1 сентябрь куни хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 14 нафар ўзбекистонлик бола ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Мазкур гуруҳдаги болалар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимларининг хизмат сафарлари доирасида Тошкентга олиб келинди.

«Болалар ота-онаси ва ўз яқинларининг қарамоғига қайтарилади. Уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин „Инсон“ ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болаларнинг ўзлари ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш белгиланган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург, Москва, Новосибирск ва Қозон шаҳарларида қаровсиз қолиб кетган 31 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолаганди.

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
  • Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, болани чет давлатда назоратсиз қолдириш, худди шундай хатти-ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса ёхуд боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.