Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни Жиноят-процессуал кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларни янгиланган Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Хусусан, маҳкумларнинг инсонпарвар муносабатда бўлиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш, Омбудсман, Болалар омбудсмани, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро органларга мурожаат қилиш бўйича ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида ўтказилаётган маҳкумларнинг сайлов ва референдумларда иштирок этиш ҳуқуқи кафолатланади.

Шунингдек, агар мавжуд бўлган барча ички ҳимоя воситалари тугатилган бўлса, бундай маҳкумларнинг Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳам назарда тутилган. Илгари қонунчиликда маҳкумларнинг халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиш ҳуқуқи назарда тутилмаган эди.

Ўзгартишларда бундай маҳкумлар, агар қонун ҳужжатларига мувофиқ ва суд ҳукми асосида ушбу ҳуқуқдан маҳрум этилмаган бўлса, сайловлар ва референдумларда қатнашиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга кўра, маҳкумлар янгиланган Конституциянинг 28-моддаси олтинчи қисмида назарда тутилганидек, инсонпарвар муомала қилиш, инсонга хос бўлган шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳуқуқига эга.

Жазони ижро этиш муассасалари ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чоралари ва бошқа мажбурлов чораларини қўллашда Жиноят-процессуал кодексида белгиланган асослар ва тартиблардан четга чиқишга йўл қўйилмайди.

Маҳкумларга уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказиш мумкин эмаслиги қатъий белгиланди.

Бундан ташқари, янги норма маҳкумларнинг Омбудсман ва Болалар омбудсмани билан мурожаат қутиси орқали боғланиши, у орқали мурожаатларни ташкил этиш, очиш, фойдаланиш, шунингдек юбориш тартибини белгилаб беради.