Ўзбекистонда умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Бу «Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида белгилаб қўйилди.

Фармонга кўра, экспорт операциялари бўйича қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашда:

  • солиқ тўловчилардан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиш талаб этилмайди;
  • божхона органлари томонидан реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви воситасида солиқ органларига товарлар божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун асос бўлади.

Асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи қисмлар импортига оид контрактда уларни етказиб бериш муддати 180 кундан ортиқ этиб белгиланган бўлса, мазкур операция бўйича активларни репатриация қилиш муддати сифатида контрактда кўрсатилган етказиб бериш муддати эътироф этилади.

2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади.

Фармонга мувофиқ, 2024 йил 1 октябрдан туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини, 2025 йил 1 январдан умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:

ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз қисми:

  • 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига — бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи;
  • 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига — бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи;
  • туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга — бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи.

2024 йил 1 ноябрдан барча учун очиқ ҳолатда юритиладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади.

2025 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиб туришга фақатгина Реестрга киритилган омиллар асосида йўл қўйилади.

2025 йил 1 январдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфини аниқлаш бўйича «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими жорий этилади.