Тошкент марказидаги Республика болалар кутубхонасида 23 август куни «Ўзбекистон овози кўчаси: Кеча, бугун, эртага» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Кўчани бутун узунлиги бўйлаб — «Ўзбекистон» меҳмонхонасидан Экопарккача — реконструкция қилиш концепцияси Россиянинг Ludi_Architects архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, аввалроқ Республика болалар кутубхонаси ҳам айнан шу идора лойиҳаси бўйича реконструкция қилинган эди. Реконструкцияни лойиҳалаштириш ва тақдим этишда Ўзбекистон Маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ёрдам берди.

Лойиҳа бир неча ой давомида пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Ташкент Инвест» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Уни амалга ошириш яқин кунларда бошланади ва ярим йил давом этиши мумкин — бундай муддат материалларни етказиб бериш билан боғлиқ потенциал кечикишлар ва кутилмаган ишларни ҳисобга олган ҳолда белгиланмоқда. Кўчани тўлиқ ёпиб қўймаслик ва фуқаролар учун ноқулайликларни камайтириш мақсадида кўчани бўлакларга бўлиб ободонлаштиришга қарор қилинди, дейди шаҳар ҳокимлиги вакиллари.

«Транзит ҳудудни жамоат маконига айлантириш»

1925 йилгача Боғ кўчаси, совет даврида эса Совет кўчаси деб аталган Ўзбекистон овози кўчаси Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири бўлиб, қисман Марказ-1 турар-жой мавзеси таркибига киради. Унинг узунлиги 750 метр, кенглиги эса бутун узунлиги бўйлаб ҳар хил — 25 дан 40 метргача ўзгариб боради. Бу кўчада Тошкентнинг рамзи ҳисобланган бир қатор объектлар — ўз тоифасида ягона ҳисобланган Экопарк дейсизми, Болалар кутубхонаси дейсизми, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ёнидаги бўлажак Француз маданият марказими — мавжуд бўлиб, улар шаҳарнинг турли бурчакларидан кириб келадиган аҳоли жамланадиган асосий нуқталар бўлиб хизмат қилади.

Кўча бўйлаб турар жой бинолари, кўплаб умумий овқатланиш шохобчалари, мактаб ва болалар боғчаси жойлашган — бу кўп сонли болалар ва катталарнинг доимий мавжудлигини англатади. Шу билан бирга, кўча, умуман олганда, кўпроқ транзит ҳудуд бўлиб хизмат қилади: бу ерда ҳозир автомобилларга устуворлик берилган, айнан шу сабабдан кўча пиёда сайр қилиш учун хавфли ва ноқулай.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Любовь Леонтьева.

«Иштирок этаётган барча лойиҳаларимизда бўлгани каби, биз учун жамоат макони — ривожланишга туртки берадиган куч жойлари, аҳоли жамланадиган нуқталарни яратиш жуда муҳим», — дейди Ludi_Architects бюроси архитектори, бош директори ва асосчиси Любовь Леонтьева.

Болалар кутубхонасини реконструкция қилишда бюро унинг олд қисмида «кичик ободонлаштириш ишларини амалга ошириб, транзит ҳудудни моҳиятан жамоат маконига айлантиришга муваффақ бўлганди: бу ерда ҳозир одамлар дам олишяпти, масалан, бутерброд билан тамадди қилишмоқда».

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Болалар кутубхонаси олдидаги ҳудуд, 2023 йил.

«Одам кутубхонага кетаётган бўлмаса ҳам, хушманзара жойда ўтиришни хоҳлаб, тўхтагиси келса, бу жуда соз. Кейинги қадам — бутун Ўзбекистон овози кўчасини ободонлаштиришдир», — дейди у.

Лойиҳа концепциясини Ludi_Architects компанияси архитектори, лойиҳа раҳбари ва ижрочи директори Нехмат Самедов тақдим этди.

