БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19−30 август кунлари Ўзбекистонга қилган ташрифи якунлари бўйича жума куни Тошкентда журналистлар билан суҳбатлашди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Ташриф давомида махсус маърузачи Тошкент, Жиззах, Зомин, Сирдарё, Самарқанд ва Бухорода бўлди. У Хавфсизлик кенгаши котиби, бош вазирнинг икки ўринбосари, ҳукумат аъзолари, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, омбудсманлар, судьялар ва шикоятлар бўйича органлар вакиллари билан учрашди.

«Фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқшунослар, блогерлар, мажбурий кўчириш қурбонлари, табиий офатлар ҳамда оилавий зўравонлик туфайли уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган аёллар ва болалар билан бўлган мулоқотим учун миннатдорман. Мен билан маълумот ўртоқлашган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Балакришнан Ражагопал.

Махсус маърузачи уй-жой ҳуқуқини қонунларда ҳимоя қилиш билан унинг кундалик ҳаётда амалда ҳимоя қилиниши ўртасида катта тафовут мавжудлигини таъкидлади.

Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонда сўнгги йилларда уйларни ўзбошимчалик билан олиб қўйиш ва бузишлардан ҳуқуқий ҳимояни яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозликда иштирок этишни таъминлашга қаратилган бир қанча янги қонунлар, жумладан, янги Конституция қабул қилинганини олқишлади.

«Аммо бу қонунлар улар ҳақида етарли даражада хабардор қилинмагани, ижросидаги носозликлар ва қонунбузарликларга, айниқса, қурилиш соҳасида самарали ҳуқуқий чоралар кўрилмагани учун амалда кўп ҳолларда ҳурмат қилинмаяпти», — деди махсус маърузачи.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Ўзбекистонда шаҳарни ободонлаштириш бўйича мисли кўрилмаган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, бунда баъзан бутун мавзелар бузилиб, одамлар янги шаҳарларга жой очиш учун кўчирилмоқда. Аммо бу чора-тадбирларнинг аксарияти шаҳарсозлик соҳасида етарли ҳуқуқий асосга эга бўлмаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Шаҳарсозлик ва шаҳарни янгилаш бўйича қарорлар жамоатчиликнинг, шу жумладан, ушбу қарорлар таъсир ўтказадиганларнинг мазмунли иштирокини назарда тутмайди, деди у.

«Суд ҳокимиятининг мустақиллиги муаммолигича қолмоқда. Қурувчилар ва аҳоли ўртасидаги суд ишларининг аксарияти, кўринишича, қурувчилар фойдасига ҳал қилинган», — деди БМТ махсус маърузачиси. Суддан ташқари шикоят механизмлари кўпинча самарали ва ўз вақтидаги компенсацияни таъминлай олмайди, дея қўшимча қилди у.

Мутахассис, шунингдек, олиб қўйилган уй-жой учун компенсация кўпинча етарли эмаслиги, кечиктирилиши ёки умуман тўланмаслигини таъкидлади.

Айрим бузиш ва кўчиришлар шафқатсизларча амалга оширилмоқда, уйлари яқинидаги хавфли қурилишлар, сув ва газ таъминотидаги узилишлар туфайли уй эгалари ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда, дея қайд этди БМТ махсус маърузачиси. Бундан ташқари, кўчирилган аҳолига янги уй-жой таклиф этилганда, бу кўпинча шаҳарлар чеккасидаги янги қурилган турар жой бинолари бўлмоқда.

«Уйларни бузиш ва мажбурий кўчиришлар ҳатто Самарқанд ва Бухоро каби қўриқланадиган маданий мерос зоналарида ҳам содир бўлмоқда», — дейди Балакришнан Ражагопал. 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош ассамблеясига тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда у ЮНEСКОни тегишли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланишини кафолатлаш учун зарур чоралар кўришга чақирди.

Махсус маърузачи, шунингдек, мажбурий кўчириш қурбонлари, тегишли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи тўғрисида хабар берган ҳуқуқ ҳимоячилари, шу жумладан, камида битта ҳолатда ёпиқ психиатрия муассасасидаги ўзбошимчалик билан бузишлар ҳақида хабар берган адвокатлар, блогерлар ва журналистлар қўрқитилгани, жиноий жавобгарликка тортилгани ёки шубҳали сабабларга кўра ҳибсга олинганидан ҳам ташвиш билдирди.

«Ўтказилаётган ислоҳотлар ва кўплаб раҳбарларнинг инсон ҳуқуқлари, жумладан, муносиб уй-жой олиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятлари мени руҳлантирди. Уй-жой муаммоларини ҳал қилиш учун кўпинча аниқ яхши ниятлар мавжуд. Аммо яхши ниятлардан ташқарига чиқиш вақти келди; биз қоғоздаги қонун ва режаларни эмас, балки натижаларни кўришимиз керак», — деди БМТ махсус маърузачиси.

Балакришнан Ражагопал 2025 йил март ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида ушбу ташрифи ҳақида батафсил ҳисобот тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал, 29 август куни Шавкат Мирзиёев Уй-жой ва шаҳарсозлик кодекслари ва бошқа ҳужжатларга хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришларни имзолаган эди.