Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси реклама қонунчилиги бузилиши юзасидан Universalbank АТБга нисбатан молиявий жарима қўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрганишлар давомида Universalbank томонидан эълон қилинган «Сармоя 25» номли омонат тури рекламасида йиллик фоиз ставкаси 25 фоизни ташкил этиши ҳақида ахборот берилгани аниқланган.

Ушбу реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, омонатнинг муддати 18 ой экани, йиллик фоиз ставкаси 22 фоизни ташкил этиши, фоизлар ҳар ойда тўланиши ва капитализация қилинмаслиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, омонат тури юзасидан бошқа муҳим маълумотлар (омонат муддати, омонат киритишнинг энг кам миқдори ва бошқалар) берилмаган, дейилади хабарда.

Юқоридагиларга кўра, қўмита махсус комиссияси томонидан «Реклама тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан Universalbank’ка нисбатан иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўлланди.

Шунингдек, банкка қонун бузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

Бу Рақобат қўмитаси банкларни реклама қонунчилиги талабларини бузишда айблаб жавобгарликка тортаётган сўнгги икки ой ичидаги бешинчи ҳолат. Бир неча кун аввал «Ипак йўли» банки реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортилган эди — у омонат турлари рекламасида муҳим маълумотларни тўлиқ бермаган. Банк рекламада омонат ҳақида батафсил маълумотларга тўғридан-тўғри ҳавола йўқлигини тан олган ва узр сўраган.

Июль ойида Қўмита «Ипотекабанк»ни Super омонатини реклама қилгани учун жаримага тортганди. Реклама материаллари йилига 26 фоиз рентабелликни кўрсатган, аммо расмий шартларга кўра, дастлабки уч ойдан кейин бу кўрсаткич 14 фоизгача пасайтирилади.

Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузганлик учун AVO Bank’ка ҳам жарима солган. Бонуслар саҳифаси ва кредит карта материалларида потенциал нотўғри маълумотлар ўрин олганди. Бундан ташқари, OFB’нинг Термиз шаҳри филиалига нисбатан рухсатсиз ўрнатилган реклама конструкциялари учун жазо чоралари қўлланган.