Қуролли кучлар ишчилари, хизматчилари ва мураббийлари ҳам жойларда тақдирланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Олимпиада ғолиби бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматовга «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони ва муддатидан олдин подполковник ҳарбий унвони берилганди.