Президент 30 август куни «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Қонунчилик палатаси депутатлари 27 август кунги мажлисда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиққани ҳақида ёзгандик.

Фахрий унвон «бизнеснинг янги, юқори даромадли йўналишларини йўлга қўйган, соҳага инновацияларни кенг жорий қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш орқали мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, ўз фаолияти давомида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириб, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган, бизнес юритишда катта тажрибага эга, илғор ва ташаббускор» тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва таъсисчиларига берилади.

У 30 мм диаметрли ва кумушдан ясалган доира шаклида бўлади.

Унвоннинг олд томонида ўртада Ўзбекистон харитаси ва қуёш нурлари фонида «тадбиркорлик жадал ривожланиши ва унинг мамлакат тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасини» ифодаловчи иқтисодий ўсиш белгиси ва тангалар тасвирланган.

Медалнинг пастки ўнг қисмида дафна новдаси, юқори қисмида эса «Хизмат курсатган тадбиркор» ёзуви жойлашган.

Ўзбекистонда ҳозирда турли касб вакиллари: фан, маданият, санъатда хизмат кўрсатган арбоблар, меъморлар, қурувчилар, саноат ходимлари, пиллакорлар, пахтакорлар, чорвадорлар, спортчилар ва мураббийлар учун 35 дан ортиқ фахрий унвон мавжуд.

31 август куни мазкур унвоннинг илк эгаси Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги «Гулчи опа томорқа хизмати» кластери раҳбари Нориева Шарофат Эргашевна бўлди.