«Ҳар қандай лойиҳа таҳлилдан бошланади, — дейди у. — Биз транспорт тизимини ўргандик — „Ўзбекистон“ меҳмонхонасининг орқа томонидаги Истиқлол кўчасидан то Экопарк олдидаги Ҳамид Олимжон кўчасигача».

Кўчадан пиёдалар фаол равишда фойдаланиб, гарчи кўча бундай ҳаракатланиш воситалари учун мос келмаса-да, бу ерда велосипедларда ҳам, скутерлардан ҳам ҳаракатланишади (туман ҳокимлиги бир неча йил аввал ётқизган бетон йўлаклар аллақачон яроқсиз ҳолга келган — таҳр.).

Автомобиллар тартибсизлиги

«Кўчанинг асосий муаммоси — устуворликларда. Жуда катта ҳудуд автомобиллар ихтиёрига берилган. Сўнгги ўн йилликлардаги тенденция — бу асосий эътиборни пиёдаларга ўзгартириш эди. Автомобиль эндиликда шаҳар транспортида устувор аҳамиятга эга эмас», — дея таъкидлайди Нехмат Самедов.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Нехмат Самедов (ўнгда).

Тузилмавийлик йўқлиги сабабли кўча тартибсиз равишда автомобиллар томонидан эгаллаб олинган: улар пиёдалар йўлкаларига ҳам, пиёдалар ўтиш жойларига ҳам чиқиб кетади, ҳайдовчилар тартибсиз тўхтаб туради, пиёдаларнинг ҳаракатига халақит беради. Кўчада муайян тузилмага эга бўлмаган хавфли чорраҳалар бор, улар ҳаддан ташқари кенг, нотўғри геометрияга эга ва хавфсизлик оролчалари мавжуд эмас. Тезликни пасайтиришга ундайдиган элементлар йўқ, йўл чизиқлари ва белгилари нотўғри қўйилган.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ўзбекистон овози кўчаси, 2023 йил.

Кўчанинг пиёдалар учун мўлжалланган қисмида кўплаб паст-баландликлар ва тўсиқлар мавжуд бўлиб, у ҳаракатчанлиги чекланган одамлар (қариялар, болалар аравачалари етаклаган ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар) учун ноқулай. «Ҳар қандай зина ёки ариқ — одамлар учун ноқулайлик. Бу узоқ вақтлардан бери шаҳар муҳити учун асосий талаб бўлиб келган», дея таъкидлайди архитектор.

Велосипедлар ва шахсий ҳаракатланиш воситалари бугунги кунда бутун дунёда, шу жумладан, шимолий ва етарлича совуқ мамлакатларда ҳам кенг оммалашган. Тошкент велосипедларда ҳаракатланиш учун қулай шаҳар бўла олмаслигига ҳеч қандай сабаб йўқ, дейди у.

Пиёдалар йўлкалари ва велойўлакларнинг ажратиб қўйилмаганлиги жиддий муаммо ҳисобланади — пиёдалар йўлкалари ҳатто бир киши учун ҳам жуда тор, пиёдалар учун том маънода жой йўқ. Очиқ ва чуқур бетон ариқлар болалар учун хавф туғдиради, панжаралари синган ариқларга эса кўпинча болалар ҳам, катталар ҳам тушиб кетади.

Кўчани бир нечта яшил йўлаклар кесиб ўтганлигига қарамай, кўчанинг ўзида яшил йўлак тўлиқ шаклланмаган. Сўнгги ўн йилликларда кўплаб дарахтлар кесиб юборилган.

Шу билан бир вақтда, кўчада аҳоли тўпланадиган бир нечта яшил оролчалар мавжуд — Экопарк, Шастри бюсти ёнидаги майдон, Болалар кутубхонаси олдидаги янги майдон, Le Grande Plaza (собиқ «Тата») меҳмонхонаси олд қисми ва «Ўзбекистон» меҳмонхонаси орқасидаги яшил майдонлар.

