1989 йил июнида Ўзбекистон раҳбарига айланган Ислом Каримов республикани 27 йилдан кўпроқ бошқарди. 2016 йилнинг 28 август куни унинг хасталангани ва даволанишга муҳтож экани, орадан беш кун ўтиб, 2 сентябрда эса унинг вафот этгани расман эълон қилинди. Шундан бери сентябрь ойининг иккинчи санаси мустақил Ўзбекистон биринчи президентини хотирлаш куни ҳисобланади.

Ислом Каримов ҳаётлигида жамоатчилик унинг одатий ҳаёт тарзи, у ёки бу жараёнларга қарашлари, у қандай инсон экани ҳақида катта тасаввурга эга эмасди. Сўнгги йилларда ўз вақтида биринчи президент билан елкама-елка ишлаган, у билан ҳамфикр бўлган кўплаб арбоблар Каримов ҳақидаги хотиралари билан бўлишмоқда. Бу хотиралар, қайсидир маънода, ҳукмдорлик вақти оддий халқ учун кўп жиҳатдан мавҳум бўлган раҳбарнинг сиёсий ва шахс сифатидаги портретини чизиш — унинг қандай одам бўлгани ҳақида хулоса қилиш имконини беради.

Биринчи президентни хотирлаш куни муносабати билан «Газета.uz» сўнгги вақтларда Ислом Каримов ҳақида ҳикоя қилинган эътиборга молик хотираларнинг айримларини бир саҳифага жамлади.

Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон биринчи президенти

2023 йил декабрда Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка» номли мемуарлар китоби эълон қилинди. Китобнинг бир неча ўринларида Ўзбекистон биринчи президенти ҳақида ҳам сўз боради. Назарбоев Каримовни «дўстим» деб атайди, хусусан, унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тузилишидаги ҳамда Туркия-Россия муносабатларини яхшилашдаги роли, Евросиё иқтисодий иттифоқига муносабати вақти ўтиши билан қандай ўзгаргани, чегара масаласини қандай ҳал қилгани ҳақида ҳикоя қилади. Китобдан қуйидаги икки ҳикояни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Каримов — Назарбоевга: «Келиб, ёрдам бер»

«Бир куни Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов менга қўнғироқ қилиб, олдига боришимни сўради. «Нима бўлди?» десам: «Елцин расмий ташриф билан келяпти. Мен у билан гаплашолмайман. Уришиб қоламан. У сени ҳурмат қилади. Келиб, ёрдам бер», деди. Лекин бу алоҳида бир қўшни мамлакат бўлса. У билан бирга бориш ғалати кўриниши мумкинлигини айтдим. Каримов эса гапида қатъий туриб олди.

Мен Тошкентга бордим. Кечки қабулдан сўнг бассейнда чўмиладиган бўлдик. Ислом Каримов биринчи бўлиб сувга шўнғиб, қанчадир вақт сув остида турди. У ўз ҳаракати билан қолганларни гўёки ким кўпроқ сув остида тура олиши бўйича мусобақалашишга чорлаётгандек эди. Елцин бундай вазиятларда умуман тинч ўтира олмасди. У ҳам сувга шўнғиб, бассейн тубига ётиб олди. Қўриқчилар соатларига қараб, вақтни ҳисоблай бошлашди. Бир дақиқа ўтди, иккинчиси ўтяпти. Елцин қўриқчиларининг бошлиғи Коржаков: «Агар ҳозир олиб чиқмасак, у шу бассейнда ўлиб қолиши мумкин», деди. Шундай дея, Елцинни сувдан олиб чиқишди.

Бу айтганларим — Елцин феъл-атворининг ўзига хосликларидан бири. Елцин йўлида тўғаноқ бўлганларга тоқат қилолмасди".

Фото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданФото: Каримов фонди чиқарган «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

«Дўстим Ислом Каримов мураккаб шахс эди»

«Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ бошқарган Ислом Каримов ўз мамлакати тарихида алоҳида ўринга эга. Ўзбекистон мустақиллигининг иқтисодий асосларини яратиш устида кўп меҳнат қилган бу инсон билан мулоқот йилларини мен алоҳида эслайман.

1998 йили биз пойтахтимиз — Остонанинг халқаро тақдимотини ўтказдик. Тадбир катта форумга айланиб кетганди. МДҲ мамлакатлари президентлари келган. Ўша тантанада сўзга чиққан Ислом Абдуғаниевич: «Мамлакат пойтахтини кўчириб, янги шаҳар қуришга журъат топиш учун одамда отнинг калласидек юрак бўлиши керак. Дўстим Нурсултонда эса мана шундай юрак бор», — деганди.

Унинг қатъиятли характерга эга инсон бўлганини тасдиқловчи биргина мисолни келтираман. Очиқчасига айтганда, у мураккаб шахс эди. Исталган муаммо бўйича ўзининг алоҳида, ўзига хос фикрини билдирарди. Шунинг учун ҳам у билан эришилган ўзаро англашув қадрлироқ бўларди. Биз чегара масаласида соатлаб гаплашганмиз. Ўзбекистонда аҳоли зич жойлашмаганми, баъзи нуқталарда чегара чизиғи — овул ё қишлоқ марказини қўя туринг — уй ўртасидан ўтиб кетганди. Дейлик, ошхона Қозоғистонда бўлса, ётоқхона — Ўзбекистонда. Нима қилмоқ керак, қандай йўл тутиш лозим? Ўшанда одамлар манфаатига мослашишга, аҳоли пунктларининг миллий таркибидан келиб чиқиб қарор қабул қилишга тўғри келган. Ёки Чордара сув омбори билан боғлиқ мисолни кўриб чиқсак. Сув ҳавзаси бизда бўлгани билан, тўғон Ўзбекистон тарафда қолиб кетиши мумкин эди.

Шундай кунларнинг бирида Ислом Каримов менга қўнғироқ қилди. «Олдингга бормоқчиман», деди. Яхши. Аммо президентнинг келиши билан дўстнинг келиб-кетиши орасида фарқ борку. «Тўхта. Муҳокама учун мавзуларни белгилаб олайлик, тайёрланайлик», — дедим. Ислом Абдуғаниевич бўлса: «Муҳокама учун ҳеч қандай мавзу йўқ, сени кўрмоқчиман, гаплашмоқчиман». Ундаги изтироб менга ҳам кўчди. Уни кутиб олдим. Норасмий учрашув. Ўта шахсий муносабатлар. Ўшанда биз бошимиз билан суҳбатга шўнғиб кетдик. Кўплаб масалаларни ҳам ҳал қилиб олдик. Хусусан, чегарага алоқадорларини ҳам.

Ислом Каримов ўз мамлакатининг бардам раҳбари эди. Баъзида ўнғайсиз бўлиб қолишини айтмаса, биз у билан дўст эдик. Ислом Абдуғаниевич кутилмаганда инсультдан вафот этди".

Жорж Крол, 2011−2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси

Жорж Крол. Фото: Kun.uzЖорж Крол. Фото: Kun.uz

2011−2014 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаган Жорж Крол 2024 йил ёзида Ҳарвард университети қошидаги Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази таклифига кўра Марказий Осиёдаги элчилик фаолияти хотиралари билан бўлишди. Унда президент Каримов ва элчи ўртасидаги илиқ муносабат ҳақида, ҳатто Гулнора Каримова ўз отаси билан учрашиш учун элчидан ёрдам сўрагани ҳақида ҳикоя қилинади (ўзбек таржимаси RFE/RL Uzbek Service’дан олинди).

2011 йил. (АҚШнинг) Ўзбекистондаги элчиси лавозимига тасдиқланганимдан сўнг 4 июль — миллий байрамимизга бор-йўғи бир ҳафта қолганда Тошкентга келдим. Бахтимга, салафим Дик Норланд президент Каримов билан алоқаларни сезиларли даражада яхшилаган эди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси, ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Вашингтонда давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича муовини ёрдамчиси вазифасида ишлаган камина ҳақида Каримовга илиқ гаплар айтган чоғи, (Тошкентга) келганимдан бир неча кун ўтибоқ Каримов мендан ишонч ёрлиғини қабул қилди. Бу эса элчихонамизнинг йил давомидаги энг асосий тадбири — Мустақиллик куни муносабати билан расмий қабул маросимида тўлақонли аккредитациядан ўтган элчи сифатида раислик қилишимга имкон берган эди.

Таъбир жоиз бўлса, бу мен учун «юзочди» маросими ҳам эди. Мовий осмон ва жазирама қуёш остида обдон машқ қилганим — ўзбек тилида илк бор нутқ ирод этдим, бу маросимда жам бўлган ўзбекистонликларга жуда манзур бўлди, чиқишим ҳатто давлат телевидениеси орқали намойиш этилди.

