Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев «Газета.uz»га берган интервьюсида Олимпиада таассуроти, ўзбек боксининг ривожи сабаблари ва Ҳасанбой Дўсматовнинг ғалабасини нишонлаш вақтида юрак хуружини қандай бошдан кечиргани ҳақида гапириб берди.

— Тўлқин ака, Париж Олимпиадаси бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасига жуда омадли келди. Сиз мазкур Олимпиада ўйинларидан нималарни кутган эдингиз? Уларнинг қайсилари амалга ошдию, қай бири ўхшамади ва нима учун?

— Ҳар доим нимадир ишга қўл урсам, албатта, Аллоҳга таваккал қилиб, энг катта ютуқ ва омадни кутаман. Тўғриси, бу Олимпиада ўйинларидан ҳам жуда яхши натижа кутгандим. Чунки боксчиларимизнинг кучи ва тайёргарликларимиз сабаб катта натижа қайд этишимизга қодирлигимизни билардим. Лекин бу Олимпиада ҳам бир омад, ҳар хил вазиятлар бўлади: оддий сабаб билан ютқазиш ёки ғалаба қозониш мумкин. Бизда ҳам ҳар бир ўйин вақтида «нима бўларкин?» деган фикр бўлди. Аммо болаларнинг кучи, тайёргарлиги ва имкониятларига жуда ишонардик. Чунки бу таркиб тарихда бўлмаган, эркаклар жамоасидаги 7 боланинг ҳаммаси олтин олиш имкониятига эга эди. Ҳар бир боламизнинг рақиблари ва уларнинг кучи, даражаси, нимага қодирлигини ҳам яхши билардик. Лекин 7 нафар боксчимизнинг 5 нафари олтин медални қўлга киритди. Бу ҳам жуда катта натижа, деб ўйлайман.

— Икки, уч сафардан бери эркак боксчиларимиз Олимпиада ўйинларида яхши натижа кўрсатиб келяпти. Лекин аёл боксчилар орасидан ҳалигача Олимпиада чемпиони чиққани йўқ. Бунинг сабаби нима ёки қандай омиллар халақит қиляпти?

— Ўзбекистонда аёллар боксининг ривожланиши кеч бошланди. Лекин мутахассис сифатида айтишим мумкинки, вақтга қараганда ривожланиш жараёни тез кечяпти, ўйлаганимиздан ҳам кўра тез бўляпти. Аёл боксчиларда ҳали битта авлод ўтгани йўқ. Иккинчи, учинчи авлодлар етишиб чиққанидан кейин бирор нарса дея оламиз. Бунинг учун вақт керак. Ўйлайманки, яқин йилларда аёлларимиз ҳам бокс бўйича бутун дунёни эгаллайди.

— Париж Олимпиадасида аёл боксчилар жанги анча зиддиятли, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Масалан, тайванлик боксчи Линь Ю Тиннинг олтин медаль йўлидаги жанглари шов-шувли кечди. У билан ўзбекистонлик Ситора Турдибекова ҳам жанг қилди. Сизнинг бу борадаги фикрларингиз ҳам биз учун қизиқ.

— Мен бу масалада аниқ бир нарса айта олмайман. Чунки мураббийман, махсус текшириб, таҳлил қиладиган мутахассис эмасман. Олимпиада устави бўйича [тайванлик боксчи] ҳар бир текширув жараёнларидан ўтган. Олимпия қўмитаси шуни тўғри деб билдими, демак, тўғри. Одамлар ҳар хил гапиради, у дейди, бу дейди, лекин аниғини билмаймиз.

— Ҳасанбой Дўстматовнинг Париж Олимпиадасидаги ғалабасини нишонлаётган вақтингизда юрак хуружига учраганингиз ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат ҳақида ўзингиздан аниқ ва батафсил эшитсак: ўзи нима бўлди?