«Тошкент учун, бошқа исталган шаҳар учун бўлгани каби, қулай микроиқлим муҳим аҳамиятга эга, чунки у яшаш ва макондан фойдаланиш қулайлигига бевосита таъсир қилади. Ҳозир бу ерда ўртача қулай ҳарорат ҳукм сурмоқда, бироқ барибир у 30 даражага яқинлашмоқда ва лойиҳа бу ҳароратни янада қулайлаштиришга қаратилган», — дейди Нехмат Самедов.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кўчанинг визуал қиёфаси билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд. Тижорат объектлари дизайни хилма-хил бўлиб, атрофдаги биноларга мос келмайди ва уларни ягона услубга келтириш зарур. Ҳар бир бизнес ўзига хослигини бақироқ, шовқинли реклама билан эмас, балки интерьерда ва хизмат кўрсатиш сифатида кўрсатсин, дея таъкидлайди архитектор.

Кўчада кўплаб аҳоли тўпланадиган жойларнинг мавжудлиги бу ерда маҳаллий аҳоли ва сайёҳларнинг доимий оқимини таъминлайди, «кўча жонли, уни функционал фаоллаштиришга ҳожат йўқ, у шундоғам фаол, бироқ ноқулай ва уни тартибга келтириш керак», дейди у.

Замонавий шаҳар кўчаси

Шаҳарларни лойиҳалашнинг замонавий тамойиллари асосий эътиборни пиёдаларга қаратади, дейди Нехмат Самедов. Улар, жумладан, қуйидагилардан иборат:

  • транспорт тизимининг хилма-хиллиги («бир транспорт турига қарам бўлмаслик»);
  • кўчаларнинг хавфсиз ва инклюзивлиги («кўча нафақат тетик ва соғлом одамлар учун, балки ҳамма учун фойдаланишга қулай бўлиши керак»);
  • кўча жамоат макони («кўчага транзит, эгасиз жойдек қаралмаслиги керак, балки майдон, истироҳат боғи, жамоат макони сифатида қаралиши керак»);
  • экологик тоза ва соғлом макон.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон овози кўчасини реконструкция қилиш лойиҳасининг асосий тамойиллари ишлаб чиқилди:

  1. Қулай ва экологик тоза макон.
  2. Кўчанинг ҳозирги каркасини қайта ташкил этиш.
  3. Ўз тарихига эга жамоат макони.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

Ҳозирда кўчада паст бўйли ўсимликлар деярли мавжуд эмас, асосан ўн йиллар олдин экилган дарахтлар ўсади ва улар кам қолган.

Қўшимча кўкаламзорлаштириш — ҳам баланд дарахтлар, ҳам буталар — эвазига микроиқлимни яхшилаш ва кўча шовқинини камайтириш мумкин — шунда «бу ерда вақт ўтказиш ва яшаш қулайлашади».

Асфальт қопламасини брусчатка билан алмаштириш йўл юзаси қизиб кетиши даражасини камайтиришга ёрдам беради, брусчатка экологик жиҳатдан тозароқ, шунингдек, у тезликка ҳам таъсир қилади — «ҳайдовчилар учун тезлик тартибини бузиш қийинлашади».

Ўзбекистон овози «фақат автомобилларга мўлжалланган кўчадан ҳаммабоп кўчага айланади». Автомобилларнинг ҳаракати ва тўхташ жойи устидан назорат ўрнатилади ва ҳайдовчилар «эндиликда ўзларини ҳозиргидек эркин ҳис қилмайди».

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

Велойўлаклар билан бирлаштирилган тор пиёдалар йўлкалари ўрнига кенг пиёдалар майдони ташкил этилади ва қўшимча интеграция (пиёдалар йўлкаларининг бирлаштирилиши) қўшилади. Бу ерда тўлақонли велойўлак ва параллел тўхташ йўлаги бўлади.

«Автомобиль муҳитини тизимлаштириш ва тартибга солиш автомобилларни ўз чегараларидан чиқмасликка мажбур қилади. Улар ҳозиргидек пиёдалар ҳудудига даъво қила олмайди, велойўлакка кира олмайди», — дея таъкидлайди Любовь Леонтьева.

