Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни қонун ҳужжатларига хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ўзгартиришларни имзолади.

Ҳужжат билан Уй-жой кодекси, Шаҳарсозлик кодекси ва «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Уй-жой кодексида «ҳеч ким суднинг қарорига ва қонунга мувофиқ бўлмаган ҳолда ўз уй-жойидан маҳрум қилиниши мумкин эмас» деб белгиланди.

«Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўз уй-жойидан маҳрум бўлган мулкдорга уй-жой қиймати ва унга етказилган зарарнинг олдиндан ва тенг миқдорда қопланиши таъминланади,» — дейилади янгиланган ҳужжатда.

Бу нормалар ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг 47-моддасида ўз аксини топган.

Шунингдек, Уй-жой кодексида уй-жойнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда. Илгари бундай ҳаракатларга ҳокимликларнинг тегишли рухсати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган эди.

Шаҳарсозлик кодексига зилзилабардош ҳудудларда бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни тақиқловчи янги норма киритилмоқда.

Иқлим ўзгариши натижасида йилдан йилга хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар кучайиб, сел, кўчки ва сув тошқинларига олиб келаётгани ҳам шаҳарсозлик талабларини кучайтиришни тақозо этмоқда, деб таъкидланди Сенатнинг 18 май куни бўлиб ўтган мажлисида.

1991 йил май ойида Тошкент вилояти Ангрен тумани Жигаристон қишлоғида кўчки туфайли қишлоқнинг кўчкига учраган қисми 20 м гача қалинликдаги тупроқ билан қопланган, 56 киши ҳалок бўлган.

2022 йил апрель ойида Наманган вилояти Поп туманида «Ўш А-373 М-39 Гулистон — Бўка — Ангрен — Қўқон — Андижон» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довонининг 225-километрида қурилган «Кавсар» ошхонасига келиб тушган кўчки оқибатида икки фуқаро ҳалок бўлган эди.

Шу ойда Жиззах вилояти Фориш тумани «Эгизбулоқ» маҳалласида сел оқими оқибатида 5 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 6 киши жароҳатланган ва сел оқими йўлида жойлашган 22 та уйга зарар етган (шу билан бирга, 9 та уйга кадастр ҳужжатлари берилган).

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқ масаласи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал бир кун аввал Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича мамлакатда шаҳарларни янгилаш бўйича мисли кўрилмаган лойиҳалар амалга оширилаётгани, уларнинг давомида баъзан бутун бошли кварталлар бузилаётганини айтди. Бироқ, кўпинча бу шаҳарсозлик соҳасида етарли ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан содир бўлади.