3 сентябрдан Тошкент шаҳрида Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази иш бошлади, дея хабар бермоқда БМТ Болалар жамғармасининг (ЮНИСEФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси.

Мазкур марказ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Колумбия университети, ЮНИСEФ ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистонда ижтимоий таъминот тизимини такомиллаштириш мақсадида очилган. Унинг фаолияти ходимларнинг касбий ривожланишига, самарали дастурлар ва методикаларни яратишга, тадқиқотлар ўтказишга ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

«Марказ нафақат билим ва инновациялар манбаи, балки ижтимоий иш ходимлари энг яхши амалиётлар ва тажриба алмашишлари мумкин бўлган жой бўлиб хизмат қилади», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

«Оилалар ва жамоалар билан алоқада бўлган ўқитилган ижтимоий хизмат ходимлари болаларни ҳимоя қилиш учун жуда муҳимдир. Болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги фидойи ва малакали кадрлар саъй-ҳаракатлар ва ресурсларни мувофиқлаштириш ҳамда адолат ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим, хавфсизлик ва табиий офатлар хавфини камайтириш каби барча соҳалардаги болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини таъминлаш учун зарурдир», — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио.

юнисеф, ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази

«Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳолининг барча қатламлари учун ижтимоий адолат ва ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади», — дея таъкидлади у.

ЮНИCЕФ хабарида қайд этилишича, ижтимоий хизмат ходимлари камбағалликни камайтириш, хавфларни аниқлаш ва бошқариш, шунингдек, болалар ва оилалар фаровонлигини ошириш учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш ва таъминлашни осонлаштириш орқали ҳамжамиятлардаги болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлашда марказий роль ўйнайди.

Марказ Колумбия университети ижтимоий иш мактабининг (CССW) академик раҳбарлиги ва менторлик ёрдамига таянади, университетнинг ижтимоий иш бўйича етакчи ролидан фойдаланиб, заиф аҳоли ва маҳаллий ҳамжамиятлар фаровонлигини яхшилайдиган инновацион, далилларга асосланган саъй-ҳаракатларни ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди.