Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, қонун устуворлиги тамойилига сўзсиз риоя этиш терроризм ва экстремизмга қарши курашишнинг фундаментал асосидир. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев чоршанба куни Тошкентда очилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳамда МДҲ Аксилтеррор марказининг терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган қўшма конференцияси иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди.

Ўзбекистоннинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси кенг қамровли, инклюзив ва тизимли ёндашувга асосланади, деди давлат раҳбари.

Бу борадаги жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш устувор йўналишлар ҳисобланади, — деди у.

Мамлакатда ҳам «ёшларни қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини юзага чиқариш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, «қайноқ нуқта»лардан қайтган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш чоралари кўрилмоқда», — дея қўшимча қилди президент.

Шавкат Мирзиёев «геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, етакчи давлатлар ўртасида ўзаро ишонч тақчиллиги, глобал хавфсизлик институтлари ролининг пасайиши терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашишда очиқ ҳамда самарали халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини» таъкидлади.

У «ноқонуний фаолият, ёллаш ва радикал ғояларни тарғиб этиш бўйича фаол ишлар миллий чегаралар ва қонунчилик нормаларини тан олмайдиган интернет тармоқлари ҳамда каналлари воситасида тобора кўп амалга оширилаётгани» ва кибермакондаги хавф ва муаммолар ортиб бораётганига ишора қилди.

«Бунинг оқибатида бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакиллари, жумладан, бизнинг ёшларимиз ва меҳнат мигрантлари „онлайн манқуртлаштириш“ қурбонига айланмоқда, турли ноқонуний гуруҳларга жалб этилмоқда ва жиноят содир этмоқда», — деди президент.

Шу боис қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бундай хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма амалий чора-тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланиши қайд этилди.

Қўшма конференция кун тартибидан илғор миллий тажрибаларни ўрганиш, терроризмга қарши ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, илм-фан ва таълим алмашинуви, экстремизм ва радикализм мафкураси тарқалишига йўл қўймаслик бўйича таъсирчан воситаларни шакллантириш, пул «ювиш» ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олиш бўйича вазифалар ўрин олган.

Пайшанба куни Ўзбекистонда илк бор «Шарқ-Аксилтеррор-2024» қўшма аксилтеррор машғулотлари ўтказилади. Шавкат Мирзиёев улар «хавфсизликка умумий таҳдидларга қарши курашда махсус бўлинмаларнинг амалий ҳамкорлигини кенгайтириш ва салоҳиятини оширишга» хизмат қилишига ишонч билдирди.