Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни мактабгача таълимни ривожлантириш, иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мактабгача таълим тизимида қамров даражаси 27 фоиздан 74,6 фоизга кўтарилган. Келгуси беш йилда буни 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тақдимотда мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, қамровни кенгайтириш мақсадида мактабларнинг бўш ерларида давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.

иқтидорли ёшлар билан ишлаш, мактабгача таълим, президент

Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган ўқув-методик материаллар ҳамма боғчаларда ҳам тўлиқ эмас, нодавлат муассасалар интернет манбаларидан фойдаланмоқда, деди давлат раҳбари. Шунинг учун энди барча дастурлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг веб-сайтида жойлаштирилиши ҳамда ундан бепул фойдаланилиши белгиланмоқда.

Илғор хорижий тажрибада болаларнинг ақлий ва когнитив салоҳияти, жисмоний, руҳий, ижтимоий ҳолати доимий кузатилиб, тарбия йўналтирилади. Шундан келиб чиқиб, Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизимида «Боланинг ривожланиш харитаси»ни юритиш вазифаси қўйилмоқда.

Ҳозирда боғчалардаги педагогларнинг катта қисми ўрта махсус маълумотли бўлиб, соҳада малака оширишнинг ҳозирги муддати беш йилда бир марта. Хабарда айтилишича, бу жараённи жадаллаштириш мақсадида малака курслари оралиғида «Методик маҳорат соати» ва «Методик маҳорат куни» тадбирларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, бу йўналишдаги олий таълимда дуал таълим шаклини очиш, сиртқи ва кечки ўқувларда мақсадли квоталарни ошириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда давлат боғчаларида қоғоз шаклида тўлдирилаётган давомат, озиқ-овқат харажатлари каби ҳисоботларни биометрик идентификация қилиш технологиясини қўллаган ҳолда рақамлаштириш талаби қўйилмоқда.

иқтидорли ёшлар билан ишлаш, мактабгача таълим, президент

Тақдимотда иқтидорли ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, 2022 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 45 та медаль олган бўлса, бу йил 113 тага етган. Аслида дунёга чиқа оладиган билимли ёшларимиз янада кўп, уларни пухта тайёрлаб, натижадорликни ошириш керак, деди президент.

Бунинг учун халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини 5−8-синфлардан бошлаб саралаб олиш йўлга қўйилади. Ҳар бир фан бўйича ўқув дастурлари, адабиётлар, методик тавсиялар ва қўлланмалар такомиллаштирилиб, ўқувчи ва мураббийларга етказилади. Терма жамоаларга чет эллик мутахассислар жалб қилинади, хорижий жамоалар билан қўшма йиғинлар ўтказилади.

Бугунги кунда 22 та халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар пул мукофоти билан тақдирланмоқда. Энди мукофотланадиган олимпиадалар сони 28 тага оширилади. Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган пул мукофотлари ҳамда совғалар даромад солиғидан озод этилади.