Болалар кутубхонаси олдидаги чорраҳани қайта ташкил этиш — муҳим ўзгаришлардан бири. Буни «Газета.uz» ҳам, шаҳаршунос Искандар Солиев ҳам ўз концепциясида бир неча бор таклиф қилган эди. Шунга қарамай, мақоламиздан кейин чорраҳада светофор ўрнатилди.

«Чорраҳа жуда кенг. Пиёда учун жуда ноқулай — уни ё югуриб ўтиш керак, бўлмаса қанчадир муддат асфальт майдон ўртасида туриб қолишига тўғри келади», — дейди Нехмат Самедов.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

«Транспорт муҳандислари билан биргаликда айланма ҳаракат ташкил этишга қарор қилинди. Бу энг хавфсиз чоралардан бири ҳисобланади, чунки сиз қизил чироқда „учиб ўтишингиз“ мумкин, бироқ айланма ҳаракат ҳайдовчиларни жисмонан секинлашишга ва айланиб ўтишга мажбур қилади», — дея қайд этди у.

Бундан ташқари, кўчадаги барча ўтиш жойлари, жумладан, айлана олдидагилари ҳам «кўтарилади», бу ҳам ҳайдовчиларни тезликни пасайтиришга мажбур қилади. Шунингдек, пиёда кутиб туриши мумкин бўлган хавфсизлик оролчалари пайдо бўлади. «Бу жуда муҳим, айниқса бу ерда жуда кўп учрайдиган болалар учун».

«Экопаркдаги вазият ҳам тартибсиз. Биз кўчанинг бу қисми устида уни қулайлаштириш мақсадида узоқ ишладик. Автомобилдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқчи эмасмиз, бироқ устуворликлар тўғри қўйилиши тарафдоримиз», — дея давом этади архитектор.

Парк олдидаги асфальт майдонда қўшимча кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади, кичик меъморий шакллар, ўриндиқлар пайдо бўлади ва улар мижозларни кутиб туришга мўлжалланган такси йўлакчасига уланади.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

Лойиҳа концепциясида кўчанинг тарихига алоҳида урғу берилган. Унинг ривожланишида шаклланишнинг учта асосий босқичини ажратиш мумкин — анъанавий, совет ва замонавий. Тарихий давр архитектураси, Республика болалар кутубхонаси биносини ҳисобга олмаганда, деярли сақланиб қолмаган. Совет даври 1960 йиллардаги кичик туман турар-жой бинолари ва совет модернизмининг шаҳар учун муҳим ҳисобланган бинолари — «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва Франция маданият маркази билан ифодаланади. Замонавий босқич Экопарк ва янги савдо марказлари архитектурасида акс этади.

Ҳар бир давр ўзига хос ва қизиқарли бўлиб, янги ободонлаштириш ишларида ўз аксини топиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, архитекторлар кўчани бўлакларга — даврларга бўлишди, улар тарихий даврни ҳам, совет даврини ҳам ва замонавий даврни ҳам ўзига хос тарзда акс эттиришга ҳаракат қилишди. Маданият, анъаналар, халқ ҳунармандчилиги, тарих ва архитектурага тааллуқли элементлар кўчанинг учта бўлагининг дизайни ва кўкаламзорлаштиришда акс этади.

Тафсилотлар

Шаҳрисабз кўчаси билан чорраҳадан Болалар кутубхонасигача бўлган кўча икки томонламалигича қолади, кутубхонадан кейинги қисми, ҳозирги 64-мактаб олдидаги каби, бир томонлама бўлади.

Тошкент ҳокимлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар бу ерда мактаб ва Экопарк олдидаги каби бир томонлама ҳаракатланиш янада самарали бўлишини кўрсатди, дейди Нехмат Самедов.

