Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 4 сентябрь куни етти нафар собиқ талаба шикоятидан сўнг Central Asian University (собиқ Akfa университети) устидан иш очганини маълум қилганди. Университет ҳолатга муносабат билдирди.

Қўмита хабарида айтилишича, 2022 йил январь ойида университетда 2022/2023 ўқув йили учун, жумладан, Тижорат ҳуқуқи йўналиши бўйича талабаларни қабул қилиш бўйича эълон берилган. Шу билан бирга, қўмита маълумотларига кўра, мазкур соҳа университетга берилган нодавлат таълим хизматлари соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга киритилмаган.

Шунга қарамай, 12,5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача бўлган контракт тўлаган ҳолда талабалар ўқишга қабул қилинган. Мурожаат қилган 7 нафар талаба учун жами маблағ 167,5 миллион сўмни ташкил этади.

2023 йил август ойида талабаларга Тижорат ҳуқуқи йўналишида ўқитиш учун лицензия берилмагани сабабли кейинги 2023−2024 ўқув йилини вақтинчалик гибрид шаклда давом эттириш ёки Халқаро бизнес таълим йўналишида ўқиш таклиф қилинган.

Аксарият талабалар бу таклифни рад этган ва айримлари бошқа таълим йўналишида ўқишга рози бўлган. Бироқ университет бугунги кунга қадар контракт пулини қайтаргани йўқ, деди қўмита. Университетга кўрсатилган етти нафар талаба ва бошқа талабаларнинг сўровларини қайта ҳисоблаб чиқиш буюрилганди.

5 сентябрь куни Марказий Осиё университети жорий вазиятни тушунтириб баёнот эълон қилди.

Хабарда айтилишича, ростдан ҳам 2022/2023 ўқув йилида мазкур университет таълим фаолиятининг ушбу тури учун тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда, Тижорат ҳуқуқи факультетига абитуриентлар қабул қилган.

«Ушбу ҳолат аниқланиши биланоқ университет маъмурияти томонидан талабалар ва уларнинг ота-оналари зудлик билан хабардор қилинганлар. Хоҳиш билдирган талабаларга университетнинг бошқа йўналишида ўқишни давом эттириш таклиф этилди, шунингдек, ўқишни давом эттиришдан воз кечган шахсларга тўланган маблағларни қайтариш чоралари кўрилди. Ўқишни давом эттиришни танлаган талабалар пул маблағларини қайтариб олишмади, чунки уларнинг таълимни давом эттириш ҳуқуқи университет томонидан тан олинган ва улар бошқа йўналишда ўқишни давом эттирмоқдалар», — дейилади хабарда.

«Бугунги кунга қадар университетга мурожаат қилган 20 нафардан ортиқ талабага пул маблағлари қайтарилди. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан бир неча талабанинг шикоятлари бўйича кўриб чиқилган масалага тўхталадиган бўлсак, улардан пул маблағларини қайтариш бўйича сўровлар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз. Акс ҳолда, уларга белгиланган ички тартиб-қоидаларга мувофиқ тўловлар амалга оширилган бўлар эди», — дейилади университетда.

Марказий Осиё университети Рақобат қўмитаси қарорини ижро учун дарҳол қабул қилгани ва собиқ талабалар пулларини қайтариб олаётгани ҳақида хабар берди.

«Central Asian University қонун доирасида тўлиқ шаффофлик ва профессионаллик билан фаолият юритади, шунингдек, ўз фаолиятида йўл қўйилган қонунбузарликлар учун ҳар доим жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр», — дея таъкидлаган университет талабаларни ҳар қандай зиддият, ноаниқликлар ва қонун бузилишлари юзасидан университетнинг ўзига мурожаат қилишга чақирди.