Бразилия Олий суди 30 август куни бутун мамлакат бўйлаб Х (собиқ Twitter) фаолиятини тўхтатиб туришни буюрди. Бунга платформа эгаси, америкалик миллиардер Илон Маскнинг мамлакатда ижтимоий тармоқнинг янги расмий вакилини тайинлашдан бош тортгани сабаб бўлди.

Бразилия қонунчилигига кўра, мамлакатда фаолият юритаётган компаниялар қонуний вакилликка эга бўлиши керак. Х 17 август куни Олий суд судьяси Александре де Мораес фойдаланувчиларни блоклаш бўйича буйруқларни бажармагани учун маҳаллий вакилларини жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилганидан сўнг офисини ёпди, дея тушунтирди CNN. Гап онлайн дезинформация ва нафрат нутқи тарқалишига оид кенг кўламли тергов доирасида бир нечта Х аккаунтларини блокировка қилишни ўз ичига олган Олий суд қарорлари ҳақида бормоқда.

Х «Бразилия ижтимоий тармоқларида, шу жумладан, 2024 йилги муниципал сайловлар пайтида тўлиқ жазосизлик ва қонунсизлик муҳитини яратишга» ҳисса қўшмоқда, деб ёзди де Мораес қарорида компания бир неча бор атайлаб суд қарорларини ҳурмат қилмагани билдириб.

«Экстремистик гуруҳлар ва рақамли кучлар» платформадан «нацистик, расистик, фашистик, нафрат ва антидемократик нутқларни оммавий равишда тарқатиш» учун фойдаланмоқда, дея қўшимча қилди судья.

Де Мораеснинг айтишича, платформа барча талабларга жавоб бермагунча Бразилияда блокланганича қолади. Суд Бразилия аҳолиси ва компанияларига VPN орқали Х’дан фойдаланганлик учун кунига 50 минг реал (8 900 доллар) миқдорида жарима белгилади.

Суд қарори эълон қилинганидан сўнг Маск де Мораесни танқид қилиб, уни мамлакатда сўз эркинлигини бўғишда айблади. «Сўз эркинлиги — демократиянинг асоси, Бразилияда эса сайланмаган псевдосудья уни сиёсий мақсадлар йўлида йўқ қилмоқда», — деб ёзди у.

Бундан ташқари, Бразилия Олий суди Х билан боғлиқ ҳуқуқий низолар доирасида қўйилган жарималар тўланишини таъминлаш учун Маскка тегишли бўлган Starlink интернет провайдерининг банк ҳисобларини блокировка қилишни буюрди.

Starlink дастлаб суднинг Х’га киришни чеклаш ҳақидаги қарорига риоя қилмаслигини айтди, бироқ кейинчалик «йўналишни ўзгартирди» ва ижтимоий тармоқни блоклашга рози бўлди, деб ёзади Financial Times.

Нашрнинг қайд этишича, Х тақиқи Бразилия жамоатчилигида турли реакцияларга сабаб бўлди. Ўнг сиёсатчилар де Мораеснинг қарорини қоралаб, уни «автократ» деб атаган бўлса, сўл сиёсатчилар, жумладан, Бразилия президенти Лула да Сильва тақиқни Бразилия суверенитетини таъминлашдаги муҳим қадам сифатида қўллаб-қувватлади.

«Бразилия адлия тизими, эҳтимол, дунё Маскнинг бой бўлгани учунгина хоҳлаганини қилишига рухсат берадиган ўта ўнг ёндашувини қабул қилиши шарт эмаслиги ҳақида муҳим сигнал юборди», — деди Лула.