АҚШ Адлия вазирлиги ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар ва гуруҳнинг яна беш раҳбарини 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга уюштирилган ҳужумда айблади, деб ёзмоқда AP. Агентлик таъкидлашича, бу Америка ҳукуматининг ҳужум ташкилотчиларини расман номлашга қаратилган илк уринишидир.

Жиноят иши етти моддадан иборат бўлиб, АҚШ фуқароларини ўлдириш мақсадида тил бириктириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадида тил бириктириш каби айбловларни ўз ичига олади. Ҳужжатларда, шунингдек, ҲАМАС томонидан ҳужумлар учун фойдаланилган қуролларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва топширишда айбланаётган Эрон, шунингдек, Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ҳам тилга олинган.

Айбланувчилар орасида Синвардан ташқари, ҲАМАСнинг Ғазодаги раҳбари Холид Машъал, шунингдек, Ливанда жойлашган гуруҳ аъзоси Али Барака ҳам бор.

Ўлганлар рўйхатидаги ҲАМАСнинг яна уч нафар юқори мартабали аъзоси: жорий ёзда Теҳронда Исроил ҳужуми оқибатида ўлдирилган ҲАМАСнинг собиқ раҳбари Исмоил Ҳания, ташкилот ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф ва ҲАМАС раҳбари ўринбосари Марвон Исса бор.

Ҳужжатлар февраль ойида судга келиб тушган, аммо Ҳанияни ҳибсга олишга уриниб кўриш учун АҚШга вақт бериш учун ёпиқ режимда кўриб чиқилган. Унинг ўлимидан сўнг Адлия вазирлиги айбловларни эълон қилишга қарор қилди.

ҲАМАС етакчиларига айблов эълон қилиш кўп жиҳатдан рамзий қадам ҳисобланади, чунки Синвар гўёки Ғазодаги туннелларнинг бирида яшириниб юрган бўлса, олтита айбланувчидан учтаси аллақачон ҳалок бўлган, деб ёзади AP.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можаро хронологияси:

  • 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС Исроилга ҳужум қилиб, камида 1200 кишини, жумладан, 40 АҚШ фуқаросини ўлдирди ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олди. Исроил расмийларига кўра, Ғазода ҲАМАС асирлигида 100 нафар тирик ва ўлик гаровга олинганлар қолган.
  • Ҳужумга жавобан Исроил Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАСга қарши уруш эълон қилган, анклавга интенсив ҳаво ҳужумлари уюштирган ва у ерга қўшин юборган.
  • Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаролар давомида минтақада 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
  • Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий кампанияси тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг кўплиги сабабли салбий халқаро реакцияга сабаб бўлди. Январь ойида Жанубий Африка Ғазо секторидаги геноцид конвенциясини бузганликда айбланиб, Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси берганди.
  • Май ойида Гаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори ҲАМАС ҳаракатининг учта етакчиси Яҳё Синвар, Муҳаммад Дейф ва Исмоил Ҳанияни, шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галантни ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилганди.