Нижний Новгород вилоятидаги (Россия) йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик вафот этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси.

Қайд этилишича, ҳолат 1 сентябрь куни соат 11:00 атрофида М-12 «Восток» федераль автомагистралининг Навашинский туманидан ўтган қисмида содир бўлган. 32 ёшли Тожикистон фуқароси бошқарувида бўлган Hyundai микроавтобуси «Қозоғистон-Москва» йўналишида ҳаракатланиб кетаётиб, КІА сerato машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда 8 киши ҳалок бўлган, улардан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари (6 эркак ва бир аёл) экани аниқланган. 3 нафар фуқаро (икки эркак ва бир аёл) турли хил тан жароҳатлари билан вилоят тиббиёт муассасаларига жойлаштирилган.

Президент топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тез орада ҳалок бўлганларнинг жасадларини ўз ватанига қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Ушбу масала Вазирлар Маҳкамаси ва Москвадаги элчихона томонидан алоҳида назоратга олинган.

Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулхонаси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари воқеа жойида зарур ёрдам кўрсатмоқда, дейилади хабарда.