Бир кун аввал бўлиб ўтган Каримовга ишонч ёрлиғи топшириш маросими бутун элчилик ваколатим давридаги робиталаримиз қай ўзандан кетишини белгилаб бергандек бўлди. Ўша куни ушбу маросимни ойлаб кутган бошқа янги элчилар ҳам ишонч ёрлиғини топширди. Каримов мени охирида қолдирган эди. Бу яхшими, ёмонми — билмадим. Ёки бу шунчаки протокол талаби бўлгандир. Ахир мен Тошкентга энг охирги бўлиб келган элчи эдим-да. Ўзбекистон президенти расмий қароргоҳи бўлмиш Оқсаройнинг нашқу нигорлар билан безатилган қабулхонасида унга ишонч ёрлиғини топширдим. Каримов қисқа муддат давом этган маросимда хушмуомала кўринди.

Шундан кейин Каримов менга ортидан қўшни бўлмаган юришга ишора қилди. Менга стул таклиф қилди. Иккимиз ҳам ўтирдик. (Мен билан) гаплашмоқчи экан. У жиддий алфозда, рус тилида узоқ гапирди. АҚШ президентлари, давлат котиблари, аввалги элчилар, сенаторлар ва бошқа америкалик таниқли шахслар билан паст-баланд муносабати ҳақида батафсил сўзлади. Бизга берган ваъдалари устидан чиққани, аммо биз унга берган ваъдаларимизга вафо қилмаганимизни урғулади. (Бу вақт ичида) на пиёлаларга қуйилган чойдан ичдик, на ёғоч ўймакорлигининг кўркам намунаси бўлмиш столда тизилиб турган ликопчалардаги қуруқ мевалар, ёнғоқлару пишириқлардан тотиндик.

Бир соатлардан кейин Каримов тин олди. Менинг галим келган эди. Унинг бутун монологи давомида мулоҳазаларини эслаб қолишга ҳаракат қилар эканман, айни шу учрашув учун ҳозирлаган мухтасар нутқимни хаёлимда такрорлар эдим. Мана, имконият эшигини бемалол қоқишим мумкин. Ўзбек тили муаллимларим давлат раҳбарига мурожаатнинг мақбул ва матлуб усули деб ўргатган йўсинда ўзбек тилидаги юксак эҳтиром калималари билан сўз бошладим. Тахминан: «Зоти олийлари, жаноби олийлари», деб мурожаат қилгандим.

Бу жумлаларни айтишим билан Каримов кутилмаганда қўл сермаб, мени тўхтатди. Бежо гап айтдиммикан?! Менга синчковлик билан тикилганча шундай деди: «Ўзбекча яхши гапирар экансиз, лекин менга бошқа бундай сўзлар билан мурожаат қилманг. Бу каби тумтароқ мурожаатларни тожик (президенти) Раҳмон кабиларга сақлаб қўйинг. Шундай оҳанжамадор мурожаатлар унинг жону дили. Мен эса камтар одамман. Менга шунчаки жаноб президент деб мурожаат қилишингиз мумкин». Кейин у табассум билан қўшиб қўйди: «Лекин ўзбекча гапирганингиз менга ёқди. Буни тарк этманг. (Мамлакатимиз) бўйлаб саёҳат қилинг. Истасангиз кўрган-билганларингиздан мени ҳам хабардор қилинг. Ҳозирдан айтишим мумкин, бу ерда яхши ишлаб кетасиз».

Муз кўчган эди.

Қисқа нутқимдан кейин яна бир соатлик асосан яккахон суҳбат кечди. Мулоқот асносида мен Ўзбекистоннинг қўшнилари ҳақида кескин луқмалар, ҳазиллар ва панд-ўгитларни эшитдим. Сўнг Каримов ўрнидан турди ва мени эшикка қадар кузатиб қўйди. Кейинроқ билдимки, у бу каби мулозаматга ҳамма меҳмонларни ҳам ноил этавермас экан. Муносабатимиз ёмон бошланмади.

У шахс ёқадими-йўқми, қатъи назар, элчи ўзи аккредитациядан ўтган мамлакат раҳбари билан соз муносабатда бўлгани маъқул. Гап шундаки, бу дипломатнинг ўз вазифасини қойилмақом бажариши, яъни ҳукумат талаб этаётганидек, ўша шахсни муайян фикр-қарашга ишонтиришида катта аҳамият касб этади. Бу, айниқса, мамлакатни автократ давлат раҳбари яккабошлик асосида, темир қўл билан идора этаётган ҳолатда ўта муҳимдир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мен, АҚШ элчиси сифатида Ўзбекистондаги номақбул инсон ҳуқуқлари ҳолати учун ҳам хос давраларда, ҳам жамоатчилик кўз ўнгида Каримовни қоралашим лозим деб ҳисоблашар эди. Лекин, очиғини айтсам, мен бу хил ёндашув бирор самара берганини кўрмаганман. Ҳар ҳолда, бундай хатти-ҳаракат инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамоасига хуш келса-да, элчининг дипломат сифатидаги фаолият самарадорлигига рахна солгани, унинг мамлакат раҳбарияти, ҳукумати ва ҳатто мезбон жамият билан бевосита мулоқот имконидан маҳрум этганига гувоҳман. Инсон ҳуқуқлари ёмонлашуви бобида гап борса, ҳукумат йўлдан адашган элчи ёки инсон ҳуқуқлари жамоатчилигига аччиқ сабоқ бериб қўйишга уринганидан нохушроқ вазият бўлмаса керак.

Мен Каримовнинг шахсий қарашлари ёки бошқарув услубини ўзгартиришга у қадар катта умид қилганим йўқ. Лекин ўзига бино қўйишдан фарқли ўлароқ, ҳурмат, муайян маънода тушуниш ва юмор ҳиссини кўрсатиш орқали унинг кескинлигини бироз юмшатгандек бўлдим. Бундай ёндашув менга ва Каримовнинг нисбатан жасур вазирларига ҳимоя шамсияси тақдим этдики, айрим мураккаб масалалар, жумладан, инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал этиш йўлида қадам-бақадам ишлаш имкони туғилди. Бунинг бош сабаби — босс мени ҳурмат қиларди. Буни ишонтиришнинг нозик санъати, яъни менинг касб-корим — дипломатия деб атаган бўлур эдим.

Мен Каримовнинг сафар қилиш ва бу ҳақда унга маълумот бериб бориш хусусидаги маслаҳатига ҳам риоя қилдим. Асосий вақтимни Тошкентдаги элчихонадан ташқарида — вилоятлар бўйлаб сафарда ўтказишга интилдим. Табиийки, мен асабий маҳаллий мулозимлар билан хўжакўрсин расмий учрашувлар ўтказишга мажбур эдим, аммо шунчаки айланиш, бозорларга бориш, дўконларга бош суқиш, одамларни тинглаш, мулоқот қилиш мен учун энг манфаатлиси эди. Хайриятки, Каримов билан «дўстона» муносабатим ва унинг Ўзбекистон бўйлаб сафар қилиш ва танишиш ҳақида кўрсатмаси мендан аввалги элчилар мамлакат бўйлаб саёҳат давомида дуч келган бемаъни чекловларнинг айримларига барҳам берди. Расмий ҳамроҳлар улардан ҳукумат тузиб берган ташриф дастурига оғишмай риоя қилишни талаб этган, бу эса ҳукумат истаганидан бошқа шахслар билан учрашмасликни англатар эди.

Мен эса, аксинча, истаган одамим билан гаплашиб, истаган еримга боришим мумкин эди. Менга бириктирилган маҳаллий протокол «нозири» эътироз билдирган пайтларда шахсан президентнинг топшириғини бажараётганим, сафар ва таассуротлар ҳақида унга ҳисобот беришимни айтар эдим. Тамом-вассалом! Мулозим тағин Тошкентдан гап эшитиб қолмай деб бошқа эътироз билдирмас эди. Ҳар гал йил якунида Каримовга «йиллик ҳисобот» — дипломатик мактуб юборар, Ўзбекисонда кўрган-билганим барча жиҳатлар — ютуқ ва муаммоларни баён қилар эдим. Эшитишимча, у мактубларимни қадрлар эди. Каримов билан ўзаро тушунишимиз мустаҳкамланар, бу эса кейинроқ ўз дипломатик кун тартибимни илгари суришда асқотар эди.

Каримов билан учрашувларни меъёрдан ошириб юбормадим, аммо у яккама-якка суҳбатлашган, эҳтимол, ягона элчи мен эдим. Унинг ўзи мен қабул қилишини сўраганимдан кўра кўпроқ суҳбатга чақирарди. Америка юқори мартабали амалдорларининг у билан учрашувларида ҳам ҳозир бўлганман. Шундай учрашувлар, хусусан, менинг раҳбарим — давлат котиби билан мулоқотда у кулибгина ёмон элчи эканимдан шикоят қилгани ёдимда: Ўзбекистонни беш қўлдек биламан, аммо барибир ҳукуматимнинг Ўзбекистонга доир сиёсатига таъсир ўтказишга ожизман. Мен унинг ҳазил туйғуси ва ширали тилини қадрлашимни ҳам cезар эди. Америкадан келган мулозимлар билан учрашувларда заҳархандаю пичингли сўзлардан кейин, унинг гаплари таржима қилинаётган аснода, менга мийиғида кулганча нигоҳ ташлар, камина ҳам жилмайишдан ўзимни тиёлмасдим.

