Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конидаги қудуқда 1 сентябрь куни бошланган водород сульфид чиқиши давом этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли «Газета.uz»га маълум қилди, улар воқеа жойидан видеоёзувлар ҳам юборди.

Бойсун шаҳри яқинидаги Сарғиёз қишлоғи аҳолисидан бирининг айтишича, Энергетика вазирлиги техноген деб номлаётган вазият шаҳарнинг газ-кимё мажмуаси ишчилари яшайдиган Кафрун қишлоғи (Бойсун шаҳридан 15−16 км) яқинидаги қудуқда содир бўлган.

«Биз Сарғиёз қишлоғида водород сульфиднинг ҳидини 1 сентябрь куни сизиб чиқиш бошланган вақтда ҳис қилишни бошладик. Бугунги кунда ҳам газ чиқмоқда… Ҳиди ҳар доим ҳам бўлмайди, шамолга қараб. Кечқурунлари ҳид узоқроқ давом этмоқда, эрталаблари камроқ. Бош оғриғи пайдо бўлди. Айрим одамлар ниқоб кийишни бошлади. Кўпчилик вақтинча Термизга қариндошлариникига кетди, менинг қариндошларим ҳам. Сигир боқишим кераклиги учун уйда ёлғиз қолдим», — дейди у.

Эркакнинг сўзларига кўра, Кафрун қишлоғининг барча аҳолиси Бойсунга эвакуация қилинган.

Ишчилар Кафрун қишлоғидан олиб кетилмоқда. 2 сентябрь, водород сульфид сизиши бошланган куннинг эртаси. Фото: «Gazeta.uz».Ишчилар Кафрун қишлоғидан олиб кетилмоқда. 2 сентябрь, водород сульфид сизиши бошланган куннинг эртаси. Фото: «Gazeta.uz».

«Улар мактаб ва коллежларга жойлашди. Кафрун ишчилари ҳам қўйиб юборилди, шу ерда ишлаётган Ҳиндистон ва Покистон фуқаролари ҳам кўчирилди. Бу ердан автобуслар, автомашиналар ва авария ускуналари ўтмоқда. Ҳарбийлар катта „Алпомиш“ стадионимизга етиб келди, чодирлар қурди, у ерда катта армия бор», — деди у.

Бошқа ўқувчи томонидан юборилган кадрларда юк машиналари ишчиларни, шу жумладан, хорижликларни олиб кетаётганини кўриш мумкин.

Эркакнинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳолидан интернетда воқеа ҳақида маълумот, фото ва видеолар тарқатмаслик сўралмоқда ва муаммони ҳал қилишга ваъда берилмоқда.

Маҳаллий аҳоли Kun.uz мухбирига ҳам Бойсундаги ёқимсиз ҳид ҳақида маълумот берди.

«Шаҳарни ёқимсиз, аччиқ бадбўй ҳид қоплаган. Нафас олиш қийинлашган. Кўп одамлар ўзларида ланжлик ва бош оғриғини ҳис қиляпти», — деди нашр суҳбатдошларидан бири.

Бошқа бир фуқаро водород сульфиднинг ҳидини чириган тухум ҳидига қиёслади, бу одамларнинг бошини оғритиб, кўнглини айнитмоқда ва томоғини безовта қилмоқда.

«Ўғирлик бўлмаслиги учун ҳар бир кўчада милиция турибди»

Сурхондарёлик журналист Аброр Қурбонмуратовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, газ сизиб чиққан дастлабки кунларда тиббиёт муассасаларига ростдан ҳам қусаётган ва ўзини ёмон ҳис қилаётган беморлар қабул қилинган. Уларга тез фурсатда жавоб берилган.

«Умуман ҳолатда ҳозирги кунда ундай нарса йўқ. Ўша қишлоқда бор газ ҳозирча, ҳиди сезилиб туради… Ҳар бир кўчада милиция турибди, нега турибди, чунки — ҳеч ким йўқ уйларда, шунга ўғирликлар бўлмаслиги учун милиция қўйган ҳамма кўчага», — деди у.

Журналист одамлардан нима бўлаётганини фото ёки видеога олмаслик сўралганини тасдиқлади.

Ҳукумат Бойсун ва қишлоқлар ўртасида қўшимча автобус қатновини йўлга қўйган.

«Одамлар вақтинчалик меҳмон сифатида мактабларда, лагерларда туряпти. Озиқ-овқат билан муаммо бор, пул билан боғлиқ муаммолар бор… Одамлар уйига қўйилгани йўқ ҳали ҳам, чунки ҳали бартараф этилгани йўқ. Қачон бартараф этилишини ҳам билмайди кўпчилик», — дейди у.

Сизиб чиқиш ҳақида

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2 сентябрга ўтар кечаси 1 сентябрь куни соат 15:17 да «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конининг 604-қудуғида бурғилаш ишлари олиб борилаётганда технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши кузатилганини маълум қилганди. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

surhan gas chemical operating company, бойсун, водород сульфиди сизиб чиқиши, м-25, сурхондарё вилояти

2 сентябрь куни Президент топшириғига кўра, воқеа жойига бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов етиб борди. Суратда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровни ҳам кўриш мумкин. Ҳозир бўлганларнинг аксарияти ниқобсиз ёки ҳимоя воситаларисиз эди.

Соат 17:30 да «Газета.uz» Бойсун тумани тез тиббий ёрдам шифохонаси маъмурияти билан боғланиб, заводнинг икки ишчиси касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар топди.

«Кеча объектнинг икки ишчиси нафас олиши қийинлашган ҳолда касалхонага ётқизилган. Уларнинг аҳволи қониқарли, барқарор. Улар шифокорлар назоратида. Бу ерга Термиздан ҳам шифокорлар келди… Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ», — дейилади тиббиёт муассасаси берган хабарда.

