Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 14-мактабда солиқ органи ходимлари томонидан мактаб ўқувчиларига ер ва мол-мулк солиқларини тўлаш тўғрисида эслатмалар берилгани акс этган видео тарқалди.

Тасвирда ходимлар 2-синф ўқувчиларини янги ўқув йили билан табриклаб, туман солиқ инспекциясидан келгани, болаларга ота-оналари солиқларини вақтида тўлаши кераклигини эслатиб, уларга эслатма хати тарқатган.

«Сизларга илтимос, эслатма. Ҳаммаларинг ота-оналарингга олиб борасизлар, яшаб турган уй-жойларингнинг мол-мулк ва ер солиқларини солиқ инспекциясига бориб ёки телефондаги „Солиқ“ иловасидан фойдаланиб тўлашлари керак. Илтимос қиласизлар. Ҳозир тарқатиб чиқади. Уй кимнинг номида бўлса, бориб солиққа ҳисоблаб тўлайди. Бир йилда солиқ, масалан, иккига бўлиб тўланадиган бўлса, [бир қисми] 15 апрел, қолган ярми 15 октябрга қадар, деб айтиб ўтилган. Иложи бўлса, шу ойдан солиқларни ҳисоблатиб, тўлаб келиш талаб этилади. Тушундингларми? Илтимос сизлардан», — дейди ходим.

Ходимлар, шунингдек, болаларга конституциянинг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқ ва йиғимларни тўлаши шарт, деб айтилганини таъкидлаган.

Солиқ қўмитаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдираркан, буни ноўрин деб ҳисоблаши ва кескин қоралашини маълум қилди.

«Давлат солиқ хизмати органлари бундай хатти-ҳаракатларни ноўрин, деб ҳисоблайди ва кескин қоралайди. Солиқ қўмитаси раҳбарияти томонидан ушбу ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди ва барча ҳудудий солиқ органлари ходимларига огоҳлантиришлар берилди», — деди қўмита матбуот котиби Дилдора Ҳошимова.

Болалар омбудсмани идораси эса бола манфаатлари бузилишига оид ушбу ҳолатни ўрганаётганини билдирди.

«Мактаб ўқув жараёни иштирокчиси бўлмаган бегона шахсларни таълимга оид тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда дарс жараёнига кириб бориши ва уни бузиши, болаларга қандайдир ноқонуний талаблар билан мурожаат қилиши — мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат», — деди болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова.

Унинг сўзларига кўра, болалар ўз ота-оналарининг солиққа оид мажбуриятлари учун жавобгар эмас, ҳеч бир ҳолатда уларни бу жараёнга жалб қилиш, огоҳлантириш мумкин эмас.

«Бу боланинг конституция ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зиддир. Бундай ножўя ҳаракатларга йўл қўйган масъулларга тегишли тарзда чора кўрилиши шарт», — дея қўшимча қилди у.