Ҳукумат қарори билан 24−25 август кунлари ўтказилган умумхалқ ҳашари доирасида Тошкентнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 20 га яқин аҳоли вакиллари «Дўстлик» (собиқ «Бобур») боғида шанбалик ўтказди. Улар қўлга хаскаш, супурги ва чиқинди халталарини олиб, ўз ташаббуслари билан боғ ҳудудини бир неча соат тозалашди. «Газета.uz» мухбири Дилявер Аблякимов ҳашарда бўлиб, аҳоли нима учун жамоат боғини ободонлаштиришда қатнашаётганига қизиқди.

бобур боғи, дўстлик боғи, ҳашар

«Дўстлик» боғи директори Ирода Юсупованинг сўзларига кўра, бу ташаббус одамларнинг ўзидан чиққан.

«Улар ўзлари ҳашар уюштиришга қарор қилди. Мен бунинг учун улардан миннатдорман, албатта. Ҳаммалари ўзлари билан иш қуроллари — супурги, хаскаш, белкурак олиб келишди. Етишмаган нарсаларни ўзим олиб келдим» — дейди Ирода Юсупова.

Унинг қўшимча қилишича, аҳоли ташаббуси боғда фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган. Улар ободонлаштиришда қатнашиш учун қўшимча ишчилар ёллаган.

бобур боғи, дўстлик боғи, ҳашар

Туманда истиқомат қилувчи Каромат Мирзаева Telegram’даги «„Дўстлик“ боғи: жамоатчилик билан мулоқот» гуруҳида шанбалик ўтказиш таклифи чиқди, дейди ҳашар иштирокчилари. Бу гуруҳ апрелда Ирода Юсупова томонидан ташкил этилганди. Бунга BMP Smart Decision Management компанияси томонидан ўтказилган боғни реконструкция қилиш режаси тақдимоти сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, «Дўстлик» боғи ҳукумат ва Тошкент ҳокими қарорлари билан 49 йил муддатга инвесторга берилган. Ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган. Боғни инвесторга беришга рози бўлмаган аҳоли ҳукумат қарорларини бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилганди, бироқ судда ютқазди. «Газета.uz» бу жараённи батафсил ёритган.

бобур боғи, дўстлик боғи, ҳашар

«Ҳашар эълон қилинаётганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Каромат Мирзаева. — Биз, яқин атрофдаги уйлар аҳолиси, бундай тадбирни ташкил этишни анчадан бери хоҳлаётгандик. Биз шу боғда тез-тез учрашиб турамиз, пикниклар уюштирамиз, йога машғулотлари ўтказамиз, дам оламиз, суҳбатлашамиз. Айтиш мумкинки, аллақачон катта бир оиладек бўлиб кетганмиз ҳатто. Кўпчилик ҳашарга келишга бир овоздан рози бўлди».

бобур боғи, дўстлик боғи, ҳашар

Каромат Мирзаева бундай ҳашарларни ташкил этиш фойдали ва ҳатто зарур, деб ҳисоблайди.

«Одамлар [бу билан] нафақат ўз ҳовлиси, кўчаси ёки шаҳрини тозалайди, балки маълум даражада маънан покланади ҳам», — деб ҳисоблайди у.

«Мен „Дўстлик“ боғи тақдирига бефарқ бўлмаганим боис шанбаликда қатнашдим, — дейди бошқа бир фуқаро Родион Сайфулин. — Афсуски, туман ва шаҳар ҳокимликлари боғни сақлаш учун маблағ ажратишни хоҳламаяпти, шунинг учун бефарқ бўлмаган фуқаролар ўзлари ҳашарга чиқишга мажбур, боғ маъмурияти эса қўлидан келганича ёрдам қиляпти».

Унинг қўшимча қилишича, боғдаги дарахтлар қўнғиз ва қуртларга қарши дориланишга муҳтож, бир пайтлар шу ерда ишлаб турган шахмат клуби, кутубхона ва фитнес залини эса қайта тиклаш лозим.

бобур боғи, дўстлик боғи, ҳашар

«Мен севимли боғимга ёрдам бериш ва „Дўстлик“ боғининг тақдирига бефарқ бўлмаганлар билан суҳбатлашишни истаганим учун ҳашарга келдим, — дейди Гулнора Бекмуҳамедова. — Бу болалигимни — мактабда шанбаликка борган пайтларимни эсга солди. Бундай тадбирларга ёшларни жалб этиб, меҳнат ва тозаликка ўргатилса яхши бўларди. Бундай ташаббуслар одамларни бирлаштириши ва айни пайтда шаҳарнинг тозалигини сақлаши билан аҳамиятлидир».

Каромат Мирзаеванинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган ҳашар аҳолини тадбирни такрорлашга ундаган. Навбатдаги шанбаликни сентябрнинг иккинчи ярмида ўтказиш режалаштирилмоқда. Аҳоли кузда боғга кўп йиллик дарахтлар экишни мақсад қилган.