Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани ҳокими Дилшод Шакарбоев экани айтилган шахс ходимларини ҳақорат қилаётгани эшитилган аудиоёзув тарқалди. Вилоят ҳокимлиги ҳокимга чора кўрилганини маълум қилди.

Интернетдаги хабарда ҳолат туманда ўтказилган йиғилишлардан бирида содир бўлгани, ҳоким қурилиш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосарларини турли ҳақоратли сўзлар билан сўккани айтилади.

Хусусан, ҳоким 400 миллион сўмга битта маҳалла «тўлиқ битиши», буни Маҳалла уюшмасидагилар ҳам тасдиқлаганини айтган ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Иноят Холиқуловни «ҳеч балони билмаслик»да айблаган.

«Эрталаб ҳаммасини олиб бор, эй ноинсоф б**ть, ҳаммасини олиб бор ўша ерга… Фақат мен айтган одамни топиб олди булар, ўзинг топ деяпман битта қурувчи, эй ноинсоф, қурилиш бўйича ўринбосар-ку сен», — деган ҳоким унга.

У, шунингдек, камбағаллик бўйича ўринбосарини «эшак» деб ҳақоратлаган ва турли уятсиз сўзларни ишлатган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳоким Эркинжон Турдимов фармойиши билан Дилшод Шакарбоевга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Дилшод Шакарбоев Қўшработ тумани ҳокими лавозимига 2022 йил 15 июнда тайинланган.

У 2023 йил май ойида туманлараро ва вилоят судларининг ҳоким ёрдамчисини ишга тиклаш бўйича қарорлари ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ҳам ҳайфсан олганди.