Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни «Тошкент-Шарқий» аэропорти қурилишини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайта қурилаётган «Тошкент-Шарқий» аэропортида дастлаб 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги қурилган. Бу орқали у энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди, деб таъкидланади хабарда. Айни пайтда юқори мартабали меҳмонлар ҳамда бизнес-авиация учун 2 та терминал, перрон ва ангарлар қурилмоқда.

президент, тошкент-шарқий аэропорти

Бундан ташқари, аэропорт ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш-қўнишни таъминловчи ICAO III-А тоифасидаги замонавий радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади.

Шу ерда президентга терминалларнинг ташқи ва ички кўриниши бўйича тақдимот ўтказилди. Давлат раҳбари биноларнинг фасад қисми миллий дизайнда бўлиши, пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ рангларга кўпроқ ўрин берилишига аҳамият қаратди. Юқори мартабали меҳмонларни кутиб олиш, учрашувлар ўтказиш учун барча қулайликларни инобатга олиш зарурлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон 24» репортажидан лавҳа«Ўзбекистон 24» репортажидан лавҳа

Хабарда айтилишича, мазкур аэропорт «Янги Ўзбекистон» боғи, Олимпия шаҳарчаси билан ёнма-ён. Ушбу мажмуаларни ва йўл бўйини кўкаламзорлаштириш, гуллар экиб, халқ маданиятини намоён этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

президент, тошкент-шарқий аэропорти

Маълумот учун, лойиҳа президентнинг 2017 йил 30 июндаги қарорига биноан қарийб 7 йил давомида бажариб келинмоқда. Илгари аэродромда жойлашган ҳарбий-транспорт авиацияси бошқа ҳудудга кўчирилганди.

Лойиҳани амалга ошираётган «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2018 йил декабрь ойида унинг биринчи босқичи якунланиши 2020 йилга мўлжалланаётганини маълум қилганди. Бироқ уни бутунлай ишга тушириш вақти ҳақида ҳозиргача маълумот берилмаган.

президент, тошкент-шарқий аэропорти

Ўтган йил июлида Шавкат Мирзиёев қарийб «Тошкент-Шарқий» бизнес авиацияси аэропортига ташриф давомида лойиҳани «жуда жиддий ва танқидий» қайта кўриб чиқиш топшириғини берганди. Ҳудудда яна бир терминал қуриш ва аэровокзал лойиҳасини қайта кўриб чиқиш буюрилганди.

президент, тошкент-шарқий аэропорти

Жараён давомида умумий майдони 693 гектарни ташкил этган «Тошкент-Шарқий» аэропорти 130 гектарга қисқартирилади. Бунинг эвазига уни сақлаб туриш харажатлари камайиши режа қилинмоқда.

«Газета.uz» манбаларига кўра, аэропорт келгуси йилнинг биринчи ярмида очилиши мумкин.