Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войтсеховский 5−6 сентябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси «Газета.uz»га маълум қилди.

«Ташриф ЕИнинг Ўзбекистон билан давом этаётган ҳамкорлигидаги муҳим қадам бўлиб, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги каби глобал муаммоларни ҳал қилиш ҳамда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича умумий мажбуриятни билдиради», — дея таъкидлади дипломатик миссия.

Януш Войтсеховский «Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар: озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари» халқаро форумининг очилишида сўзга чиқади. У ўз нутқида ЕИнинг барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётини қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлайди.

Комиссар ҳукумат вакиллари, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан ҳам учрашувлар ўтказади. Уларда қишлоқ хўжалиги кооперациясини кенгайтириш, савдо истиқболлари ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш режалаштирилган.