Каримов, шунингдек, мен қаерда бўлганиму нималар қилиб юрганимдан хабардор эканига ишора қиларди. Албатта, буни билар ва бошқача бўлиши мумкин эмаслигига ишончим комил эди. Очиғини айтганда, бу мен дуч келган хавотирли ҳолатлар ва хабарларни унга тўғридан-тўғри етказишда қўл келарди. Бутун карьераси давомида чеклов муҳитида яшаб ишлаган инсон сифатида мен муттасил кузатув ва телефон сўзлашувлари тингланиши каби даҳшатли ҳисни енгиб ўта олдим. Мени кузатишларидан ўз манфаатим йўлида фойдаланишни ўргандим. Бу ҳол айрим ўзбек маҳкумларининг оғир ҳолатига Каримовнинг эътиборини қаратиш имконини берди. Мен уларнинг оила аъзолари билан учрашганимдан кейин улар кутилмаганда озод этилар ёки уларнинг тутқунлик шароити енгиллаштирилар эди.

Қайсидир вақтда, элчилигим тугашига яқин Каримовнинг ғалати оилавий масаласига ҳам аралашиб қолдим. Янги йил арафаси эди, элчихонада кеч соатларга қадар ишлаб ўтиргандим. Элчихонанинг кириш эшигидаги қўриқчи менга қўнғироқ қилиб, бир киши зудлик билан мени кўрмоқчи эканини айтди. Меҳмон — Каримовнинг ўша пайтда оиладан алоҳида яшаётган тўнғич қизи, экстравагант Гулнора Каримова эди. Ёнида унинг Қўшма Штатларда туғилган икки фарзанди ҳам бор эди. Мен уларни элчихонадаги меҳмонлар учун мўлжалланган хоналардан бирида якка қабул қилдим.

Versace ва Gucci либосларини кийиб олган Гулнора ўз ҳаёти ва муаммолари ҳақида узоқ гапирди. Мен уни сабр билан эшитарканман, мендан нима хоҳлашини тусмоллардим. Кўнглимда ишқилиб элчихонамиздан бошпана сўрамасин-да, деган хавотир бор эди. Мен одатда ҳукумат босимига учраган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳикоясини тинглардим, аммо не тонгки, ҳозир қаршимда Ўзбекистон президентининг қизи турар ва ўз оиласи томонидан таъқиб қилинаётганини айтаётган эди.

Гулноранинг икки соатлик одамни толиқтирувчи монологи (ҳа, у отасининг қизи эди) сўнггида оҳистагина мендан нима хоҳлашини сўрадим. У отаси билан учрашув ташкил қилиб беришимни сўради. Унинг иддаосича, онаси, синглиси ва Каримовнинг атрофидаги аъёнлар унинг Гулнорани кўришига тўсқинлик қилишаётган экан.

Шундан сўнг енгил нафас олдим ва соат миллари ярим тун ҳамда янги йилга қараб оғаркан, Гулнора ва фарзандларини кўчага, уларни кутиб турган йўлтанламасга кузатиб қўйдим. Кузатарканман, отаси билан учрашув масаласида қўлимдан келганича ҳаракат қилишимни айтдим. Эртасига — Янги йил куни Каримовга хабар етказишга муваффақ бўлдим. Бироз вақт ўтгач Гулнора менга хурсандчилик билан хабар йўллаб, учрашув белгиланганини айтди. Кейинроқ Гулнора менга учрашув яхши ўтмагани, отаси ғазаб устида унга шиппагини улоқтирганини айтиб берди. Шундан кейин Гулнорани бошқа кўрмадим.

Гарчи Гулноранинг кўпгина камчиликлари бўлган ва у бир нави актриса бўлган эса-да, тан олишим керак, у президент қизи бўлиш қанчалик оғир эканини айтган пайт мен унга бир қадар ачиндим. Ўзининг сўзларига кўра, у ўз иродасига қарши отасининг майли билан турмушга узатилган ва бола туғиб уйда ўтириши керак эди.

Гулнора отасининг бизнес ва сиёсатдан узоқ туриш, дипломат касбини танлаш ҳақидаги маслаҳатига амал қилмаганидан афсусда эканини айтди. Охир-оқибат у ўз танлови билан яшашга мажбур бўлди.

Каримов мен билан суҳбатда бу воқеани бирор марта ҳам эсламади. Аммо пировардида менга ишончли одам сифатида муносабатда бўлди, деб ўйлайман.

Шундан сўнг мен яна бир-икки марта Каримов мени ўзининг қароргоҳида кўришни истаётгани ҳақида хабар олдим. Одатда бундай учрашувлар кечки пайт бўлар эди. Мен нима учун кўрмоқчи бўлаётганини олдиндан билолмасдим — элчихонамиздан ранжимадимикан, бирор киши билан кўришганимиздан ғазабга келмадимикан, деган хавотир бўларди. Лекин кейинчалик билсам, у шунчаки гаплашмоқчи бўлган экан. Суҳбат чоғида ўзининг хорижий давлат раҳбарлари билан охирги учрашувлари ҳақида гапирди. Дунёдаги аҳволдан нолиди, ўзининг ўтмишдаги баъзи ҳаракатларидан афсусланишини ҳам айтди, аммо ўша пайт нима учун айнан шундай қилганини асослашга уринди. Мен ўзимни дипломатдан кўра кўпроқ психиатрдек ҳис қилдим ва кейин ўйладим: дипломат ҳам бир нави психиатр эмасми?

Бу тунги сеанслар менга Каримов шахсияти ва зеҳнияти ҳақида жуда қимматли маълумотларни берди. Гарчи у мен билан ўзи ҳақида Вашингтонга ёзиладиган ҳисоботлардаги имижини яхшилаш учун ўйин қилаётган бўлиши мумкинлигини назардан соқит қилмасдим.

Ўзининг монологлари сўнггида у мендан шахсий фикрим, шунингдек, Вашингтондаги одамлар ва сиёсат ҳақида сўрарди. Бу мен учун Каримовга Вашингтоннинг унга бераётган баҳосини етказиш ва, шунингдек, агар ўз имижини яхшилашни истаса, нималар қилиши мумкинлиги ҳақидаги фикримни бўлишиш имконини берарди. У мени диққат билан эшитар ва хўрсиниб қўярди. Суҳбатларимиздан бирида у берган изоҳ ҳамон ёдимда: «Жаноб элчи, мен узоқ вақтдан бери сиёсатдаман. Мен бир нарсани ўргандим: оқ қўлқоп билан сиёсат қилиш мумкин эмас. Сиёсат ҳар доим жирканч иш бўлган, ҳозир ҳам шундай ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади».

Ўзим ишлаган мамлакатлардаги сиёсатий кузатишларим, шунингдек, АҚШдаги сиёсатдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мен унинг фикрига қўшилишга мажбур эдим. Сиёсат, бу — чангалзор ва унда одатда мослашувчилар ёки маккорлар ва ё-да шафқатсизлар омон қолади.

Ислом Каримов ва Татьяна Каримова АҚШ биринчи хоними Ҳиллари Клинтон билан, 1997 йил. Фотосурат «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданИслом Каримов ва Татьяна Каримова АҚШ биринчи хоними Ҳиллари Клинтон билан, 1997 йил. Фотосурат «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

Каримовнинг Марказий Осиё ва бутун минтақага нисбатан ёндашуви ҳайратланарли даражада чуқур ва тўғри эканлигини ичимдан ҳис қилдим. Афсуски, унинг кўплаб америкалик суҳбатдошлари Каримовнинг сўзларига кўп ҳам тоқат қила олмас эди. Аммо, америкалик меҳмонлардан фарқли ўлароқ, Каримов бутун умри давомида Марказий Осиё минтақасида яшаган ва ўз минтақаси ва унинг муаммоларини меҳмонлардан кўра яхшироқ билган. АҚШ давлат котиби Клинтон билан учрашувлардан бирида Клинтон Каримовдан Марказий Осиёга раҳбар бўлиш учун ўз таъсиридан фойдаланишни ўйлаб кўришни сўраганини яхши эслайман.

Каримов йиғилишда одатдагидек қаламни тутганча ўтирарди. Шунда у жилмайиб, таклиф учун Клинтонга миннатдорчилик билдирди, сўнг эса қўшнилари уни ҳеч қачон раҳбар сифатида қабул қилмасликлари ҳақида гап бошлади.

«Улар худбинликлари сабаб менга ҳеч қачон қулоқ солмайдилар, бундан ташқари, мен учун устувор давлат — Ўзбекистон, бошқаси эмас», дея жавоб берди. Кейин у ўзининг севимли ибораларидан бири, Черчиллнинг гапини такрорлади: «Давлатларнинг дўстлари бўлмайди, фақат манфаатлари бўлади».

Аввал давлат котибига, сўнг эса менга қараб, чинакам Каримов услубида: «Агар Марказий Осиёга етакчи хоҳласангиз, дўстингиз Назарбоевга айтинг. У раҳбар деб аташларини ЯХШИ КЎРАДИ», дея маслаҳат берди.