— Ҳасанбойнинг финалидан кейин кийиниш хонасига келиб, яна хурсандчиликни давом эттириб, ҳаммамиз бир-биримизни табрикладик. Ўша пайт аста-секин кўзим қорая бошлади, тиззамни ушлаб, ўзимни қўлга олмоқчи бўлдим, лекин уёғи нима бўлганини билмайман. Бу 1−1,5 йилдан бери йиғилиб келаётган эди. Ҳамма жойимизни текшириб, битта юрагимни текширтирмаган эканман. Йиғилиб келиб, ўша ерда портлади. Юрак шундай аъзо экан-да: одам кучли хурсанд ҳам, қаттиқ хафа ҳам бўлмаслиги керак экан. Кийиниш хонасида кўзим қорайиб, йиқилганимни биламан. Кўзимни очсам, ҳаммаёқ хира ва устимда одамлар турибди: делегация вакиллари, шифокорлар. Кимдир бақириб йиғлаяпти, кимдир югуриб юрибди. Аллоҳ кўзимни қайта очирганига шукур дейман. Ота-онамнинг дуолари, халқимизниг дуолари билан кўзимни очдим. Ризқим бор экан-да.

Медики Робби Лиллис ва Харж Сингх.Медики Робби Лиллис ва Харж Сингх.

— Ўша вақтда сизга инглиз врачлар ёрдам берди, деган хабарлар ҳам тарқалди…

— Худди шундай. Инглиз шифокорлари бошқа спортчиларга ёрдам бергани келиб, қайтаётган пайтида мен билан боғлиқ ҳолат устидан чиқиб қолишган. Яъни Раҳматжон ака (бокс бўйича мураббий Раҳматжон Рўзиохунов назарда тутилмоқда — таҳр.) ва бизнинг шифокорлар менинг жағимни ушлаб, биринчи ёрдам кўрсатаётганида инглиз врачлар келиб, бирга қўшилиб, пульсимни ўлчашган ва икки марта ток урдириб, ўзимга келтиришди. Улардан миннатдорман.

— Баҳодир Жалолов Париждаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритгач, ҳаваскор боксдаги фаолияти якунига етганини айтди. Унинг бу қарорига муносабатингиз қандай?

— Қарор менинг бошчилигимда чиқарилди. Париж Олимпиадасидан кейин профессионал боксга ўтишни мақсад қилиб тургандик. Ҳаммаси чиройли якун топиб, кейин шу қарорга келдик.

— Сиз учта Олимпиадада қатнашдингиз ва қайсидир маънода, таққослай оласиз. Рио, Токио ва Париж Олимпиадаларини солиштирганда, қайси бири чиройлироқ ва тартиблироқ ташкил этилганди?

— Нима бўлган тақдирда ҳам, бу (Париж Олимпиадаси — таҳр.) мен учун олтин Олимпиада бўлиб қолади. Биз кўзлаган мақсадимизга етдик, тарих қилдик. Менга ташкилотчилик ва бошқаларининг нима қизиғи бор? Париждаги Олимпия ўйинларини томоша қилгани ва ўз ҳамюртини қўллаб-қувватлагани келган халқни Риода ҳам, Токиода ҳам кўрмаганман. Бокс ишқибозлари шу даражада кўп келдики, ҳатто жой қолмади.

— 2028 йилда Лос-Анжелесда бўладиган Олимпиада ўйинлари дастурига бокс киритилмаслиги ҳақида турли гап-сўзлар тарқалмоқда. Бу қанчалик тўғри?

— Дастурга киритилиш эҳтимоли катта барибир. Чунки кейинги йилгача кўп ўзгаришлар бўлади. Шу сабабли киритилади, деб ўйлайман.

— Олимпиададан сўнг ҳаммага қизиқ ва энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири — мукофот пуллари. Мураббий сифатида спортчиларга бериладиган мукофот пуллари, совғаларга қандай қарайсиз? Чунки бу масалада турли фикрлар бор: жамоатчиликнинг бир қисми маблағлар давлат бюджетидан берилмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Бошқа бир қисми эса бу спортчининг йиллар давомида чеккан машаққатлари учун тўлов, дейди. Сиз қандай фикрдасиз?

