Нуршод Нурмаматович Худойбердиев Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Нуршод Худойбердиев 1983 йилда Янгиқўрғон туманида туғилган. 2004 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида у Наманган вилояти «Сувназорат» инспекциясида турли вазифаларда ишлаган. 2015−2016 йилларда Мингбулоқ тумани Зардарё ирригация тизими бошқармаси бошлиғи бўлган. 2016−2017 йилларда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2017−2019 йилларда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

Мазкур тайинлов Қишлоқ хўжалиги вазирининг тегишли буйруғи билан амалга оширилган.

Худойбердиев 2019 йилда Мингбулоқ тумани ҳокими бўлган ва ўша йилнинг декабрида феремерларни топшириқни вақтида бажармагани учун ҳақоратлаган. Кейинчалик Худойбердиев бу иши учун кечирим сўраган ва вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилган.

Суд қарори билан унга БҲМнинг 20 баравари, яъни 4 млн 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Вилоят ҳокимлининг хабарида айтилишича, Нуршод Худойбердиев 2024 йилнинг август ойига қадар туман ҳокими бўлиб ишлаган. Президент 17 июль куни ўтказган йиғилишда фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйгани учун қатор туман-шаҳар ҳокимларини ишдан олганди. Улар орасида Мингбулоқ тумани ҳокими ҳам бўлган.