5 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод тумани суди собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги собиқ раҳбари Ҳусниддин Каримовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Қўшма иш бўйича жами 50 нафар шахс айбланмоқда, улардан 29 нафари қамоққа олинган, қолган 21 нафарига нисбатан гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айблов эълон қилинган:

  • 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 168 (Фирибгарлик);
  • 184 (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
  • 185−2 (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш);
  • 189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);
  • 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
  • 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
  • 28,209 (Жиноят иштирокчиларининг турлари, Мансаб сохтакорлиги);
  • 209 (Мансаб сохтакорлиги);
  • 211 (Пора бериш);
  • 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш);
  • 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш).

азиз воитов, ҳусниддин каримов

Daryo’нинг хабар беришича, адвокатлардан бири Темур Раҳматов маълум бир нашр Азиз Воитовнинг иши аллақачон судда кўриб чиқилгани ва у 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида нотўғри маълумот тарқатганини маълум қилган.

Судья Сардор Содиқов журналистлар ва адвокатларга мурожаат қилиб, жараённинг шаффофлигини таъминлаш зарурлигини, бироқ судланувчиларнинг ҳуқуқлари бузилмаслиги кераклигини айтди. Журналистлар суд жараёнини ёритишда айбсизлик презумпциясига амал қилиши шарт, деди у.

Яна бир адвокатнинг айтишича, судда қатнашаётган журналистлар «хорижликлар агенти» бўлиши мумкин ва «уларга судни ёритишни тақиқлаш керак». Судья суд мажлисига ОАВ вакиллари ҳужжатлар асосида киритилгани ва улар қайси нашрлардан эканини билишини қайд этди.

Айбланувчилардан бири ОАВни «кўришга кўзи йўқлигини», чунки «собиқ вазир масаласига оид ишлар интернетда ёзилганидан сўнг уни ҳам қамаб қўйишганини» айтди. «Етти ой олдин тергов бошланган пайтда қаерда эдингиз?» — деди у.

Унга ОАВ тергов жараёнига халал бермаслиги ва тергов якунланмагунча бу ҳақда ёзиш мумкин эмаслиги тушунтирилди.

Навбатдаги йиғилиш 6 сентябрь куни соат 15:00 да Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди биносида бўлиб ўтади, унда адвокатлар ва судланувчиларнинг ОАВ вакилларининг жараёнда иштирок этиши ҳақидаги илтимосномалари кўриб чиқилади. Шундан сўнг судья журналистларга фото, видео ва аудиоматериаллар олишга рухсат бериш ёки йўқлигини ҳал қилади.

азиз воитов, ҳусниддин каримов

Эслатиб ўтамиз, собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов 2023 йил декабрида қамоққа олинган эди. Октябрь ойи охирида ишдан бўшатилганидан кейин Ҳисоб палатаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида текширув ўтказган.

Воитов 2022 йил августидан 2023 йил октябрига қадар қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган (унинг ўрнини Иброҳим Абдураҳмонов эгаллаган). Бунгача, 2020 йилнинг март ойидан бошлаб у инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.