— Ватанимиз манфаати ҳамма нарсадан устун ҳисобланади, шуни тушуниш керак. 38 миллион аҳолидан 14−15 нафар спортчи Ўзбекистонни бутун дунёга танитяпти, шуни ватанпарварлик деб ҳисоблайман. Спортчи учун қанча берса ҳам оз, спортчининг ҳаёти қисқа. Масалан, спортдаги фаолиятини ўн йил давом эттирар, кейин ўзи учун яшаши керак. Шу ўн йил ичида қанча берса ҳам кам, қанча кўп берилса, шунча хурсанд бўламан. Нафақат спортда, балки бошқа соҳада ҳам ватанимизни ижобий ишлари билан танитаётганлар мен учун жуда ҳурматли инсон ҳисобланади, улар учун қанча мукофот берса, шунча оз.

— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?

— Ёшлигимдан мураббийликка қизиққанман, тренер бўлсам, у қиламан, бу қиламан, деган режалар билан юрардим. 2009 йили яқин ўртоқларимдан бири Чирчиқ олимпия захиралари коллежида иш бошлади. Унга мени ўз жамоасига ишга олишини таклиф қилдим ва шу тариқа фаолият юритишга киришдим. Қисқа вақт ичида бунчалик бўлиб кетишимни, шогирдларим яхши натижалар кўрсатишини ўзим ҳам кутмагандим, ҳозир ҳам ҳайрон қоламан. Бу кунга келгунча нималарни бошдан кечирганимни ўзим ва яқинларим билади, холос.

— Спортчилар мураббийлари билан кўп вақт ўтказишади. Мураббийни оиланинг бир аъзоси дейишади. Ростдан ҳам шундайми?

— Албатта. Мен ҳам спортчиларга ўртоқ, мураббий ва акаман. Шогирдларим билан бирга бўлишни яхши кўраман. Натижа кўрсатаман деган мураббий оиласидан воз кечишига тўғри келади. Оиласидан воз кечмасликнинг бир йўли — оиласини ўзи билан бирга олиб юришга мураббийда шароит бўлиши керак. Ҳамма тренерда эса бунга шароит йўқ. Бирга олиб юрган тақдирда ҳам, барибир кўп эътибор оиласига кетиб қолади, шогирдларига эса ўзи хоҳлаган эътиборни бера олмайди, натижа кўрсатолмайди.

— Шогирдларингизни машғулотлар пайтида уриб, калтаклар экансиз. Кучли боксчини тарбиялашда қаттиққўлликдан ташқари яна нималар муҳим, деб ўйлайсиз?

— Натижа учун қаттиққўллик керак, бошқа метод йўқ. Ўз билимига ишонган тренер болага қаттиққўл бўлиб, билимини берса, юз фоиз натижага эришади. Агар билими кучли бўлиб, қаттиққўллик қилмаса, интизомга қарамаса, сезиларли фойда бермайди, бола гапларига қулоқ ҳам солмайди. Ота-она билан бошида келишиб оламан: менинг айтганим бўлади ёки шогирдликка қабул қилмайман дейман. Қатиққўллигимни қабул қилмаганлар жамоамдан кетади.

— Интервьюларингизда бошқа шогирдларингизга нисбатан Баҳодир Жалоловни кўпроқ гапириб, унга бино қўяр экансиз, меҳрингиз баланд экан…

— Аслида шогирдларим кўп. Ҳасанбой, Абдумалик ва бошқа боксчилар жамоамдаги шогирдларим. Уларнинг ўзининг шахсий мураббийи бор. Баҳодир эса менинг шогирдим, уни нолдан катта қилганман, ўғлимдек бўлиб қолган, буни спортдагилар яхши билади. Исроил, Муроджон ҳам менинг шогирдларим, барчаси фарзандларимдек яқин. Шогирдларимнинг ҳаммасини яхши кўраман, жонимни бераман, уларнинг оиласидаги муаммо менинг ҳам муаммом ҳисобланади. Ҳар бир ишда бир-биримизга суянамиз, бизда гапиришга парда йўқ, уялмаймиз. Ҳар қандай ишда масалаҳат, ёрдам сўрашади, бир оиламиз.