Каримов америкалик меҳмонларни, айниқса америкалик генералларни Афғонистонда, Ироқда, Яқин Шарқда, шунингдек, Россия ва Хитой билан муносабатларда муқаррар муваффақиятсизликларга дуч келишини айтиб, танқид қиларди. Унинг бу самимийлиги, табиийки, меҳмонларга ёқмасди, лекин афсуски, унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди.

Тошкент АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари ва Конгресс делегациялари учун нега серқатнов манзил бўлмагани ажабланарли эмас — агар уларга Каримовдан бирор нарса керак бўлмаса, албатта, масалан, Афғонистонга ҳарбий юкларни олиб ўтиш сингари масалаларда.

Қизи Гулноранинг тақдиридан келиб чиққан ҳолда ҳам айтишим мумкин, мен билган Каримов, ҳатто оиласига нисбатан ҳам илиқ одам эмас эди. У ҳар доим ҳамма нарсада устунликка эга, бироқ кўпинча ҳақ эди. Каримовнинг болалик даврига назар ташласангиз, у оила меҳрисиз улғайган, ёшлигидаёқ шафқатсиз дунёга ташланган ва, эҳтимол, у ўша дунёда зўравонлик, ирқчилик ва катта камситишларга учраганини англайсиз. У ҳеч қачон болалиги ҳақида гапирмаган. Каримовда Назарбоевга ўхшаган шахслар, унинг назарида ўзидан ақл-заковатда орқада, лекин кўпроқ эъзозланган одамларга нисбатан ички душманлик бор эди.

У қаттиқ ўқиди, жиддий ўйлади, унинг овози, қарашлари ҳурмат қилиниши кераклигини ҳис қилди.

Каримов Ўзбекистонни бошқаришга ниҳоятда жиддий киришди. У ўзини халқи ва бошқа давлатлар томонидан ҳурмат қилинишини истаган ўзбек миллий ўзига хослигини шакллантиришга бағишлади. Каримов учун биргаликда ёки жамоавий қарор қабул қилиш деган тушунча ёт эди. У Москва таълимини олмаган бўлса-да, ҳаётини совет Ўзбекистонининг (ҳатто совет меъёрлари бўйича ҳам) қолоқ бир чеккасида ўтказган, бу унинг тажрибаси ва дунёқарашини чеклаган эди. Каримов совет Ўзбекистонининг чиркин дунёсида сиёсий омон қолиш санъатини жуда пухта ва тез англаб етди. Буни амалда қўллаши эса унинг ички ва ташқи сиёсатдаги ёндашувига таъсир кўрсатди. Каримов идеалист эмас эди, ўзини ҳаддан ташқари реалист деб ҳисобларди.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчилигига номзодим эълон қилинганидан кўп ўтмай, Оқсаройга охирги таклифномани олдим. Каримов ташқи ишлар вазири Комилов ҳамроҳлигида ўтирар эди. У суҳбатни Остонанинг ибтидоий маданияти ва совуқ ҳавоси учун нега маданиятли ва илиқ Ўзбекистонни тарк этаётганимни сўрашдан бошлади.

«Бизни, таомларимизни, маданиятимизни ёқтирмайсизми? Ўша кўчманчилардан фарқли ўлароқ, бизда маданият бор», дея мени танқид қилган бўлди ва Вашингтонга шикоят қилишини, ҳатто менга чиқиш визаси бермаслик ҳақида ўйлаб кўришини ҳам қўшиб қўйди.

Мен эса «президент буйруқ берса, дипломат бўйсуниши керак, менинг президентим шундай буйруқ берди. Мен ҳам худди сизнинг элчингиз каби бўйсунишга мажбурман», дея жавоб беришдан нарига ўтмадим.

Қозоқ маданияти ва ошхонасига мослашиб кетишимга шубҳам йўқ эди. Шундан сўнг Каримов жилмайиб қўйди ва маккор қозоқларга, айниқса ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан қандай муносабатда бўлиш борасида бир-икки маслаҳат берди. Бу сўнгги учрашувимиз ва Ўзбекистоннинг биринчи президентидан олган сўнгги дарсим эди.

Крол мемуарларининг Назарбоевга бағишланган иккинчи қисмида (унда ҳам, қозоқ давлат раҳбарига таъриф бериш жараёнида, Ўзбекистон етакчисига ҳам баҳо бериб кетаверган) Қозоғистон президенти АҚШ элчиси билан муҳокама қилишни ёқтирадиган мавзулардан бири айнан Ислом Каримов бўлганини таъкидлаган: «Назарбоев мен билан муҳокама қилишни ёқтирадиган мавзулардан бири — унинг жанубдаги ҳамкасби Каримов эди. Қозоғистонга келганимдан кейин Назарбоев билан бўлган илк учрашувимизда, у Каримов билан охирги суҳбатим мазмунидан яхши хабардор эканини кўрсатиб, табассум билан Остонада совқотмаяпсизми, овқатларимиз ва бой қозоқ маданияти ёқяптими-йўқми, деб сўради. Кейинчалик бу ўртамиздаги бир ҳазил гапга ҳам айланиб қолди».

Мурод Муҳаммад Дўст, 1993−1999 йилларда Ўзбекистон президенти матбуот котиби

Ислом Каримов ижодкорлар билан учрашувда. Мурод Муҳаммад Дўст — орқа фонда, қора кўйлак ва йўл-йўл галстукда. Фото: «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомиданИслом Каримов ижодкорлар билан учрашувда. Мурод Муҳаммад Дўст — орқа фонда, қора кўйлак ва йўл-йўл галстукда. Фото: «Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон» фотоальбомидан

«Лолазор» романи муаллифи, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст 2024 йил январида «Лолазор» подкастида меҳмон бўлиб, жумладан, Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари билан бўлишган эди. Унда бозорга ҳам қўриқчиларисиз бир ўзи бориб келадиган президент қандай қилиб изоляцияда қолиб кетгани, уни қандай алдашга уринишгани ва унинг ўзи нималардан нафратлангани ҳақида сўз боради.

Ислом Каримов қандай инсон эди? Мурод Муҳаммад Дўст бу саволга бир сўз билан, осон жавоб бериш мушкул эканини тан олгани ҳолда, Ислом Каримов «катта шахс» бўлгани, шу билан бирга «баъзан шафқатсизларча қаттиққўл ҳам бўлган»ини таъкидлаган.

«Айни замонда уни оддий бир одамлардек хурсанд бўлган ёки бошига мусибат тушган пайтларда қайғурган ҳолатларини ҳам кўрганман. Ҳамма қатори одам [эди], у одамни гарданига тушган юк жуда оғир эди-да. Ўжар эди, сиёсатда ҳам кўпинча шу ўжарлиги қўл келарди. Кўпроқ Ўзбекистон манфаатларини ўйлаб, баъзи пайтларда душман орттиришдан ҳам қўрқмасди. [Исроил бош вазири Бенямин] Нетаняҳу билан биринчи учрашгани ёдимда. Бир-бирига ўта ғалати ва зиддиятли, худди душманга қарагандек қараган. Кейин иккаласи яқин бўлиб қолган. Агар Ислом аканинг қаршисидаги одам тепадан келса, унинг ҳам бирдан ўзбеклиги тутарди», — дейди ёзувчи.

Ёзувчи биринчи президентнинг ўзига хос характер эгаси, анчагина қайсар бўлганини ифодалаб бера оладиган бир воқеани ҳам ҳикоя қилиб берди.

«Фарғона прокурори устидан ўзимизнинг аппарат одамлари, вилоят ҳокимлиги ва бошқалар томонидан шикоятлар тушган. Кейин Ислом ака: „Ўша прокурорни текширинглар ва йўқотинглар“, деб топшириқ берди. Уни мутасадди одам текширди-да, ҳеч қандай чора кўрмади. Каримов кейин уни яна чақириб: „Нимага уни йўқотмадинг?“, деди. „Текширув давом этяпти, лекин биз ҳозирча ҳеч нарса тополмадик“, дея изоҳлади. „Сени қўлингдан ҳеч нарса келмайди, бирор нарсани эплаб қилолмайсизлар“, деди Ислом ака. Орадан ярим йил ўтдими, ўша пайтда бош прокурорнинг биринчи ўринбосарини [тайинлаш керак бўлиб қолди]. Номзод қилиб уни олиб киришади — ўтмайди, бунисини олиб киришади — ўтмайди. Шунда: „Одам топиш ҳам қўлингдан келмайди-да, а? Ҳаммасини ўзим қилишим керакми? Сақлаб қолганинг бор-ку, Фарғона [прокурори], ўшани олиб келиб қўй“, деган. Кейин ўша одамни олиб келиб қўйишди. Ҳозир у акамиз раҳматли бўлди — жуда ҳурматли, яхши ва ақлли одам эди. Анча вақт ишлади, кейин давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ҳам ишлади, менимча. Лекин шу одам қурбон бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Топшириқ олган текширувчи саллани олиб кел деса, каллани олиб келиши ҳам мумкин эди-да. Лекин шу ишни қилмаган», — дейди у.

Мурод Муҳаммад Дўстнинг қайд этишича, орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, баъзи масалаларни, хусусан, «ён-атрофдаги мамлакатлардан, „орқадан“, „пастдан“ қилинган муносабатларни, ҳеч ким билмайдиган нарсаларни» ҳали ҳам очиқ айтиб бўлмайди.

