Андижон туманида Damas ҳайдовчиси 32 нафар болани боғчага олиб кетаётганда тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ЙҲХБнинг «Газетa.uz»га маълум қилишича, воқеа 4 сентябрь куни туманнинг Катта гузар маҳалласида юз берган. Ҳайдовчи болаларни тўплаб, 3 км наридаги оилавий боғчага олиб кетаётган бўлган, машина ойнасида «Болалар» ёзуви акс этган.

damas, болалар

«Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 26-боби (Одам ташиш) 159-бандида кўрсатилган қоидабузарлик (Одам сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлганда) учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Келгусида бу ҳолатни қайта содир этмаслиги учун профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди», — дейди вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати бўлим бошлиғи Абдумажид Раимжонов.

Аниқлик киритилишича, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилмаган. Ҳайдовчига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ — 375 минг сўм)нинг иккидан бир қисми миқдорида (187,5 минг сўм) жарима белгиланган.

damas, болалар

Бошқа ҳолатлар

Ёш болаларни, баъзан катталарни ҳам машиналарда, кўп ҳолларда Damas машинасида белгиланганидан ортиқ миқдорда ташиш кузатилиб туради. Жумладан, Бухорода Spark`да 25 нафар бола, Наманганда Damas`да 25 нафар боғча боласи, Фарғонада Damas`да 28 нафар боғча боласи, Самарқандда Damas автомобилида 18 нафар йўловчи — катталар ва болалар, Сурхондарёда эса Damas автомашинасида 25 бола ташилгани аниқланган.

Шу йилнинг апрель ойида ҳам Қарши шаҳрида Damas 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган.