Сурхондарё вилоятида водород сулфид чиққан жойда тезкор штаб тузилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Президент топшириғига кўра, воқеа жойига бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов етиб борди. Суратда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровни ҳам кўриш мумкин. Ҳозир бўлганларнинг аксарияти ниқобсиз ёки ҳимоя воситаларисиз турибди.

водород сулфиди сизиб чиққан, м-25, сурхондарё вилояти

Тезкор штаб таркибига тегишли вазирлик ва ташкилотлар мутахассислари киритилган, дейилади хабарда. «Техноген ҳодиса (вазирлик буни дастлаб офат дея аталганди, пост кейинроқ таҳрирланди — таҳр.) оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Соат 12:16 да эълон қилинган хабарда қурбонлар ва жароҳатлар йўқлиги айтилганди.

Соат 17:30 да «Газета.uz» Бойсун тумани тез тиббий ёрдам шифохонаси маъмурияти билан боғланиб, заводнинг икки ишчиси касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар топди.

«Кеча объектнинг икки ишчиси нафас олиши қийинлашган ҳолда касалхонага ётқизилган. Уларнинг аҳволи қониқарли, барқарор. Улар шифокорлар назоратида. Бу ерга Термиздан ҳам шифокорлар келди… Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ», — дейилади тиббиёт муассасаси берган хабарда.

«Газета.uz» Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ўлим ҳолатлари ҳақида интернетда пайдо бўлган хабарлар юзасидан сўровлар юборди.

Аввалроқ ФВВ 1 сентябрь куни соат 15:17 да «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конининг 604-қудуғида бурғилаш ишлари вақтида технологик жараённинг бузилиши туфайли олтингугурт (водород сулфид) сизиб чиқиши содир бўлганини маълум қилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон атрофида яшовчи аҳоли хавфсиз жойга эвакуация қилинган.

Водород сулфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

М-25 лойиҳаси ҳақида

2017 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати инвесторлар консорциуми — Gas Project Development Central Asia (олдинги «Газпром» ва Газпромбанк қўшма корхонаси), Altmax Holding (Кипр) ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» билан Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини разведка қилиш ва ўзлаштириш билан «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим имзолаган.

Бутун мажмуанинг қиймати 5,8 миллиард долларга баҳоланган. Газ-кимё мажмуасининг қиймати 2,9 миллиард долларни ташкил этган (2021 йил апрель ойида лойиҳа 2 миллиард долларга баҳоланган). Мажмуа йилига 5 миллиард куб метр газ қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Лойиҳа 35 йил муддатда Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартлари асосида амалга оширилади, оператор — Surhan Gas Chemical Operating Company МЧЖ ХК.

Бурғилаш ишларини Eriell компанияси, газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишларини «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан Enter Engineering компанияси амалга оширади.

ВЭБ.РФ ва «Газпромбанк» 2021 йилда Сурхондарёдаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ кони учун Россия техникасини экспорт қилишга 900 миллион доллар миқдорида кредит ажратган.

2023 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, конни ўзлаштириш учун 1,45 млрд доллар инвестиция киритилди, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланди, 11 та газ қудуғи муваффақиятли синовдан ўтказилди. Пойдевор ишлари ва металл конструкциялар қурилиши деярли якунланган.

Газни қайта ишлаш заводи (ГҚИЗ)да газни қазиб олиш ва қайта ишлашдан ташқари, олтингугуртни гранулалаш ва қотириш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, у суюқ олтингугуртни иккита мумкин бўлган конфигурацияда қаттиқ олтингугуртга айлантириш учун мўлжалланган: гранулаланган олтингугурт (сотиш учун) ва сақлаш учун олтингугурт. Ушбу қурилмани ГҚИЗга бевосита туташган алоҳида майдончада жойлаштириш режалаштирилган эди. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 460 минг тоннага баҳоланган.

Лойиҳа технологиясида таъкидланишича, Бойсун газни қайта ишлаш мажмуасининг ўзига хос хусусияти қазиб олинаётган хомашё таркибида кислотали компонентлар — водород сулфид (H2S) ва углерод диоксиди (CO2), маълум шароитларда улар билан алоқа қилувчи пўлат қувурлар ва ускуналар учун жиддий хавф туғдирадиган кучли коррозион фаол аралашмалар мавжуд бўлиб, уларнинг шикастланиши ва бузилиши атроф-муҳитнинг ифлосланиши, маҳсулотнинг йўқотилиши, моддий зарар ва бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.