31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни эрталаб Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Шаҳидлар хотираси хиёбонида ўтказилган хотира маросимида иштирок этди. У ерда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар ҳам йиғилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида мулоқот бўлди, дейилади хабарда.

Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз, — деди Шавкат Мирзиёев.

шавкат мирзиёев, қатағон қурбонлари, Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

У сўнгги уч йил давомида 1200 дан ортиқ сиёсий қатағон қурбони реабилитация қилинганини эслади. «Бу нимани англатади? Бу адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади».

Июл ойида президентнинг сиёсий қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинганди.

Давлат раҳбари шу вақтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шаклланмагани ҳақида гапирди. «Бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти — қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик.»

Қатағон қурбонлари номларини «Қатағон қурбонлари» кўп жилдли китоби ҳамда Шаҳидлар хотираси мажмуасида яратиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўйиш режалаштирилмоқда.

шавкат мирзиёев, қатағон қурбонлари, Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Қарорга кўра, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги нишонланади. Бу вақт 1938 йил 4−16 октябрда 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбусга нисбатан ҳукм чиқарилгани учун танланган. Улар орасида таниқли шахслар қатл этилган. Қолганлари узоқ муддатга сургун қилинган.

«Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлиларимиз, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони — улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5 октябрда чиқарилган», — деди президент.

шавкат мирзиёев, қатағон қурбонлари, Қатағон қурбонларини ёд этиш куни

Шавкат Мирзиёев тарихни ёш авлодга етказиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

«Энг катта мактаб, энг катта тарбия — тарихнинг ўзи. Ёшларимиз тарихимизни яхши билиши, бошқалардан эмас, ўзимизнинг боболаримиздан намуна олиши керак. Бунинг асосини мукаммал қилиб, ёшларга муносиб тилда, қизиқарли тарзда, ижтимоий тармоқлар орқали етказиш, жамиятга сингдириш зарур. Ёш авлодни шу руҳда тарбияласак, ўз танлаган йўлимиздан қатъий бора оламиз», — деди у.

«Мустақиллик — Аллоҳ таолонинг эл-юртимизга энг катта марҳамати, неъмати. Ҳар бир кун, ҳар бир йилнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш керак. Аждодларимизни эъзозлаш, халқни рози қилиш бўйича савоб ишларни кўп қилсак, Худо доимо йўлимизни очиб беради», — дея қўшимча қилди президент.