3 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида ядро улоқтириш баҳсларида олтин медални қўлга киритган спортчи Бобур Омонов билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент Бобур Омоновни икки карра паралимпия чемпионидек шарафли номга сазовор бўлгани ҳамда 2021 йилда ўзи ўрнатган Паралимпиада рекордини янгилагани билан дилдан қутлади. Ушбу натижа Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида муҳим воқеа бўлганини қайд этди.

Бу галги ўйинларда ҳам юксак маҳоратини яна бир бор тасдиқлаш йўлида унга кўмакдош бўлган мураббийлари ва яқинларига раҳмат айтди.

«Чемпион халқимиз ишончини оқлаганидан хурсандлигини билдириб, терма жамоамизнинг, шу жумладан ўзининг муваффақиятли чиқишлари президентимиз раҳбарлигида спортга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратилаётган шароитлар туфайли эканини таъкидлади», — дейилади хабарда.

Фурсатдан фойдаланиб, Мирзиёев совриндор бўлган спортчиларни табриклаб, кейинги беллашувларда қатнашадиганларга омад тилади.

Маълумот учун, Бобур Омонов ядро улоқтириш дастурида 14,32 метр натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритган. У бу натижаси билан 2021 йилда Токиода ўзи ўрнатган рекордни ҳам янгилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбари Паралимпия ўйинларида илк олтин медалларини қўлга киритган енгил атлетикачилар Асила Мирзаёрова ва Қудратиллохон Маъруфхўжаев билан, шунингдек, енгил атлетикачилар Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов ва таэквондочи Асадбек Тоштемиров билан телефон орқали мулоқот суҳбатлашганди.