Қашқадарёда 2 та пахта тўқимачилик кластери томонидан 3 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинганлиги аниқланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Қайд этилишича, қўмита томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилган.
Хусусан, мониторинг кузатувлари давомида Қашқадарё вилоятида «Чироқчи-кластер» МЧЖ ва «Китоб ип йигирув» АЖлар томонидан қуйидаги қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган:
- умумий 8 минг 310 тонна маҳсулотни биржа савдоларига чиқармасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган;
- жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага маҳсулот қўйилмаган ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйилган;
- маҳсулотлар бўйича жадвалларни белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилмаган;
- биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар.
Бунинг натижасида корхоналар жами 3,2 млрд сўм асоссиз даромад олган.
Мазкур ҳолатлар бўйича кластерларга нисбатан қўмита томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилган. Ортиқча олинган маблағни ихтиёрий равишда қайтариш ва қонун бузилишини бартараф этиш мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.