Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги электр тармоқлари бошқаруви хусусий операторга ўтказилиши режалаштирилган. Бу давлат раҳбарининг Нукусдаги тадбиркорлар билан мулоқоти якунлари бўйича қабул қилинган президентнинг 30 августдаги фармонида назарда тутилган.

Октябрь ойида Самарқанд вилоятида, 2025 йил январь сентябрь ойларида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида электр тармоқларини хусусий операторга ўтказиш бўйича тендер эълон қилиниши режалаштирилган.

Президентнинг 2024 — 2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида қайд этилишича, Самарқанд вилоятида электр тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий операторга ўтказиш бўйича тендер ғолибини 2025 йил декабрь ойида эълон қилиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 250 миллион долларга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, 2027 йилнинг тўртинчи чорагида Андижон вилоятида электр тармоқларини модернизация қилиш, қуриш ва хусусий операторга бериш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Электр тармоқларидан ташқари, 2026 ва 2027 йилларнинг тўртинчи чорагида мос равишда Самарқанд ва Бухоро вилоятларида газ тақсимлаш тармоқлари бўйича шунга ўхшаш лойиҳалар назарда тутилган.

Умуман олганда, манфаатдор компанияларга барча ҳудудларда (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) электр тақсимлаш тармоқларини бошқарувга бериш ва 2025 — 2026 йилларда улар билан шартномалар имзолаш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шунга ўхшаш нархдаги газ тармоқлари бўйича барча ҳудудларда 2027 йил охиригача шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Нукусда тадбиркорлар билан мулоқотда электр энергетикаси соҳасига хусусий сектор фаол жалб этилаётганини таъкидлади. Давлат-хусусий шериклик асосида 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар ишга туширилди, ҳозирда 31,5 миллиард долларлик 50 та янги ташаббус амалга оширилмоқда.

Нима учун электр тармоқларини хусусий операторларга беришмоқчи?

Шерзод Ходжаев. Фото: Otabek Bakirov / YouTube.Шерзод Ходжаев. Фото: Otabek Bakirov / YouTube.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Ходжаев июль ойида Диалог лойиҳасига берган интервьюсида Отабек Бакиров ҳар бир ҳудудда тақсимлаш тармоқлари инвесторга маълум муддатга имтиёзли тарзда берилишини маълум қилган эди.

«Инвестор тармоқларни эксплуатация қилади, тармоқларни таъмирлайди, янги тармоқлар қуради. Бунинг ҳисобига унинг тармоғидан ўтадиган ҳар бир кВт⋅соат электр энергиясидан маълум миқдорда маблағ олади. Пировардида истеъмолчи нимани ҳис қилади? Биринчидан, сиз ҳозиргидек пулни мобил илова орқали тўлашни давом эттираверасиз. Шунчаки, бу маблағнинг бир қисми электр тармоғидан фойдаланувчи инвесторга кетади», — деди у.

Айни пайтда хусусий оператор олдига қўйиладиган шартлар кенг экспертлар доираси билан муҳокама қилинмоқда, деди Шерзод Хўжаев.

Унинг эслатишича, Ўзбекистон электр таъминотининг халқаро ишончлилик индекслари бўйича «жуда ёмон позицияларда» турибди. Бу ерда гап тизимдаги битта истеъмолчининг ўртача ўчирилиш вақти (SAIDI индекси) ва йил давомида ўчирилган битта истеъмолчига тўғри келадиган ўртача узилишлар сони (SAIFI) ҳақида бормоқда.

«Инвесторларга шарт қўяр эканмиз, биринчи талабларимиздан бири бу икки кўрсаткични кескин пасайтириш бўлади. Бу уларнинг KPI’си бўлади. Учинчидан, инвестор электр тармоқларидаги йўқотишларни кескин камайтириши керак бўлади. Бу учала кўрсаткични битта омил — электр тармоқларини тўғри ишлатиш ва уларни ўз вақтида ривожлантириш ҳисобига қисқартириш мумкин. Захиралар нафақат электр энергиясини ишлаб чиқаришда, балки унинг ўтказиш қобилиятида ҳам бўлиши керак», — деди агентлик раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, кўпчилик тармоқдаги йўқотишларни ўғирлик деб ҳисоблайди. «Қисман бу ўғирлик. Лекин технологик истеъмол ҳам бор. Тармоқ бир нуқтадан иккинчисига етказиб беришда электр энергиясининг бир қисмини истеъмол қилади. Бу жараёнда инфратузилма қанчалик равон бўлса, истеъмол шунчалик кам бўлади», — деди у.

Шерзод Хўжаев электр тармоқлари магистраль ва тақсимлаш тармоқларига бўлинишини таъкидлади. Янги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунда иккаласи ҳам давлат мулки бўлиб қолади ва ҳеч қачон хусусийлаштирилмайди. Магистраль электр тармоқлари ишончли бошқарувга берилмаяпти, гап фақат тақсимлаш тармоқлари ҳақида кетяпти, дея тушунтирди у.

Агентлик раҳбари, агар ўтмишда қандайдир камчиликлар бўлган бўлса, ишончли бошқарув амалиётидан воз кечиш мумкин эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, баъзи давлатлар ушбу механизм орқали «ўнлаб миллиард доллар» жалб қилишга муваффақ бўлган.

«Ишончли бошқарувга беришда энг муҳими нима? Тўғри шартнома тузиш, тўғри KPI аниқлаш, [активни] ишончли бошқарувга олувчи ҳисобдор компанияни қилиш, унинг харидларини доимий назорат остида тутиш. Давлат харидларни кузатиши ғалати туюлиши мумкин. Бу механизм ўтмишда биздан олдин ихтиро қилинган, чунки харидларда нарх кўтарилиб кетмаслиги, қоғозда ва амалда сифат фарқ қилмаслиги керак», — деди у.

Энергия регулятори раҳбари тендер билан Халқаро молия корпорацияси (Жаҳон банки тузилмасига киради) шуғулланишини таъкидлади, унинг маслаҳатчилари ҳукуматнинг шартлари, истаклари ва умидларини, соҳага зарур бўлган инвестицияларнинг ҳақиқий ҳажмини ўргандилар, шунингдек, барчасини шартномада акс эттириш учун ўз ҳисоб-китобларини амалга оширдилар.

Йил бошида Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га энергетика тизимининг икки йил давомида барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш ниятида эканини маълум қилган эди. Бунинг учун ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, рақамлаштиришни якунлаш, тақсимлаш тармоқларини бошқаришга хусусий операторларни жалб қилиш ва бошқалар режалаштирилган.