«Мен сизларга шунчаки бир шаъма қилишим мумкин. Мисол учун, Ўзбекистонга қарши кайфиятда бўлган айрим террористик деб тан олинган ташкилотлар ҳам ўзидан ўзи пайдо бўлган эмас. Қайсидир бири қўшнимизнинг ҳудудида, қайсидир бири яна бир дўстимизнинг молиявий кўмагида ташкил қилинган. Буларнинг кўпини айтиб бўлмайди. Аммо Ислом ака шуларни кўрганида куюниб кетарди. Айтайлик, кўпинча толибларнинг снарядлари Термиз атрофига келиб портлаган пайтлари бир вагон снаряд ололмаганимизни эслаб, хафа бўларди. „Ўзимиз бўлишимиз керак, ҳамма нарса ўзимизда бўлиши керак, сен учун ҳеч ким қайғурмайди, ўзбек ўзи учун ўзи қайғуриши керак“, дерди», — дея хотирлайди ёзувчи.

«Баъзида мен уришиб қолардим. „Нима, сен сиёсатни тозагина қўл билан [юритмоқчи бўласанми?]“, дерди. „Ҳеч бўлмаса нисбатан тоза қўл билан сиёсат қилиш керак“, дер эдим. [Каримов] уришарди, лекин баъзи пайтда шу гапга ҳам кўнарди. Сиёсатда барибир дўст бўлмайди-да. Сиёсатда иттифоқчи ҳам бўлмайди. Бугун иттифоқчи, эртага у хизматини ўтаб бўлганидан кейин, уни чеккага чиқариб, бошқа бир мақсадга хизмат қиладиган иттифоқчини топишга тўғри келиб қолади», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Президентлигининг дастлабки йилларида Ислом Каримов бир ўзи бозорларга борган, матбуот анжмунларида унга олдиндан тайёрланмаган, эркин саволлар берилган, аммо орадан вақт ўтиб, Мурод Муҳаммад Дўстнинг қайд этишича, президентнинг атрофида девор (изоляция) пайдо бўлган.

«Бошида [Ислом акани] олдига Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа вазирликлари ва Давлат хавфсизлиги раҳбарлари, баъзи пайтларда газеталарнинг муҳаррирлари кирарди, аммо муҳаррирларни камдан-кам чақирарди. Матбуот анжуманлари бўлганида эркин саволлар бериларди. Биринчи йилларда Ислом ака қўриқчилардан қочиб, ўзи Олой бозорларига бориб келарди. Вақт ўтиб, атрофида изоляция пайдо бўлган», — дейди адиб.

«Одамзот бир жойда кўп ўтириб қолганидан кейин нуқул яхши гап эшитгиси, хурсанд бўлгиси келади-да. Шундан кейин хунукроқ ахборотларни ундан яшира бошлашади. Масалан, газеталарда салгина танқидийроқ материал чиққан бўлса, ўша сони олиб қўйилар, [президентнинг ёнига киритилмас эди]. „Фалон газета қани?“ деб сўраса, бугун чиқмади дейиларди. Ёдингизда борми, Маркеснинг асарида президентнинг бир ўзи учун газета бир нусхада чиқарилади-ку… Ўша вақтда президентдан ахборотни яшириш бор эди», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

«Бир куни турмадан 14 метрли чох қазиб, уч-тўртта маҳкум қочиб кетди. Ислом акага шуни: „7 метр чох қазилган“, деб ахборот киритишди. Кейин мен ахборот киритган одамдан бунинг сабабини сўрадим. У бўлса: „14 метр бўлгунича қараб ўтирдиларингми, дейди, 7 метр деб берилса, яхши бўлади, деб ўйладим“, дея жавоб қайтарди. Мен „Турмадан барибир қочишган бўлса, нима фарқи бор?“, дедим. Хавф-хатарнинг ҳам, бошқасининг ҳам метрини, градусини, граммини камайтиришарди. Саид Аҳмад акани бир ҳазили бўларди. Тошкентда зилзила бўлган пайтда балини камайтириб айтишардида. Саид Аҳмад ака раҳматли: „Хайрон қоласан, шу балимиздан ҳам уриб қолади-я“, дерди. Бу ахборотни тўғри киритмасликдан — фильтр қилинарди», — дейди у.

Ўзбекистонда миллий валюта — сўм муомалага киритилганидан кўп ўтмай, 1996 йилда валюта конвертацияси чекланди. Бу чекловлар кейинчалик кучайиб, фақат 2017 йилга келибгина бекор бўлди. Мурод Муҳаммад Дўстнинг фикрича, конвертациянинг чекланиши мамлакатдаги «бир ҳовуч одамлар»нинг бой бўлишига хизмат қилди, холос.

«Конвертация масаласи 1994 йилда бошланди. Ўзбекистоннинг ҳам, Ислом аканинг ҳам энг катта хатоси шу ерда бўлган. Ислом акага: „Валюта [четга] чиқиб кетади, ерда ўтириб қоламиз“ , дейишарди. Лекин бирортаси „Ислом ака, бу ўзбек нонни қулоғига емайди, оғзига ейди. Валютасини олиб чиқса, унинг ўрнига бирор нарса олиб келади. Керак бўлса, яна олиб чиқиб сотади“, демаган. Хуллас, валютани назорат қила бошлашди. Кейин конвертация деган нарса чиқди. Ўша одамлар учун конвертация ўйлаб топилди. Бўлмаса, агар ўша туришимизда кетганимизда, иқтисодиёт либераллашиб бораверганида, [ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди]. [Ўша пайтда иқтисодиётда] старт позициямиз Қозоғистонникидан яхши эди. Ўшанда [Ислом аканинг] атрофида 100 та оила бой бўлиб олди, миллиардерлар ва бошқалар пайдо бўлди. Шу жуда катта хато бўлди. Валюта назорати бир ҳовуч одамлар қўлида бўлди, валютада тўртта курс пайдо бўлди. Биз валюта алмаштиришга кучи етадиган одамларни бойитдик. [Ислом ака] ҳам, менимча, буни биларди. Чунки у одам барибир иқтисодчи эди. Лекин имкони бўлмаганми, билмадим…», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Ислом Каримов Мустақилликнинг дастлабки йиллари ўз туғилган кунларини, хизмат сафари билан ҳар йили Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига боргани учун, Швейцарияга нишонлаган.

«[Ислом аканинг туғилган кунини] тўрт-беш марта Швейцарияда — Давосда нишонлаганмиз. Нетаняҳу билан ҳам ўша ерда учрашган. Туғилган кунида оддийгина стол тайёрланиб, дастурхонга овқатлар [тортиларди], „сухой“ вино [ҳам бўларди]. Ислом аканинг ичимлигини [назорат қилувчи шахс] доим қўлида олиб юрарди. Бирор жойга қўйса ҳам ўша ердан кўзини узмасди, хавфсизлик нуқтаи назаридан. Кейин, бир-икки марта [Тошкентда] ҳам нишонланган. Лекин уйида қандай нишонлаганини билмайман. Туғилган кунида олдига кириб, гулга ўхшаган нарса бериларди. [Амалдорлар] унга совға беришга қўрқарди. Ислом ака ҳам баъзида бошқаларни туғилган кунидан хабар топса, хонасига кириб табрикларди», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

Таниқли ижодкорнинг сўзларига кўра, Каримов амалдорларнинг ўзаро қуда бўлишини ёмон кўрган.

«Бир куни биттаси тўйга таклифнома олиб кирибди. Сал олдинроқ унинг қудаси ҳам [таклифнома] олиб келган экан. Ислом ака: „Кўрмайсанми буларни, бунисининг пули, унисининг эса қўлида кучи бор. Эртага бирортасида муаммо бўлса, буниси ўғлини ёки униси қизини қўйиб юборади“, деганди. Лекин улар бир-бирини қўйиб юбормади. Сабаби — чамбарчас боғланиб кетишди. Ислом ака катталарнинг бир-бири билан қуда бўлишини ёмон кўрарди. Уларнинг нима мақсадда қуда бўлаётгани тушунарлику», — дейди Мурод Муҳаммад Дўст.

2007 йилда Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида «18-квадрат» фильми суратга олинган. Ёзувчининг ёдга олишича, Ислом Каримов фильмнинг дастлабки версиясини кўриб чиққач, 24 банддан иборат тузатишлар рўйхатини тақдим этган.

«Масалан, фильм қаҳрамони бўлган милиционер йигитни террорчи аёл „Акажон, мени қутқаринг!“ деб келиб, қучоқлаганидан кейин портлаб кетадиган саҳна бор эди. Ислом ака ўша жойини олдиртириб ташлаган. Сабабини сўрасам, „Ёмон намуна — юқумли“, деган. Бундан ташқари, она образи ва дуо бўлиши керак, деган фикр берган, буни киритганмиз», — дея эслайди ёзувчи.