Кўчанинг ўртаси буталар билан ажратилади, ҳатто бир томонлама ҳаракатланиш қисмида ҳам. Бу ҳайдовчиларнинг автомобилни нотўғри жойда тўхтатиб туриши, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиши ва, ҳозирги кунда учраб турганидек, автомобилларни йўлда қолдириб кетишларининг олдини олади.

Бундай лойиҳалаш туфайли «ўз-ўзини тартибга солиш юзага келади ва нотўғри хатти-ҳаракатлардан халос бўлинади», дея таъкидлайди архитектор. Бу, бир томондан, фаол автомобиллашиш давом этаётган ва кўчаларда тартиб йўқ бўлган Тошкентда муҳим аҳамиятга эга, иккинчи томондан, кўчаларни айнан шундай қайта ташкил этиш кераклигини англаш кучаймоқда.

«Бундай лойиҳалаш сизга „нотўғри ҳаракатланиш“ учун имкон қолдирмайди. Жуда хоҳлаган тақдирингизда ҳам, бундай имконият бўлмайди», — дейди Любовь Леонтьева.

«Автомобиллар эндиликда ўзига тегишли бўлмаган ҳудудда, ҳозиргидек, хўжайинчилик қилолмайди», — дея қўшимча қилади Нехмат Самедов.

Ҳовлиларга кириш жойлари сақланиб қолади, бироқ улар ҳозир кузатилаётгани каби ҳайдовчиларга ўз автомобилларини исталган жойга ташлаб кетишга имкон бермайдиган кенгликда бўлади.

Кўчанинг янги профили — «ниҳоясиз асфальтли автомобиллар дунёси йўқ, ҳар кимнинг ўз участкаси, ўз ҳудуди бор». «Кўча кенг ва ҳеч кимни хафа қилмасликка имкон беради», деб давом этади у. Алоҳида велойўлакка ҳам, кенг пиёдалар йўлкаларига ҳам, автомобиллар ҳаракати учун жой қолдиришга ҳам имкон бор.

Кўчадаги ёритиш мосламалари янгиланади, ахлат қутилари ўрнатилади, кўча тарихи ҳақида маълумот акс эттирилган навигация стендлари ўрнатилади. Дарахтлар атрофига анъанавий сўриларни эслатувчи ўриндиқлар ўрнатилади ва кўчанинг ҳар бир қисми ўз дизайнига эга бўлади. Тақдимот слайдларида ичимлик суви фавворачалари ҳам акс эттирилган.

Кўчадаги барча реклама баннерларини олиб ташлаш таклиф қилинмоқда, улар кўчани визуал равишда ифлослантирмаслиги керак, дейди Нехмат Самедов.

Хавфли ариқлар панжара билан ёпилади. Ёмғир сувини тутиб қолиш ва микроиқлимни яхшилаш учун ёмғир суви кириш жойлари ва био-дренаж ариқлар пайдо бўлади. Юқорида таъкидлаб ўтилган буталар билан қопланган янги майдонлар худди шу мақсадга хизмат қилади.

«Шаҳар табиатга кучли эҳтиёж сезмоқда, турли усуллар ёрдамида уни қайта тиклашимиз ва шаҳарга қайтаришимиз зарур», — дейди архитектор.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

64-мактаб олдида ҳам пиёдалар йўлкалари кенгайтирилади, автотураргоҳлар, «кўтарилган» пиёдалар ўтиш жойлари пайдо бўлади. Архитекторлар интерактив ва ўқув элементларини — плиткаларга ўсимлик ва балиқлар силуэтларининг металл суратларини, шунингдек, болалар бир-бири билан гаплашиши мумкин бўлган эшитиш найчаларини қўшишни таклиф қилмоқдалар.

«Бу кичик ўйин элементи мактабга қатнашни янада қизиқарли қилади ва ҳатто [болани] у ерда ушлаб туриши ҳам мумкин», — дейди Любовь Леонтьева.

