Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғурта механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар қилди.

Тақдимотда давлат тиббий суғуртаси тизимини 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш таклиф этилди.

Бунинг учун 2024 йил якунига қадар «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари жорий қилинади. Тиббиёт ходимлари улардан фойдаланиш бўйича ўқитилади. Муассасалар зарур техника ва тармоқ қурилмалари билан жиҳозланади.

«Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, тиббиётда натижага асосланган молиялаштириш усуллари татбиқ қилинади. Суғурта доирасида тиббий хизматларни кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади, аҳолидан қўшимча тўлов ундирилмайди», — дейилади хабарда.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини бошқа ҳудудларда 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, тиббий суғурта доирасида:

  • давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
  • беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
  • аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.

Тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ҳаракатлар

Президентнинг 2017 йил апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакатда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тегишли қонунни ишлаб чиқиш режалари муҳокама қилинганди.

Президентнинг 2018 йилдаги қарори билан 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилганди.

Давлат раҳбари 2020 йилнинг ноябрь ойида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Айни шу ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилган.

2022 йил декабрь ойида президент ўз мурожаатномасида давлат тиббий суғуртасига ўтиш жараёни жадаллаштирилишини ва у 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилишини таъкидлаганди.

Йил бошида бу сана 1 июль деб эълон қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги июль ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишни маълум қилган. Шу мақсадда тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Президентнинг сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда тиббий суғуртани жорий этишни якунлаш муддати 2026 йил охири этиб белгиланди. Давлат тиббий суғурта жамғармаси 2024 йилдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади, 2027 йилдан эса мустақил жамғармага айланади.