«Фильмда ДАН ходимининг устидан кулинадиган жойлар бор эди. Раҳматли Обид Асомов ДАН ходими ролини ҳам ўйнаган эди. „Шундоқ ҳам буларнинг устидан ҳамма кулади, қўйинглар энди — сизлар ҳам кулманглар“, деган (кулади). Биз Ислом акани „бош режиссёр“ дердик. Эринмаган одам-да, фильмга аралашиб, 24 пунктдан иборат тузатиш берган — ғалати-да бу», — дейди у.

Ислом Каримов ўз хатоларини тан олишга мойил бўлган, аммо, Мурод Муҳаммад Дўстнинг таъкидлашича, президентга хатоларини айтадиган одам бўлмаган.

«Баъзи пайтларда Ислом ака „Нега менга ҳеч ким гап қайтармайди, мен ҳам хато қиламан-ку?! Нега ҳеч ким сен нотўғри гапиряпсан, деб айтмайди“, дерди. У ўзининг хатоларини тан олишга мойил эди. Лекин унинг хатосини айтадиган одам йўқ эдида. Бир куни Ислом ака ҳазиллашиб: „Сен мен ҳақимда қачон ёзасан?“, деди. „Ислом ака, сиз ҳақингизда кетганингиздан кейин ёзаман. Бугун мақтаётганларнинг ҳаммаси ўшанда сизни сўкади, мен эса тўғри гапларни ёзаман, қандай кўрган бўлсам, шундай ёзаман“, дедим. Бу гапим унга ёқмади. Балки гапларимни: „Бу дунёдан ўтганингиздан кейин“, деб тушундими, билмадим. Лекин мен [Ислом Каримов] ҳақида ҳали ёзганим йўқ. У ҳақида ўзимнинг қарашларим бор. Хатоларини ҳам, яхши фазилатларини ҳам биламан. Баъзан „Сизлар тўғри айтган экансизлар“, деган пайтлари бўлган. Масалан, гап қайтарсангиз, икки-уч кун аразлаб, телефон қилмасдан, гаплашмай қўярди. Кейин: „Сизларни айтганларинг бўла қолсин, майли билганингни қил“, деб қўярди. У ҳам тан олгани бўларди. Тўғри гап бор, лекин ҳақиқатни айтадиган одам йўқ. Шунинг учун ҳақиқат оёқнинг остида қолиб кетади-да», — дейди ёзувчи.

Мурод Муҳаммад Дўст ўз вақтида Каримовнинг шахсига ва у билан бирга Ўзбекистоннинг келажагига қаттиқ ишонганини таъкидларкан, жумладан, шундай дейди: «Илгари ҳам айтганман, мен хоҳлайманми, хоҳламайманми, яхшими, ёмонми, масалан, унинг ҳамма гуноҳларига шерикман — ёнида бўлганман-ку. Ўзимни оқламоқчи эмасман. Балки мен бирор ёмон ишда қатнашмаган бўлишим мумкин, лекин мен — шерикман. Аммо биз унга жуда қаттиқ ишонганмиз. Унинг шахсига, Ўзбекистоннинг келажагига ва бошқасига нисбатан кўнгилда ишонч бор эди. Бўлмаса, менга пишириб қўйибдими у ерга бориб ишлашни? Кўнгилда бир нимадир бор эди-да, яхши ишлар қиламиз, деб ўйлаган нарсаларимиз бор эди».

Азамат Зиё, 1999−2000 йилларда Ўзбекистон президенти матбуот котиби

Ислом Каримов 1999 йил 16 февраль воқеалари вақтида телевидениега интервью бермоқда, орқа фонда — Азамат Зиё. Кадр: YouTube / Islam KarimovИслом Каримов 1999 йил 16 февраль воқеалари вақтида телевидениега интервью бермоқда, орқа фонда — Азамат Зиё. Кадр: YouTube / Islam Karimov

Тарих институти директори Азамат Зиё 2024 йил августида «Kun.uz»га берган интервьюсида Ислом Каримовнинг тарихга қандай муносабатда бўлгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Ислом аканинг бизни халқимизнинг тарихи ҳақидаги тушунчалари совет тарих китобларидан шаклланган. Бир кун менга гапдан-гап чиқиб: «Мана, сен Муҳаммад Шайбонийхонни улуғлайсан, ваҳоланки, у темурийларни йўқ қилди-ку», деб қолдилар. Сал тажриба тўплаб, айлантириб, дипломатлик билан гапиришга ўрганган пайтим эди — Ислом акага дадамлар (тарихчи Ҳамид Зиёев — таҳр.) ҳам шундай фикрда эканликларини айтдим, чунки дадамлар ҳақиқатан ҳам шундай фикрда бўлганлар".

Каримовнинг саволига жавоб тариқасида Азамат Зиё «Ўзбекистон давлатчилик тарихи»ни ёзганида отаси билан бўлган суҳбатни айтиб берган. У ўшанда отасига: «Дада, сизлар ўзбек халқи ва бугунги Ўзбекистон тарихи ҳақида гап кетганда қарийб 450 минг квадрат километрли, бир пайтлар Ленин, Сталин бобо тузиб берган Ўзбекистон ССР майдонида фикрлайсизлар», — деган.

Тарихчининг тушунтиришича, «аслида давлатимиз ва бизнинг миллат тарихи худди Миср эҳромлариникига ўхшаш — биз ҳозир унинг учида турганимиз билан, унинг пойдевори кенг». У туркий халқлар яшаган ҳудуд Қора денгиздан Япон денгизигача бўлган улкан кенгликни қамраб олгани, Турон, Туркистон уни маданий ўтроқ бўлаги, марказ ҳисоблангани ҳақида маълумот бераркан, отаси билан бўлган суҳбатнинг давоми билан бўлишади.

«Муҳаммад Шайбоний ва Шайбонийлар шу туркий дунёнинг кўчманчи бўлагини вакиллари бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Темурийлар эса ўтроқ — бу ерда ҳокимиятни ушлаб, марказда ўтирганлар. Муҳаммад Шайбонийхонни шу Туркистон, Турон давлатини бошқаришга қанчалик давоси бўлса, Заҳириддин Муҳаммадда ҳам бўлган ва тескариси».

У мисол тариқасида кўпинча қораланадиган Муҳаммад Шайбонийхоннинг ўзига яраша шоир ва яхши арбоб бўлгани, шу билан бирга, Бобурни қанча яхши кўрмасин, унинг ҳам хатолари бўлгани, буни унинг ўзи ҳам «Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди», дея тан олгани ҳақида фикрлари билан бўлишиб, бизда бир шахс ё оппоқ ёки қоп-қора кўрсатилиши, аслида эса ҳаммада ҳам камчилик бўлишини қўшимча қилади.

«Бобурни улуғлаймиз деб бошқа бир бобомиз — Муҳаммад Шайбонийни ерга уришимиз керакми? Агар биз ҳозир Муҳаммад Шайбонийни босқинчи десак, уни бизга душман қилсак, у ҳозирги Қозоғистоннинг ҳудудига тўғри келиб қолади — Дашти Қипчоқ. Унда 100 йилимиз нима бўлади, деган саволни берганман [дадамга]. Ислом ака ҳам худди дадам сингари ўйланиб қолдилар, жим бўлдилар кейин», — деб эслайди Азамат Зиё.

Каримов туркий давлатлар билан масофа сақлаганми, деган саволга академик аввалига муносабатлар ижобий бўлгани, бу Каримовнинг шахсий қарашлари, шахсий ҳокимият масаласи билан боғлиқлиги, қолаверса, ушбу мавзу ҳақида гап кетганда «қарс икки қўлдан чиқади», деган мақол бунга мос тушишини айтади.

Исмоил Жўрабеков, 1990-йилларда Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари

Ислом Каримов ва Исмоил Жўрабеков. Кадр: BBC UzbekИслом Каримов ва Исмоил Жўрабеков. Кадр: BBC Uzbek

1990 йилларда Ислом Каримовнинг «ўнг қўли» ҳисобланган Исмоил Жўрабеков сўнгги йилларда бир қатор ОАВларга берган интервьюларида Каримов унга Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи Ҳайратон кўпригини портлатиб юбориш ҳақида кўрсатма берганини бир неча бор ҳикоя қилиб берган.

Исмоил Жўрабеков мазкур воқеани яхши эслайди. Ўша куни эрталаб уни ҳузурига чақирган Ислом Каримов Амударё устига қурилган кўприкда нотинчлик эканини айтиб зудлик билан воқеа жойига юборган ва унга кўприкни эгаллаб олган афғонистонликлардан тозалашни ва кўприкни дарҳол портлатиб юборишни тайинлаган. «Бажараман», дея воқеа жойига етиб борганида Жўрабек кўприк устида чамаси 3−4 мингга яқин афғонистонлик ёшу қари хотин-эркаклар билан тўлалиги, кўприк ортида ҳам тумонат одам борлигига гувоҳ бўлган.

«Ҳаммалари бақирган-чақирган, талаблари битта: «Чегарани очинглар! Бизларни Ўзбекистонга ўтказинглар! Ўзбек ерида тинч-осуда яшашимизга имкон беринглар! Адосиз уруш, беқиёс хавфу хатар тинка-мадоримизни қуритди. Бизни ўтказинглар, оиламизни, норасида фарзандларимизни сақлаб қолайлик!».