Шастри бюсти ўрнатилган майдон реконструкция қилинади — ҳозирча у ерда ўриндиқлар етишмайди, йўлаклар ноқулай, янгидан кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

Кўчадаги велойўлак тўғри чизиқ бўйлаб ўтмайди, балки дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида (ҳозирда кўчадаги дарахтлар тўғридан-тўғри велойўлакдан «ўсиб чиққан») айрим жойларда қайрилишлар орқали ўтади. Қайрилишлар, шунингдек, скутерлар ва велосипедчиларнинг ҳаддан ташқари тезлашишининг олдини олади ва атроф-муҳитни хавфсизроқ қилади.

Велойўлак пиёдалар йўлкаларидан ажратилиб, йўлнинг қатнов қисми даражасига туширилади, шунда пиёдалар ҳам бу кимнинг ҳудуди эканлигини тушунади. Айни пайтда велойўлакни кесиб ўтган пиёдалар ўтиш жойлари ҳам велосипедчиларни тезликни пасайтиришга ундаш мақсадида «кўтарилган» ҳолда ташкил қилинади.

ludi architects, любовь леонтьева, нехмат самедов, орзудаги тошкент, ташкент инвест, ўзбекистон овози кўчаси, тошкент, кўчалар

Ludi_Architects тақдимотидан слайд.

Пиёдалар учун даража ҳар доим бир хил бўлади. Улар кўчани кесиб ўтиш учун юқорига кўтарилишлари ёки пастга тушишларига ҳожат йўқ. Бу пасайтирилган тўсиқларга қараганда анча самарали, дея таъкидланади тақдимотда.

Фасадларни қайта ишлаш

Бутун кўчани ягона яхлит услубга келтириш жуда муҳим, дея таъкидлайди архитекторлар. Барча элементлар, жумладан, тижорат объектлари, уйларнинг кириш жойлари, банкоматлар, савдо объектлари, ахлат қутилари учун ягона дизайн-код ишлаб чиқилмоқда. Умумий овқатланиш шохобчаларининг ташқи мебеллари учун ҳам ягона услуб жорий этилади.

Турар жой биноларининг кириш эшиклари бутун дунёда бўлгани каби шишадан ўрнатилиши режалаштирилган. Фасадлардаги кондиционерлар қутиларга беркитилган ҳолда бўлиши керак.

Бинолардаги мозаика каби бадиий қийматга эга бўлган меъморий ва тасвирий элементлар сақланиб қолади.

Кўча ўтадиган маҳаллалар вакилларининг саволларига жавоб берар экан, архитекторлар, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ташкент Инвест» компанияси вакиллари барча ишлар сифатли бажарилиши муҳимлигини таъкидлади.

«Асосийси — уни қай ҳолда бўлмасин, бир ойдаёқ фойдаланишга топшириб юборишга йўл қўймаслик. Профессионаллар сифатида биз сифатли иш вақт талаб қилишини яхши биламиз. Бунда эса сабр муҳим — концепцияга киритилган барча нарсани амалга ошириш учун вақт керак бўлади», — дейди Нехмат Самедов.

«Ҳар қандай ўзгаришлар — ҳар доим вақтинчалик ноқулайликлар келиб чиқишини англатади, — дея қўшимча қилади Любовь Леонтьева. — Ноқулайлик ҳеч биримизга ёқмайди. Бироқ бу эзгу мақсадда қилинаётган ўзгаришлар».

«Йигитлар [иш пайтида] йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетмаслиги учун пудратчи энг қулай ва хавфсиз шароитларни яратиши жуда муҳим», — дея таъкидлади Любовь Леонтьева.

Таклиф этилаётган ечимлар кўчани ёқимли, меҳмонпарвар ва кўркам қилади, дейилади тақдимотда. Кўча шаҳарнинг бошқа кўчалари учун ҳам тўғри ва замонавий кўкаламзорлаштириш намунасига айланиши керак.

Яқин кунларда «Газета.uz» бўлажак лойиҳа ҳақида қўшимча репортаж эълон қилади.

Тошкент ҳокимлиги матбуот хизматидан олинган видео: