Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон халқини «янги Ўзбекистон учун, эркин ва фаровон ҳаёт, фарзандларимизнинг бахти ва истиқболи учун овоз беришга» чақирди. Бу ҳақда у 31 август куни Тошкентда Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга депутатлар сайлови бўлиб ўтади. Улар илк бор «ривожланган мамлакатлардаги каби» мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида, «янгиланган Конституцияда белгиланган ижтимоий-сиёсий муҳитда» ўтказилади, деди президент.

Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда ҳурматли аёлларимизнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди, дея эслатди у.

«Ишонаман, бўлғуси сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мажоритар-пропорционал (аралаш) тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатасининг 75 нафар депутати мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш) бўйича бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар (партия рўйхатлари) асосида сайланади.

Партиялар бир мандатли округлар бўйича 75 нафар депутатликка номзод, яъни ҳар бир сайлов округи бўйича биттадан депутатликка номзод, шунингдек, партия рўйхати бўйича 75 нафардан 100 нафаргача депутатликка номзод кўрсатиши мумкин. Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партияга аъзо ёки партиясиз бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда президентлик ва депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши мумкин. Сайловчиларнинг ташаббускор гуруҳлари томонидан номзодлар кўрсатиш имконияти 2009 йил июль ойида қонунчиликдан чиқарилган.