Шавкат Мирзиёев шанба оқшомида Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари миллий истиқлолнинг «буюк, тарихий аҳамияти», бунинг шарофати билан «миллий давлатчилигимиз қайта тиклангани»ни алоҳида таъкидлади. «Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди» ва «жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади».

«Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий. Улар — ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар — ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз», — деди президент.

Кейинги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйдик. Ҳар бир ишимиз, ҳар бир ютуғимизда истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлмоқда. Барча ислоҳотларимизнинг руҳи ва мазмунига «Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!» деган эзгу ғоя чуқур кириб бормоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент таъкидладики, «Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Лекин ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз».

«Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент таълим соҳасини такомиллаштиришни ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши деб атади: «Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам — фақат ва фақат таълим ва тарбиядир».

У қизларнинг ота-оналарига алоҳида мурожаат қилди: «Қизларингизни ўқитинг, орзу-умидларини рўёбга чиқаришларида уларга кўмакчи бўлинг! Улуғларимиз айтганларидек, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!»

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшларига мурожаат қилар экан, шундай деди: «Мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобатини биз, аввало, сизларнинг тимсолингизда кўрамиз. Келажакда турли соҳаларда улкан ютуқ ва зафарларга эришиб, юртимизни дунёга янада кенг тараннум этишингизни истаймиз».

Давлат раҳбари Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва мамлакатни «халқаро савдо маконининг ажралмас қисми»га айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади.

«Биз энди 37 миллионлик катта халқмиз. Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотларимиз, меҳнатимиз, билим ва қобилиятимиз билан катта салоҳиятга айлантиришимиз керак. Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп. Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат ҳақида гапирар экан, «тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳи ҳукм сурадиган Янги Марказий Осиё ҳақидаги орзуси реал ҳақиқатга айланаётганини» таъкидлади.

«Бугунги ноёб тарихий имкониятлар асосида Марказий Осиёда ҳар томонлама соғлом сиёсий муҳит, келгуси авлодлар учун эркин ва хавфсиз келажак яратишимиз зарур. Айни пайтда дунёнинг барча давлатлари билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз».

Президент Ўзбекистон халқини октябрь ойида бўлиб ўтадиган депутатлар сайловида фаол иштирок этиб, «Янги Ўзбекистон, эркин ва обод ҳаёт, болаларнинг бахтли келажаги учун овоз беришга» чақирди.

Хулоса ўрнида таъкидладики, бугунги куннинг асосий вазифаси «ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан яратган мустақил давлатимиз, эркин жамиятимиз янада гўзал ва қулай бўлишини таъминлашдир. Бу тинимсиз меҳнат қилишга арзийдиган юксак марра. Бу ҳаётингизни бағишлашга арзийдиган ёрқин, улуғвор мақсаддир».

«Мен ишонаман — барчамиз бир бўлиб, ақл-заковат, билим ва тажрибамиз, куч-ғайратимизни ишга солиб, бу улуғ манзилга албатта етамиз. Ёруғ ва нурафшон келажагимизни — янги Ўзбекистонни, албатта, барпо этамиз!» — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент нутқидан сўнг истироҳат боғида Ўзбекистон мадҳияси янгради, мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли бешта Су-25 самолёти осмонда давлат байроғини чизди.