Бу ҳақиқатан ҳам аянчли манзара эди. Улар нажот истаб, биз томон интилишарди. Раҳмимиз келди. Беихтиёр ёрдам қўлини чўзиб, бошига тушган мусибатга малҳам бўлиш кўнглимиздан ўтди. Бироқ… буйруқ бошқа эди. Кўприкни, одамларни тозалаш ва портлатиш! Жуда қийин аҳволга тушиб қолдим. Нима қилиш керак? Юртига қайтишни истамаётган одамлар билан қай йўсинда гаплашиш лозим? Президент буйруғини одамларга айтсам, улар қандай аҳволга тушаркин?

Умуман, бу топшириқни ошкор қилиш мумкинми? Аммо вазиятни юмшатиш, тобора жунбушга келаётган халойиқни тинчлантириш керак эди. Оқсоқолларнинг гапидан билдимки, кўприк ортида бошқа кучлар турибди. Улар одамларни таъқиб қилиб, шу ергача етиб келган. Жангариларнинг қўлида жон таслим қилгунча, тинч ва осуда ўзбек ерида капа тутиб, бир бурда нон еб, бир ҳўплам сув ичиб ҳаёт кечиришга рози.

Бу пайтга келиб орадан бир соатча вақт ўтган эди. Ногоҳ президентнинг қўнғироғи хаёлимни бўлди.

— Кўприк одамлардан холи бўлдими? Портлатдингми? — Қаттиқ қайғуга ботган раҳбарнинг сўзлари ўйларимни бутунлай алғов-далғов қилиб юборди.

Музокара олиб боряпмиз. Аммо… одамлар…

— Ҳеч нарсани эшитишни истамайман! Портлатасан, тамом-вассалом!

Гўшакни тарақлаб қўйилгани юрагимни ларзага солди. Комиссия аъзоларига юзландим. Баъзилар буйруқни бажариш кераклигини айтди. Бунинг оқибати ёмонлик билан тугаши мумкинлигини қайта-қайта таъкидлаганлар ҳам бўлди.

Айримлар кўприкни сақлаб қолиш ҳақидаги таклифимни қўллаб-қувватлади. Бутун масъулият менинг зиммамда эди. Яна бироздан кейин президент қўнғироқ қилиши аниқ. Агар тайинли жавоб қилмасам, комиссия раислигидан четлатиши, топшириқни эса кўприкни портлатиш тарафдори бўлган генераллардан бирига юклатиши мумкин. Тезроқ бир қарорга келишим керак. Бу ерда эса халойиқ жазавага туша бошлаган эди. Улар: «Ахир бизлар қочоқлармиз! Ўз юртидан жабр кўрган оддий одамлармиз! Бутун дунёда қочоқларни қабул қилади-ку, нега ён қўшнимиз бўлган Ўзбекистон бизга тўсқинлик қилади?», деб ғалаён кўтарарди.

Юпун кийинган, оч-наҳор одамларнинг ҳолатига қарашга аранг куч топаман ўзимда. Аслида улар ҳақ эди. Ёрдам бермасак, бизларни надомат қилишлари аниқ. Бироқ… Ҳозиргина президент таъкидлагандай, одамлар орасида жангарилар яшириниб олган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Агарда шундай бўлса… босқинчилар ўзбек халқининг ҳам тинчини бузиши мумкин. Унда хоин сифатида қамалишим тайин.

Шунда хаёлимга уларнинг каттаси билан гаплашиш керак, деган фикр келди. Қаердан жасорат пайдо бўлди билмадим, аммо таваккал қилдим. Бу ҳаракатимдан қайтарганлар ҳам бўлди, лекин мақсадимдан қайтмадим. Ҳарбий бўлмасам-да, ўзимни командирларча тутишга ҳаракат қилдим. Ярим соат ичида кўприкдан етти километр нари кетишмаса, ҳандақдаги тўп ва миномётларда ўққа тутиб, қириб ташлашимизни айтдим. Шундай ваколатга эга эканлигимни тушунтирдим. Кимдир менинг жуссамга қараб тиржайиб қўйди. Кимдир Наполеонга ўхшатиб, жиддий тортди.

Негаки гапларим кескин, қарашларим жиддий эди. Жавоб қилишларини кутмай ортга қайтдим. Мен билан борган соқчилар ўзимни муносиб тутганимни айтди. Дарҳақиқат, жангариларнинг тунд қиёфасидан фикрларини уқиш қийин бўлса-да, мени диққат билан тинглашган ва бир-бирларига қараб қўйишган эди. Бу эса уларнинг саросимага тушиб қолганликларидан далолат эди.

Кўприкдан ўтишим билан яна қўнғироқ бўлди.

— Нима қилдинг? Портлатдингми-йўқми?
— Музокарамиз…
— Мен сени музокара олиб боришга эмас, юртимизга бўладиган хавфни бартараф қилишга юбордим.
— Ўртоқ президент…
— Гапимни бўлма! Агар ярим соатдан кейин кўприк портламаса, билиб қўй — қамаласан!
— Вазиятни юмшатаман…
— Мамлакат тақдири учун мен жавобгарман. Бир тўда одамларни деб, бутун халқимнинг ҳаётини таҳликага қўя олмайман. Сен буни тушунасанми ўзи?

Нима дейишимни билмай қолдим. Аммо бу пайтда жангарилар аста ортига чекина бошлаган эди. Комиссия аъзоларидан айримлари буни вақтинчалик тактика, мабодо одамларни ўтказа бошласак ёки уларни ортига қайтарсак, бир зумда етиб келади-да, бизга ҳужум қилиб кўприкни эгаллаб олади, деб ваҳима қилди".

Исмоил Жўрабеков Каримов унинг гапини икки қилганларни кечирмаслиги, буйруқни бажармаса, қамалиши ёки «хоин сифатида отиб ташланиши» мумкинлигини билиб турса ҳам кўприкни сақлаб қолиш керак деган фикридан қайтмаган. Қочоқлар тинчлантирилиб, кўприкнинг икки боши ва ўртасига қуш ҳам учиб ўтолмайдиган тўсиқ ўрнатилган. Бундан хабар топган президент уни дарҳол ёнига етиб келишга чақирган.

«Президент қабулхонасига кирарканман, жангариларнинг дала командири билан бўлиб музокарада ўтганда пайдо бўлган жасоратдан асар ҳам қолмагандай туюлди. Унинг қаршисида ҳар қандай одам ҳам саросимага тушиб қоларди. Унинг нигоҳларига қарашга унча-мунча одам ботинолмас эди.

Ислом Каримовда раҳбарга хос салобат, иқтидор, сиёсий куч-қудрат бор эди. Биз уни доим жиддий кўрганимиз боис, яқинлашишга ҳайиқардик. Лекин ҳалигиларни ортга чекинтиришга мажбур қилган жасоратимдан ҳали чўғ қолган экан, ўзимни муносиб тутиб, ичкарига дадил кириб бордим.

Қовоғидан қор ёғаётган президентнинг важоҳатини кўриб, нима дейишни билмай қолдим, у саломимга алик ҳам олмаганди. Шундай бўлса-да, қўлимдаги чизмаларни стол устига ёзиб, кўприк одамлардан бутунлай тозаланганини, унинг учта жойга мустаҳкам тўсиқ ўрнатганимизни, энди у ерда ҳеч кимса ўта олмаслигини тушунтирдим. Агар портлатиб юборганимизда эндигина мустақилликни қўлга киритган Ўзбекистон учун жуда хунук иш бўлишини, халқаро миқёсда обрўси тушиб кетишини, қочоқларга ёрдам бериш, уларни сўзсиз қабул қилиш ўрнига жабр-дийдалардан қутулиш учун хиёнаткорона йўл тутганимизни бутун оламга овоза қилишлари аниқ эканлигини таъкидлашга ўзимда куч топа олдим.

Бундай иснодни кўтариш оғир бўлиши, биринчи навбатда мусулмон давлатлар биздан юз ўгиришини, бундай тутган позициямизни БМТ ҳам оқламаслигини айтганимча қора терга ботдим. Аммо ичимдагини тўкиб солдим. Қамалишдан ёки отилишдан аввал ҳаммасини айтиб олгим келди. Ҳамжамият олдидаги бурчимиз, обрў-эътиборимиз ҳақидаги нидоларим президентга бироз таъсир қилди чоғи, юзидаги қаҳр-ғазаб ифодаси сўниб, ёноқларига сал қон югура бошлади.

Буни кўриб, енгил тортдим. Лекин оёқларимда мадор қолмаган эди, беихтиёр стулга ўтириб қолдим. Ислом Каримов хона бўйлаб юраркан, ҳамон индамас, жаҳлидан тушган кўринса-да, қовоқлари бутунлай очилмаган, пешонасидаги ажинлар сақланиб турарди.

Ортимга ўтиб, у ёқдан бу ёққа юра бошлаганида, ичимга яна ғулғула тушди. Тик туришга уриндим, лекин толиққан оёқларим ўзимга бўйсунмади.

