2 сентябрь куни Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 84 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги.

Бобомурод Ҳамдамов 1940 йилда Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида туғилган. У ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир нечта ўлмас асарлар яратган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган.

Айниқса унинг «Султон Жалолиддин», «Ким экан», «Девона», «Галдиму», «Қўрқдим» каби қўшиқлари кенг оммалашиб, халқ қалбида муносиб ўрин эгаллаган.

«Бобомурод Ҳамдамов буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши эди. Унинг қўшиқлари ва ижоди ўзбек санъатининг «олтин фонди»га киритилган бўлиб, ёрқин хотираси мухлислар қалбида мангу яшайди», — дейилади хабарда.