Қозоғистон Конституциявий суди маҳаллий аҳолининг тинч йиғилишларни ўтказишга чекловларнинг Конституцияга мувофиқлигини текширишни сўраб қилган мурожаатини иш юритувига қабул қилди, деб хабар бермоқда Zakon.kz.

Хусусан, суд «Тинч йиғилишларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қонуннинг икки моддасининг учта кичик бандини текширади. Уларга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият идоралари тинч йиғилишларни ўтказишни рад этиши мумкин, агар режалаштирилган вақт ва жойда бошқа тадбирлар режалаштирилган бўлса ёки қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган бўлса. Бундай ҳолларда ҳокимият «фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамоат хавфсизлигини, шунингдек, транспортнинг узлуксиз ишлаши ва инфратузилма объектларининг хавфсизлигини таъминлаш» учун ташкилотчиларга йиғилишни ўтказиш жойи ёки вақтини ўзгартиришни таклиф қилиши мумкин.

BES.media Қозоғистонда митинглар ўтказиш «мураккаб масала» эканини, ҳокимликлар эса «кўпинча тинч йиғилишлар ташкилотчиларига, айниқса, мавзу ҳукуматга ёқмаса, рад жавобини беришини» таъкидлади. Нашрнинг тушунтиришича, рад этиш учун турли сабаблар, жумладан, ҳозирда Конституциявий судда муҳокама қилинаётган сабаблар келтирилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 2020 йил май ойида Тинч йиғилишлар тўғрисидаги қонунни имзолаганди — у 1995 йилдаги қонунни ўзгартирган. Ҳужжатга кўра, мамлакат мегаполисларида тинч митинглар ва йиғилишлар ўтказиш мумкин бўлган камида учта жой белгиланиши керак. Қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, аввалги рад этиш амалиёти сақланиб қолган бўлса ҳам, митингларни ўтказишнинг рухсат бериш тартиби хабардор қилиш тартибига ўзгартирилган.