«Газета.uz» Сурхондарё вилояти ҳокимлигига эвакуация қилинганлар сони бўйича сўров юборган, бироқ ҳозирча жавоб олмади. Биз, шунингдек, ФВВ, Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз», Eriell ва Enter Engineering компанияларига ҳам сўровлар юбордик.

Водород сульфид — бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилиятининг йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

М-25 лойиҳаси ҳақида

Surhan Gas Chemical Operating Company заводлари ва бошқа объектлари, шунингдек, Eriell ва Enter Engineering иншоотлари жойлашган ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирлари.

М-25 кони Ўзбекистондаги ҳозирда ўзлаштирилмаган энг йирик газ кони ҳисобланади. Газ захиралари 150 миллиард куб метрдан ортиқ хом газ деб баҳоланмоқда. Газ заҳираларининг асосий қисми карбонат ангидрид ва водород сульфиднинг юқори миқдорига эга.

Кондаги биринчи қудуқ 1975 йилда «Ўзбекнефть» уюшмаси томонидан бурғиланган. Кейинги қирқ тўққиз йил ичида конни ишга туширишнинг имкони бўлмаган, чунки унинг захираларини қазиб олиш қийин, гази юқори олтингугуртга эга ва коннинг ўзи жуда оғир кон-геологик шароити билан ажралиб туради. 2006−2008 йилларда Малайзиянинг Petronas компаниясининг жалб этилиши ҳам ривожланиш босқичига ўтишга имкон бермади.

2017 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати инвесторлар консорциуми — Gas Project Development Central Asia (олдинги «Газпром» ва Газпромбанк қўшма корхонаси), Altmax Holding (Кипр) ва «Ўзнефтгазқазибчиқариш» билан Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш билан «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конини разведка қилиш ва ўзлаштириш билан «Ўзбекистон мустақиллиги» инвестиция блокида маҳсулот тақсимотига оид битим имзолаган.

Бутун мажмуанинг қиймати 5,8 миллиард долларга баҳоланган. Газ-кимё мажмуасининг қиймати 2,9 миллиард долларни ташкил этган (2021 йил апрель ойида лойиҳа 2 миллиард долларга баҳоланган). Мажмуа йилига 5 миллиард куб метр газ қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Лойиҳа 35 йил муддатда Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим шартлари асосида амалга оширилади, оператор — Surhan Gas Chemical Operating Company МЧЖ ХК. Бурғилаш ишларини Eriell компанияси, газни қайта ишлаш заводи, инфратузилма объектлари, газни йиғиш, тайёрлаш ва етказиб бериш тизимини лойиҳалаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва қуриш ишларини «тайёр ҳолда топшириш» шарти билан Enter Engineering компанияси амалга оширади.

ВЭБ.РФ ва «Газпромбанк» 2021 йилда Сурхондарёдаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ кони учун Россия техникасини экспорт қилишга 900 миллион доллар миқдорида кредит ажратган.

2023 йилнинг ноябрь ойи ҳолатига кўра, конни ўзлаштириш учун 1,45 млрд доллар инвестиция киритилди, 20 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланди, 11 та газ қудуғи муваффақиятли синовдан ўтказилди. Пойдевор ишлари ва металл конструкциялар қурилиши деярли якунланган.

Газни қайта ишлаш заводи (ГҚИЗ)да газни қазиб олиш ва қайта ишлашдан ташқари, олтингугуртни гранулалаш ва қотириш қурилмаси ўрнатилган бўлиб, у суюқ олтингугуртни иккита мумкин бўлган конфигурацияда қаттиқ олтингугуртга айлантириш учун мўлжалланган: гранулаланган олтингугурт (сотиш учун) ва сақлаш учун олтингугурт. Ушбу қурилмани ГҚИЗга бевосита туташган алоҳида майдончада жойлаштириш режалаштирилган эди. Ишлаб чиқариш ҳажми йилига 460 минг тоннага баҳоланган.

Лойиҳа технологиясида таъкидланишича, Бойсун газни қайта ишлаш мажмуасининг ўзига хос хусусияти қазиб олинаётган хомашё таркибида кислотали компонентлар — водород сулфид (H2S) ва углерод диоксиди (CO2), маълум шароитларда улар билан алоқа қилувчи пўлат қувурлар ва ускуналар учун жиддий хавф туғдирадиган кучли коррозион фаол аралашмалар мавжуд бўлиб, уларнинг шикастланиши ва бузилиши атроф-муҳитнинг ифлосланиши, маҳсулотнинг йўқотилиши, моддий зарар ва бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» Гонконгдаги Surhan Gas Chemical Operating Company эгаси ҳисобланувчи Surhan Investments Limited компаниясининг 20 фоиз улушига эга. «Газета.uz»нинг етказилган зарар миқдори, лойиҳа қийматидаги эҳтимолий ўзгаришлар ва уни ишга тушириш муддатлари ҳақидаги сўровига жавобан компания маълумотларга эга эмаслигини маълум қилди.

Ўтган йилнинг феврал ойида Surhan Gas Chemical Operating Company шартнома бўйича Surhan Investments Limited’нинг бенефициарлари тадбиркор Бахтиёр Фазилов (Eriell, Enter Engineering, Saneg компаниялари билан боғланган, «Газли» газ омбори ва бошқа кўплаб лойиҳаларнинг асосий бенефициари) ва россиялик бизнесмен Андрей Филатов (Россия шахмат федерацияси президенти ва иккита йирик транспорт ва логистика компанияси эгаси) эканини маълум қилган эди.