— Сизнингча, мусобақалардаги муваффақиятнинг неча фоизи спортчининг ўзига ва қанчаси мураббийга боғлиқ?

— Спортчи нолдан тайёрлаб борилса, бунда 70 фоиз мураббийга боғлиқ бўлади, чунки тренер бошқаради, бола унинг айтганини қилади. Мураббий болани мусобақагача тайёрлаб, уни рингга чиқаради, жангда қандай натижа кўрсатиш эса спортчига боғлиқ. Ўша пайтда мураббий ундай қил, бундай қил, деб туради, бола эса ўз устида ишлаши керак, рингга тушаётган у. Умумий олиб қараганда эса, ҳаммаси мураббийга боғлиқ.

— Интервьюларингизни бирида «бойнинг боласидан боксчи ва чемпион чиқиши қийин», деган экансиз. Ҳали ҳам шу фикрдамисиз?

— Бойнинг боласи спортчи бўлиши учун унинг ота-онаси спортга касал бўлиши керак, айниқса, отаси жонини спортга бағишлаган бўлиши зарур, шунда у фарзандини назорат қила олади. Бундай тажрибалар фаолиятимда кўп кузатилган. Агар ота-онадан бири спортга қизиқмаса, боласидан нимадир чиқиши қийин.

— Ўзбекистон боксда нега бунчалик кучли? Ўзи қандай қилиб кучли бўлди ва бу қачон бошланди?

— Бу жараён 2014 йилда бошланди. Боксни севадиган, боксни ватан дейидиган раҳбарлар келгач, хоҳлайдими-йўқми, натижалар ҳам ўзгаради. Чунки раҳбар натижалар қилишга ҳар тарафлама чин юракдан ишлайди. 2016 йилда Рио Олимпиадасида тарих қилганимизда, бу тарихни ўзимиз ҳам қайтара олмаймиз, деганмиз. Ҳаётда шунга амин бўлдимки, такрорланмайдиган нарсанинг ўзи йўқ экан. Мана бу йил ҳам шу натижани қайтардик-ку, мендан бахтли инсон борми?

— Ўзбекистон боксдаги мавқеини жаҳон майдонида пасайтирмаслик учун нималар қилмоқда?

— Ҳар бир нарсанинг паст ва баландлиги бор. Хоҳлаймизми-йўқми, бизда ҳам боксда пасайиш бўлади. Чунки ҳаёт шундай. Лекин пасайишни қисқароқ қилишнинг иложи бор. Биз камроқ пасайиш бўлиши устида кўпроқ ишлашимиз керак. Бунинг учун ўз устимизда ишлашимиз зарур. Бокс бир жойда тургани йўқ, ривожланиб боряпти. Биз ҳам замонга қараб олдинга интилишимиз керак. Қачон ўз устимизда тезроқ ишласак, бизда пасайиш бўлмайди, назаримда.

— Фарзандини боксга бериш ниятидаги ота-оналарга қандай маслаҳатларингиз бор?

— Биринчи навбатда, болани тарбиялаш ва унга тўғри йўл кўрсатиш мақсадида ота-онанинг мураббий билан тили, фикри бир бўлиши керак. Болангни шогирдликка бердингми, мураббий нима деса, шуни қилиш лозим.

— Эндиликдаги режаларингиз қандай?

— Ҳозирги пайтда даволаняпман. Кейин йил охирида Ўзбекистон чемпионати бўлади, шунга тайёргарлик кўрамиз.

— Суҳбат учун раҳмат!

Миролим Исажонов суҳбатлашди.