1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги конда олтингугурт гази чиқиши кузатилди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Соат 15:17 да туманнинг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конига қарашли 604-сонли қудуғида бурғулаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу вақтда технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

«Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган», дейилади хабарда.

Тармоқларда тарқалаётган видеоларда тунги вақтда кўчада бир неча юзлаб одамларнинг ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Аниқлик киритилишича, фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. «Вазият тўлиқ назорат остида. Ваҳимага ўрин йўқ», — деб қўшимча қилди вазирлик.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, ҳудудга вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов, алоқадор мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда бошқармалар масъуллари етиб борган.

«Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Таркибида водород сулфид миқдори юқори бўлган нефть, газ ва газ конденсати конларини қидириш ва қазиб олишда ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича йўриқномага мувофиқ, ҳар бир объект учун водород сулфид ажралиб чиқиши билан боғлиқ эҳтимолий аварияларни бартараф этиш режаси тузилади, унда қуйидагилар акс эттирилади:

  • одамлар, асбоб-ускуналар ва механизмларни жойлаштириш схемалари;
  • кириш йўллари ва одамларни эвакуация қилиш йўллари;
  • водород сулфид тўпланадиган ва тарқаладиган хавфли зоналар;
  • шахсий ҳимоя воситалари (ШҲВ) ва нафас олиш органларини ҳимоя қилиш воситалари сақланадиган жойлар;
  • авария тўғрисида дарҳол хабардор қилиниши лозим бўлган мансабдор шахслар ва муассасалар рўйхати.

Водород сулфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади.

Ишчи зона ҳавосида водород сулфиднинг рухсат этилган чегаравий концентрацияси 10 мг/м3, углеводородлар билан аралашмада (С1-С5) — 3 мг/м3 (ГОСТ 12.1.005). Аҳоли пунктлари ҳавосида водород сулфиднинг рухсат этилган максимал концентрацияси 0,008 мг/м3 (СН245).

М-25 лойиҳаси ҳақида

2017 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати инвесторлар консорциуми — Gas Project Development Central Asia (олдинги «Газпром» ва Газпромбанк қўшма корхонаси), Altmax Holding (Кипр) ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» билан Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини разведка қилиш ва ўзлаштириш билан «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим имзолаган.

Бутун мажмуанинг қиймати 5,8 миллиард долларга баҳоланган. Газ-кимё мажмуасининг қиймати 2,9 миллиард долларни ташкил этган (2021 йил апрель ойида лойиҳа 2 миллиард долларга баҳоланган). Мажмуа йилига 5 миллиард куб метр газ қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Лойиҳа 35 йил муддатда Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартлари асосида амалга оширилади, оператор — Surhan Gas Chemical Operating Company МЧЖ ХК.

Бурғилаш ишларини Eriell компанияси, газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишларини «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан Enter Engineering компанияси амалга оширади.

ВЭБ.РФ ва «Газпромбанк» 2021 йилда Сурхондарёдаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ кони учун Россия техникасини экспорт қилишга 900 миллион доллар миқдорида кредит ажратган.

2023 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, конни ўзлаштириш учун 1,45 млрд доллар инвестиция киритилди, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланди, 11 та газ қудуғи муваффақиятли синовдан ўтказилди. Пойдевор ишлари ва металл конструкциялар қурилиши деярли якунланган.