Навоий вилояти Конимех туманида Yurt Camp Sputnik Navoi ўтовли оромгоҳи очилди, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати.

Оромгоҳ чўл ҳудудидаги 2 гектар майдонда жойлашган бўлиб, 150 ўринга мўлжалланган 30 та ўтовга эга. У бир вақтнинг ўзида 500 нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатади. Yurt Camp Sputnik Navoi Ўзбекистондаги илк сафари туризм кластерига айланди, дейилади хабарда.

«Ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулай шароит яратиш учун сифатди асбоб-ускуналар, жиҳозлар келтирилган», — дейилади хабарда.

Навоий вилояти ўтовли оромгоҳ ҳамда сафари туризм объектлари катталиги ва сони жиҳатдан Ўзбекистонда биринчи ўринда туради. Ҳудудда бугунга қадар жами 855 ўринга эга 7 та ўтов лагерлар фаолият юритиб келмоқда.