Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни «2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, Иқтисодиёт ва молия, Соғлиқни сақлаш, Маданият, Спорт вазирликлари ва Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари билан биргаликда самарасиз фойдаланиб келинаётган республикадаги йирик шифохоналар, маданият ва спорт иншоотларини (шу жумладан, маданият саройлари, стадионлар, концерт заллари, истироҳат боғлари) хатловдан ўтказади.

Шундан сўнг, уларни хусусий секторга ДХШ асосида ўтказиш бўйича ҳукуматга таклиф киритади.

Қарорда самарасиз фойдаланиш деганда аниқ нима назарда тутилгани кўрсатилмаган. «Газета.uz» Молия вазирлиги матбуот хизматидан мазкур матн мазмунига ойдинлик киритишни сўради.

Иқтисодиёт вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Энергетика вазирликлари билан биргаликда уч ой муддатда «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунга ДХШ асосидаги лойиҳалар бўйича давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва бериладиган тасдиқ хатларининг (comfort letter) юқори чегарасини ўрнатишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан ҳукуматга қонун лойиҳасини киритади.

«Сотиб олиш ёки тўлаб бериш» (Take or pay) — бу катта ва доимий харидорлар билан товар етказиб бериш шартномаларида кўпроқ қўлланиладиган шартнома шакли. Бундай шартномаларда харидор товарни ҳақиқий қанча миқдорда сотиб олганидан қатъи назар, унинг ҳақини тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу билан бирга, етказиб берувчи товарни кафолатланган шартлар асосида (белгиланган нархда, келишилган ҳажмда ва ҳ.к.) етказиб бериш мажбуриятини олади. Масалан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўн йиллик муддатга «Сотиб олиш ёки тўлаб бериш» шартлари асосида электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома тузган.

2024−2030 йилларда ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш дастурига киритилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ДХШ жамғармасига келиб тушган маблағларни самарали бошқариш, жумладан, лойиҳаларга консулътантларни жалб қилиш мақсадида Иқтисодиёт вазирлиги тузилмасида «Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ташкил этилмоқда.

Лойиҳа офиси доимий равишда роуд-шоу, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни, ДХШ йўналишида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув семинарларини, уларнинг амалиётини чет элда ўтказиш ҳамда халқаро сертификатлар олишни ташкиллаштиради.

Бундан ташқари, офисга дастур лойиҳаларида маҳаллий контентни кўпайтириш ва лойиҳаларни миллий валютада молиялаштиришни кенгайтириш бўйича ўқув дастурини ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди.

Келгусида, шунингдек, ДХШ лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро молия ташкилотлари ва хорижий тижорат банклари иштирокида тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаларини ташкил қилиш ҳам режа қилинган.

ДХШ лойиҳаларини «дастурий ёндашув» асосида салоҳиятли инвесторлар билан амалга ошириш, бунда хусусий шерик билан асосий шартларни келишиш (рентабеллик даражаси, муддатлар ва амалга ошириш механизмлари)ни кўзда тутувчи янги механизм ишлаб чиқилади.

Худди шу ҳужжатга кўра, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги электр ва газ тақсимлаш тармоқларини хусусий операторлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пулли йўлини қуриш ишларини бошлаш белгиланган.