Central Asian University (собиқ Akfa университети)га 7 нафар талабанинг контракт пуллари билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди. Рақобат қўмитаси бу ҳақда ташкилотга келиб тушган 10 га яқин мурожаатни ўрганиб, махсус комиссия чиқарган қарорни эълон қилди.

Келтирилишича, 2022 йил 10 январда ОАВда Akfa университетига 2022−2023 ўқув йили учун қабул бошлангани тўғрисида реклама ахборотлари жойлаштирилган. Унда абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш, шунингдек, Тижорат ҳуқуқи таълим йўналиши учун ҳам давом этаётгани баён қилинган.

Университетга нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш учун берилган лицензияда рухсат этилган таълим йўналишларида Тижорат ҳуқуқи мавжуд эмаслигига қарамасдан, мазкур йўналишда ўқитиш учун 2022−2023 ўқув йилида талабалар ўқишга қабул қилинган ва 4 йиллик (8 та семестр) ўқиш учун оммавий оферта шартномаси тузилган.

Қўмита хабарига кўра, талабалар 12,5 млн сўмдан 25 млн сўмгача контракт тўловини тўлаган (қўмитага келиб тушган 7 та мурожаат бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинмаган жами маблағ миқдори 167 млн 500 минг сўм).

Ўқиш маълум бир муддат давом этган. 2023 йил август ойида талабаларга Тижорат ҳуқуқи йўналишида ўқитиш учун лицензия берилмагани сабабли кейинги 2023−2024 ўқув йилини вақтинчалик гибрид шаклда давом эттириш ёки Халқаро бизнес таълим йўналишида ўқиш таклиф қилинган. Аксарият талабалар бу таклифни рад этган ва айримлари бошқа таълим йўналишида ўқишга рози бўлган, дейилади хабарда.

Бироқ университет томонидан бугунги кунга қадар кўрсатилмаган хизмат учун олинган контракт пуллари фуқароларга қайтариб берилмаган. Мазкур ҳолатлар бўйича «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани аниқланган. Хусусан,

  • 4-модда (Хизматнинг хавфсиз бўлиши, ижрочининг ғайриқонуний ҳаракати туфайли етказилган моддий зиёни тўлиқ ҳажмда қопланиши),
  • 7-модда (Нотўғри реклама оқибатида истеъмолчига етказилган зарар қоплаб берилмаслик),
  • 12-модда (Хизматни амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда бажарилган бўлиши),
  • 19-модда (Шартнома шартларини бажармаслик),
  • 21-модда (Шартномага истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартларни киритиш, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш) бунда асосли дея кўрсатилмоқда.

Бунинг ортидан қўмита махсус комиссияси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низом талабларига асосан Central Asian University МЧЖга нисбатан иш қўзғатиб, ишни аризачилар иштирокида кўриб чиқди.

Натижада МЧЖга қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик, кўрсатилмаган хизмат учун 7 нафар талаба фуқароларга жами 167 млн 500 минг сўм маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, бошқа фуқароларнинг мурожаати асосида улар билан тегишли қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш юзасидан кўрсатма берилди, дейилади қўмита маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг сентябрь ойида собиқ Akfa университетида эски ва янги раҳбарият ўртасидаги низо сабаб икки йиллик тайёргарликдан сўнг иккинчи босқичга ўқишга қабул қилинган мактаб битирувчилари ўқишни давом эттира олмагани хабар қилинганди.