Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида давлат бюджети даромадларида билвосита солиқлар улуши камайганини тушунтирди.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 18,7 триллион ёки 18,3 фоизга ўсиб, 121 триллион сўмга етганини маълум қилганди.

Давлат бюджети даромадларида бевосита солиқлар (айланмадан олинадиган солиқлар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад ва фойда солиқлар) улуши 33,3 фоиз — 40,3 триллион сўмни, бевосита солиқлар (божхона тўловлари, акциз солиғи ва ҚҚС) 33,1 фоиз ёки 40 триллион сўмни, ресурс солиқлари — 14,2 фоиз ёки 17,2 триллион сўмни, бошқа даромадлар — 19,5 фоиз ёки 23,5 триллион сўмни ташкил этди.

Давлат бюджети харажатлари 16 фоизга ошиб, 149,8 триллион сўмни ташкил этди.

Депутат Фахриддин Самадов билвосита солиқлар улуши 3 фоизга, ресурс солиқларининг улуши 1,4 фоизга камайганини таъкидлади. У нега билвосита солиқлар улуши камайгани ва бу камайиш қайси манбалар ҳисобидан содир бўлганини сўради.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг маълум қилишича, солиқ органлари томонидан 85,8 триллион сўм солиқ тушуми таъминланган, бу 2023 йилнинг январь-июнь ойларига нисбатан 12,5 фоизга кўп. Унинг аниқлик киритишича, билвосита солиқлар улуши ҚҚС ва акциз солиғи ҳисобига 22,8 фоиздан 21,4 фоизга (-1,4 фоиз) камайган.

Солиқ органлари 17,8 триллион сўм (+12,3 фоиз) ҚҚС тушумини таъминлаган. Ўтган йилга нисбатан ҚҚС қайтариш суммаси 40 фоизга ошиб, 14 триллион сўмни ташкил этди, деди у.

«2024 йил биринчи яримйиллигида 1000 куб метр газни 160 доллардан импорт қиляпмиз ёки 2 миллион сўмдан. Ва 240 сўм божхонада тўланяпти. Ва аҳоли ва ташкилотларга биз бугунги кунда буни 480 минг сўмдан то 1,5 миллион сўмгача сотяпмиз. 60 минг сўмдан [ҚҚС] ҳар 1000 куб метрга қайтариб беряпмиз», — деди у.

Мубин Мирзаевнинг айтишича, биргина 2024 йилнинг биринчи ярмида табиий газни харид қилиш ва сотиш функцияларини марказлашган ҳолда амалга оширувчи UzGasTrade компанияси ушбу суммани «ундириш ўрнига» 1 триллион сўмга ҚҚС қайтарган.

Шунингдек, солиқ органлари томонидан бюджетга 8 триллион сўмга акциз солиғи ундирилган, унинг улуши 0,2 фоизга камайган.

«Биринчи навбатда, мана шу табиий газдан 1,4 триллион сўм тушумлар тушмаслиги сабаб бўлди… 2023 йилнинг олти ойида агар бизда 2,3 миллиард куб метр газ импорт қилинган бўлса, 2024 йилнинг биринчи ярмида 5,2 миллиард куб метр газ импорт қилинди ва деярли 2,2 баробар ошди. Ва шунинг ҳисобига биз 1,3 триллион сўмлик акциз солиғини олмадик», — деди у. Президент қарорига кўра, газ импорти учун ноль акциз ставкаси белгиланган, деб эслатди СҚ раҳбарияти вакили.

Ўзбекистонда биринчи яримйилликда газ қазиб олиш ҳажми 13,7 миллиард куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 1,4 миллиард куб метрга кам. Оқибатда бюджетга ҳам 104 миллиард сўм акциз тушумлари йўқотилди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, биринчи яримйилликда Ўзбекистонга газ импорти 809 млн доллардан ошди, бу 2023 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 4 баробар кўп.

2023 йил октябрь ойидан Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импорт қила бошлаганди. РФдан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини модернизация қилишга 500 миллион доллар сармоя киритиш режалаштирилаётгани маълум қилинган.

Биринчи чоракда газ сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги фарқни қоплаш учун давлат бюджетидан 8,1 трлн сўм субсидия ажратилди. Бу бутун 2024 йил учун режалаштирилган субсидиялар умумий ҳажмининг 85 фоизини ташкил этади.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилганди.