Санкт-Петербург шаҳридан ота-она қарамоғисиз қолган 14 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида хабар бергандик. Улар орасида туғилганидан бери даволанаётган 7 ойлик қиз ҳам бор эди, дея хабар берди болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизмати.

Қайд этилишича, болалар омбудсманига Бухоро вилоятида яшовчи М.Т. (аёл) мурожаат қилган. Ўз мурожаатида М.Т. ва турмуш ўртоғи О.Н. Россия Федерациясида бўлиш муддати тугаганлиги сабабли 2024 йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлгани, аммо 3 ойлик фарзанди М.З. (2024 йилнинг 25 январда туғилган қиз бола) Санкт-Петербург шаҳридаги болалар шифохонасида ота-она ғамхўрлигисиз ёлғиз қолганини билдирган.

Шунингдек, ҳозирда даволаш жараёни тугаган бўлсада, аёл фарзандини Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдириб, болани Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, М.Т.нинг фарзанди туғилиш вақтидан аввал ва жуда кичик вазнда бир неча юрак касалликлари билан туғилиб, шу сабабдан туғилганидан бери Санкт-Петербургдаги мазкур муассасада шифокорлар назорати остида бўлган ва даволаш жараёнида юрагида операция қилинган.

Шу билан бирга, касалхона маъмурияти билдиришича, боланинг 8 ой давомида даволаниши муолажалари ва операция учун ота-она томонидан тўлов амалга оширилмаган. Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси қизалоқни даволаниши учун касалхонага тўланиши жоиз бўлган маблағнинг бир қисмини тўплаган бўлсада, зарур маблағни тўплашга ҳали анча вақт керак бўлиши мумкинлиги айтилган. Лекин, бундай мураккаб вазиятга ҳам ечим топилиб, боланинг шифохонада тиббий муолажалари учун тўлов қисқа фурсатда Ўзбекистон йирик тадбиркорларидан бўлган ҳомий томонидан тўлаб берилган.

Болалар омбудсмани Санкт-Петербургдаги қизалоқни Ўзбекистонга тез фурсатда қайтарилиши юзасидан зарур чоралар кўриш учун ТИВ ва ИИВга сўров киритди.

Шунингдек, даволанишдан кейин бола ҳали тўлиқ тикланмагани ва авиақатнов пайтида соғлиғида муаммоларни олдини олиш мақсадида болалар омбудсмани Соғлиқни сақлаш вазирлигига болани Ўзбекистонга олиб келишда махсус шифокор ҳамроҳлик қилишида амалий кўмак берилишига оид сўров юборган ҳамда мазкур жараён юзасидан кузатув олиб бориб, боланинг оиласи билан доимий алоқада бўлган.

1 сентябрь куни, Санкт-Петербург шаҳридан ватанга қайтарилган 14 нафар бола қаторида М.З. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва шифокорлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди ва ота-онасига топширилди. Эндиликда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан боланинг соғлиғини сақлашга ва оилага ижтимоий кўмак кўрсатишга оид чоралар кўрилиши маълум қилинди.