Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Париждаги Паралимпия ўйинларида ғолиб чиққан енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочи Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати. Айни дамда миллий терма жамоа ҳисобида олтин медаллар сони бешта бўлиб турибди.

Элбек Султонов ядро улоқтиришда 16,45 м натижа кўрсатиб, шахсий рекордини ўрнатди. Ёрқинбек Одилов найза улоқтиришда 50,32 м натижа қайд этди, 80 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги Асадбек Тоштемиров бўлса барча рақибларини мағлубиятга учратди.

паралимпия 2024, шавкат мирзиёев

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал президент Паралимпия ўйинларида илк олтин медални қўлга киритган енгил атлетикачилар Асила Мирзаёрова ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев билан телефон орқали мулоқот қилганди.

Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда 5,22 м натижа кўрсатиб, салкам 30 йилдан бери сақланиб келаётган Паралимпия рекордини янгилади. Ядро улоқтиришда Қудратиллохон Маъруфхўжаев ғолиб бўлди.

Президент спортчиларни табриклаб, уларнинг ғалабалари Ўзбекистон Мустақиллиги байрамига муносиб туҳфа бўлганини таъкидлади. Паралимпиячиларнинг маҳорати ва матонати бутун халқни, айниқса, ёшларни руҳлантираётганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев уларнинг мураббийлари ва ота-оналарига ўз миннатдорлигини билдириб, қолган ғолибларга салом ва табриклар йўллади ҳамда ўйинларда барча иштирокчиларга муваффақият тилади.