«Ҳукмни кўзларимга тик қараб эмас, ортимдан айтса керак», дея ўйлай бошладим. Бир пайт президентнинг қадам товушлари шундоқ ортимга келганда тинди. Менинг ҳам нафас олишим тўхтаб қолгандай бўлди. «Ҳаммаси тамом!». Аста ўрнимдан қўзғалдим. Ҳар қандай жазони тик туриб қабул қилгим келди.

Ҳали бутунлай қаддимни ростлаб олмаган эдим, елкамга енгилгина шапати тушди. Бу хатти-ҳаракат ниманинг аломати эканлигини англолмай қолдим. Ахир хаёлим минг бир хавотир билан банд эди-да. Аста ўгирилиб президентга нигоҳ ташладим. Бу пайтда унинг чеҳраси анча ёришган эди.

«Тўғри қилдинг! Портлатмай, яхши қилдинг!» — ўҳ, бу гапни эшитгунча ичимдан нелар ўтгани ўзимгаю ёлғиз Аллоҳга аён. Термиздан пойтахтга учиб келгунимча ўтган вақт, президент қаршисида ярим соат тушунтирув мени бир неча йилга қаритди. Негаки, бу оралиқда юрагим тортган ғам-андуҳнинг чегараси йўқ эди. Лекин ҳаммаси яхшилик билан якунланди. Шундай қилиб, Ислом Каримов ҳузуридан эсон-омон чиқиб келдим".

Исмоил Жўрабеков «Фаввора фильм»га берган интервьюсида Ислом Каримов билан унинг қизи Гулнора Каримова масаласида тортишиб қолгани ва бу воқеадан кейин лавозимини тарк этганини айтиб ўтган.

У «Қизингизни тартибга чақириб қўйинг», дея Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келтирган — Гулноранинг ноқунуний ишлари жамланган ҳужжатларни олиб кирганида, улар билан танишиб чиққан Каримов ҳеч қандай чора кўрмаган. Жўрабеков кейинги сафар ҳам шу масала билан унинг ҳузурига кирган. Учинчисида: «Аралашма, ўзим чора кўраман», деган жавоб олгач, Жўрабеков аризасини ёзиб кабинетни тарк этган.

Исмоил Жўрабеков интервью давомида Каримовнинг хатолари кўп бўлгани, сўнгги йилларда халқдан узилиб қолгани — унинг энг катта хатоси эканини таъкидлаб ўтган. Президент илгари бамаслаҳат иш кўргани, кейинчалик бундай қилмай қўйганига урғу берган.

«Биринчидан, у кадрларни саралашда хато қилар эди. Иккинчидан, унинг русча тарбияси — у шу тарбия билан Ўзбекистонда ҳам раҳбарлик қилиш мумкин, деб ўйларди. 20 йил ишлаган бўлса, Ўзбекистон ривожланмади — қишлоқ хўжалигида ҳам, саноатда ҳам, бошқасида ҳам. Колхозлар, совхозлар йўқ қилинишига биринчи мен қарши турганман. Бир қисмини вақтинча қолдир деганман — барибир тарқатиб юборди. Ишқилиб, қишлоқ хўжалигидаги ривожланишни ўлдирди».

Раҳмон Қўчқор, 1998−2000 йилларда президент девони ходими

Раҳмон Қўчқор. Кадр: YouTube / LolazorРаҳмон Қўчқор. Кадр: YouTube / Lolazor

Адабиётшунос Раҳмон Қўчқор «Лолазор» подкастида меҳмон бўлиб, бир воқеа мисолида Каримовнинг тириклигида назарига тушунишни истаганлар унинг вафотидан кейин биринчилардан бўлиб уни қоралаганини ҳикоя қилди.

«Маъмун академиясининг минг йиллиги нишонланяпти — дипломатик корпус, мамлакат раҳбари борган, жуда катта савияда ўтган. Охирида, яхши биласизлар, чой берилади, раҳбарнинг кайфияти яхши. Кечқурунги Хива, Ичан-қалъанинг ичи, гўзал саҳна, Хоразм санъаткорлари, режиссёр Баҳодир ака (Йўлдошев), кайфият жудаям гўзал ва ўша ерда рақсга тушиляпти. Биз нариги томонда ўтирибмиз. Тик туриб, чапак чалиб, олқишлаб турибмиз. Ёнимда ўтирганлардан биттаси: «Ака, мен бундай буюк инсоннинг ёнига бориб ўйнамасам бўлмайди», деди. Қўйсангиз-чи, биродар жиддий бўлинг, деганмиз. Йўқ, кўриниш, у кишига ёқиши керак — кетди, ўйнади, съёмка бўлди, бошқа бўлди, балки назарга ҳам тушгандир. Давр ўзгарди, [Ислом Каримов] дунёдан ўтди ва биринчилардан бўлиб айни шу дўстимиз бир жиддий каналдаги кўрсатувда: «Биз қўшниларга нисбатан хўрозландик», деб бошлади. Ўзи буюк одам деб билган инсони ўтганидан кейин [уни] жўжахўроз, деди-да.

Биринчи раҳбарга айниқса жиддий масалаларни гоҳ юмшоқ, гоҳ қатъий тарзда, гоҳ ҳазил билан айта билганлардан иккитасини биламан холос — бири Мурод Муҳаммад Дўст, иккинчиси Алишер Азизхўжаев. Улар баъзан бошини кундага қўйиб тўғрисини айтган. Бошқалариниям кўрганмиз. Ниҳоятда муҳим масалалар бўйича — докладнома дейилади, уч қоғоз нарса тайёрлаб кирилса, «кайфият бузилади, касалликлари кучайиб кетади, бошқа-бошқа», дея қайтиб келган. Шу билан ахборот киритилмаган. Ўраб олиш, ахборотни борича айтмаслик кўп нарсага сабабчи бўлди. Нима, у кўрмасмиди, билмасмиди — бугунги интернет, ҳаммаёқдан одамларнинг овозини тинглашнинг имконияти йўқ эди. «Бор ҳақиқат кирган, билиб турган, шунга қарши ёки мана шуни тўғриламаган», дейишдан сал эҳтиёт бўламан мен".

Раҳмон Қўчқор давлат мукофотига тасдиқлатиш учун номзодлар ҳақидаги ҳужжатларнинг Ислом Каримовнинг олдига олиб кирилганини эслайди. Унинг айтишича, ўшанда давлат маслаҳатчилари бирга кирган вақти қандайдир муаммо ё халқаро масала сабаб президентнинг кайфияти яхши бўлмаган.

«Биласизлар, биринчи „Ўзбекистон қаҳрамони“ [унвони], кейин „Буюк хизматлари учун“ [ордени] туради — шундан бошлаб пасайиб боради. Номзоднинг маълумотлари бир бет — катта рангли расм, тагидан у ким, қанақа одамлиги [ёзилган бўлади]. Нима хизмати учун нима берилиши лўнда, 18 шрифтда катта қилиб ёзилади. Ўшанда кайфият яхши бўлмаган. Танишиб чиқиб: „Шарт эмас, бу ҳам шарт эмас“, деб [қоғозларни столга] қўйиб қўйганлар. Шундай қилиб [номзодлар] ўтмай бошлаган. Кейин бир ёши 90 дан ошган санъаткорнинг ҳужжати чиққан. „Бу кишига нимага мукофот беришимиз керак?“, деб сўраганлар. „Ислом ака, бу инсон санъатнинг фалон йўналишига ҳисса қўшган“, деб жавоб берилган. „Ҳисса қўшган бўлса ойлигини олгандир, мана бу ерда кўриниб турибди орденлари бор экан, шартми ҳозир яна?“, деса ҳужжат тайёрлаган маслаҳатчи: „Ислом ака, яқинда бу одамнинг ўғли ўтиб қолганди, шунга сал далда бўлармикин, кўнгли кўтарилармикин деган ниятимиз бор эди“, деган. Ислом ака қалбли одам эди-да, „Аллоҳ раҳмат қилсин, шундай иш бўлдими — тўғри ўйлабсизлар, тўғри ўйлабсизлар, сал бўлса ҳам бизнинг қўлимиздан келадиган ёрдам шу бўлади, маъқул“, деб турсалар, Мурод ака: „Энди, Ислом ака, ўзи ўлган ўғлиям 70 дан ошганди“, деганлар. Ислом ака кулворган — раҳбар кулди деб ҳамма кулган. „Эҳ, шайтон“, деб [президентнинг] кайфияти кўтарилган ва қолган ҳужжатлар енгил ўтиб кетган».

Раҳмон Қўчқор давлат маслаҳатчилари билан бўлган бошқа бир йиғилишда ҳали ҳуқуқий масалалар бўйича раҳбар бўлганига кўп бўлмаган Алишер Азизхўжаев кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси ўз маърузаcида ёлғон маълумот берганини ҳамманинг, хусусан, Каримовнинг олдида очиқ айтганини эсларкан, нотўғри ахборот берилаётганида огоҳлантириш шартлиги, мамлакат, халқ тақдири учун ҳақиқатни айтишдан тап тортмайдиганлар кўп нарсани ҳал қилишини таъкидлаган.