Ўзбекистонда маиший техника ишлаб чиқариш асосан ички бозорда сотиш ҳисобига ривожланмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

2023 йилда ишлаб чиқарилган маиший техниканинг 70 фоизи ички бозорда сотилган.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ташқи бозорда кўплаб тариф ва нотариф тўсиқлар мавжуд, лекин экспорт бозорларида йирик узелли йиғиш асосида ишлаб чиқариш қилиб, уларга бутловчи қисм ва ярим тайёр маҳсулотни ортиқча йиғимларсиз етказиб бериш мумкин.

Йирик узелли йиғиш автомобилларни йиғиш технологияси бўлиб, бунда йиғиш жойига ишлаб чиқарувчи заводдан тўлиқ тайёр бутловчи қисмлар кўпинча йирик узеллар шаклида етказиб берилади.

Шавкат Мирзиёев бундан буён қўшни бозорларни технологиялар, малакали мутахассислар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш, Ўзбекистонни минтақавий электротехника марказига айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Президент қўшни бозорларда миллий бренд остида камида 15 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтган етти йилда соҳага йўналтирилган инвестисиялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, бунинг натижасида 762 янги корхона ишга туширилиб, 45 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш 1,8 баробар, даромади 100 миллиард сўмдан ортиқ бўлган корхоналар сони 6 тадан 25 тага, бу борадаги солиқ тушумлари ҳажми эса 8 баробар ошди.

Ўзбекистондан электр жиҳозлари экспорти 1 миллиард долларга етиб, саноат соҳасида тўқимачиликдан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Президент мамлакатда смарт карта, генератор, телекоммуникация воситаси, офис техникаси каби яна бир қатор электротехника маҳсулотларини чиқариш имконияти борлигини таъкидлади.

У минтақавий бозорнинг 5 миллиард долларлик салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини айтди.

Ҳамма давлатлар ички бозорининг ҳимоясига қаттиқ киришган шароитда ягона йўлимиз — сифатни таъминлаш ва таннархни тушириш орқали маҳсулотимиз рақобатдошлигини оширишдир, деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳозир электротехника экспортининг тўртдан бир қисмини мис сим каби паст қўшилган қийматли товарлар ташкил этади. Кабелларнинг 80 фоизи қурилишда ишлатилади, фақат 4 та завод автомобилсозлик учун кабель ишлаб чиқаради.

Шу муносабат билан бундан буён электротехника соҳасидаги технопарклар ёндош йўналишлардаги корхоналар билан саноат кооперацияси асосида ривожлантирилиши белгиланди. Бунинг учун Оҳангарон, Фарғона, Қарши ва Урганч шаҳарларидаги технопаркларда композит материаллар, металл ва пластмассага ишлов бериш, қолиплар ишлаб чиқариш, қадоқлаш каби ёндош соҳа корхоналарига 10 гектаргача жой ажратилади.

Янги корхоналар «саноат ипотекаси» асосида тайёр биноларни, шунингдек, мулк ва фойда солиғи бўйича имтиёзлар олишлари мумкин бўлади.

Йил охиригача мисни чуқур қайта ишлаш ҳажмини 60 фоизга, 2025 йилда эса 75 фоизга етказиш, қўшимча қийматни 1 тонна мисдан 1000 долларга етказиш бўйича топшириқ берилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 февралдан музлаткичлар, радиаторлар, чангюткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва бошқа жиҳозларни Ўзбекистонга олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерлари талаб қилинади. Шу билан бирга, улар сервис ҳам кўрсатишлари керак.

Polaris Technologies, Quality Device, Future Industry Systems, Quality Electronics, Techno Continental, Next Generation Product (баъзи корхоналар тугатилган ва бошқа ном остида очилган, аммо уларнинг таъсисчилари Artel Electronics), Biss Electronics System (Қаршида S Smart телевизорлари ишлаб чиқаради), Sam-Ferri (Femas бренди остида маиший техника, музлаткичлар ва Kleo совитиш ускуналари ва бошқалар ишлаб чиқаради) ва бошқаларни ўз ичига олган Ўзбекистондаги 31 та маиший электр маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари «Ўзэлтехсаноат» сайтида ассоциация аъзолари сифатида кўрсатилган.